6 август куни Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида минтақамиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – Марказий Осиё давлат раҳбарларининг учинчи Маслаҳатлашув учрашуви бўлиб ўтди.
Мураккаб пандемия шароитига қарамасдан, Марказий Осиё мамлакатлари президентлари юзма-юз учрашиб, минтақа олдида турган долзарб масалалар юзасидан фикр алмашиш билан бир қаторда, ҳамкорликнинг келажак истиқболлари ҳақида янги ташаббус ва ғояларни илгари суришди.
Маслаҳатлашув учрашуви давомида давлат раҳбарлари минтақамиз барқарорлигини таъминлаш, умумий хавф-хатарларга қарши биргаликда кураш хақида сўз юритишар экан, авваламбор ён қўшнимиз Афғонистонда бўлаётган ички низони тинч йўллар билан ҳал этиш борасида якдил қарашни намойиш этдилар.
Жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев яна бир бор, “минтақамизнинг хавфсиз ва барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан Афғонистондаги вазиятнинг тинч йўллар орқали ҳал этилишига боғлиқлигини” қайд этди.
Дарҳақиқат, Марказий Осиё билан умумий жўғрофий маконда жойлашган, унинг ажралмас қисми бўлган Афғонистонда бугунги кунда тинчлик ўрнатиш йўлида муҳим жараёнлар ўтмоқда.
Қўшни давлатдаги ҳарбий-сиёсий вазиятни ҳисобга олиб, Маслаҳатлашув учрашуви якуни бўйича қабул қилинган Қўшма Баёнотда, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Афғонистонда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашларини билдиришди.
Қолаверса, томонлар афғон жамиятида миллий тинчлик ва ярашувга тез муддатларда эришиш бўйича барча ёрдамни амалга оширишга тайёр эканликларини қайд этишди.
Афғонистонда иқтисодий ҳаётни қайта тикламасдан, тинчликка эришиш мумкин эмаслигини инобатга олган ҳолда, Марказий Осиё давлатлари Афғонистондаги ижтимоий-иқтисодий инфрастуктурани қайта тиклаш, уни жаҳон иқтисодий хўжалигига фаол иштирок этишишига кўмак беришга шайлигини билдиришди.
Қайд этиш лозим бу Марказий Осиё давлатларининг афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган биринчи умумий ёндашуви эмас. 2019 йилда Тошкентда бўлиб ўтган иккинчи Маслаҳатлашув учрашувида минтақа давлатлари етакчилари Афғонистонда тинчликка эришишнинг фундаметал тамойиллари – зўравонликдан воз кечиш, ўқ отишни тўхтатиш, низолашаётган томонларнинг мулоқот ва муросага тайёрлигини намойиш этиши лозимлиги ҳақида умумий позицияни баён қилган эдилар.
Шу билан бирга минтақа давлат раҳбарлари Афғонистонда барқарорликни таъминлаш учун, уни минтақавий савдо-иқтисодий ва инфратузилма лойиҳаларига кенг жалб этиш бўйича кенг кўламли саъй-ҳаракатларни давом эттириш бўйича қатъий иродаларини билдиришган эди.
Юқоридагилар шундан далолат берадики, сўнги йилларда Марказий Осиёда шаклланган мутлақо янги дўстона сиёсий муҳит минтақа давлатларида Афғонистондаги вазиятни ҳал этишга қаратилган, аввал мавжуд бўлмаган якдиллик ва кенг қамровли қарашнинг вужудга келишига сабаб бўлди.
90 йиллардан 2016 йилгача Марказий Осиё давлатлари турли минбарлардан туриб афғон муаммосини ҳал этишга қаратилган ўз ташаббусларини илгари суриб келган. Жумладан, Ўзбекистон 2008 йилда “6+3” мулоқот форматини ташкил этиш ташаббуси билан чиққан, Қозоғистон 2012 йилда Алматада Афғонистонни ҳам ўз ичига олувчи БМТ шафелигида Минтақавий лойиҳаларни мувофиқлаштириш маркази очишни таклиф этган.
Қирғизистон 1998 йилда БМТ шафелигида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича ишчи гуруҳни тузиш ташаббусини эълон қилган бўлса, Тожикистон Россия, Покистон ва Афғонистон ўртасида “тўртлик” мулоқот гуруҳини тузишни таклиф этган. Юқоридаги ташаббусларнинг барчаси Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган бўлсада, уларда минтақанинг умумий овози – умумий ёндашуви бўлмаган.
Сўнги 4 йилда эса минтақада Афғонистон Марказий Осиёнинг ажралмас қисми, ундаги муаммоларни умумий ёндашув билан ҳал этиш мумкин деган мустаҳкам консенсус шаклланди.
Бу нималарда намоён бўлмоқда? Биринчи навбатда Марказий Осиё давлатлари 2018 йил март ойида Тошкентда 25 мамлакат иштирокида ўтказилган Афғонистон бўйича конференция ва унинг якунлари бўйича қабул Декларацияни бир овоздан маъқулладилар. Ушбу воқелик Афғонистонда тинчлик жараёнини бошланишига сабаб бўлиш бир қаторда, минтақада ва глобал миқёсда ушбу давлатда тинчлик ўрнатиш бўйича умумий консенсуснинг пайдо бўлишига олиб келди.
Шу билан бир қаторда 2018 йили БМТ Хавфсизлик Кенгашида Қозоғистон раислиги даврида “Афғонистон ва Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик соҳасида минтақавий ҳамкорликни шакллантириш” номли йиғилиш бўлиб ўтди. Унда БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзолари Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш орқали Афғонистонда тинчлик ва келишувга эришиш лозимлиги тўлиқ қўллаб-қувватладилар.
Қолаверса 2019 йилда Бишкекда ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти давлат раҳбарлари саммитида Марказий Осиё давлатлари қолган аъзо мамлакатлар билан бир қаторда “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳи ўртасида “Йўл харитаси”ни қабул қилдилар.
Шу йилнинг март ойида Тожикистонда Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган “Осиё юраги – Истанбул жараёни” форматининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 14 давлат, жумладан Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда тинчлик жараёнини қўллаб-қувватлаш бўйича Декларацияни имзоладилар.
Яқинда Тошкентда Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” конференциясида ҳам Марказий Осиё давлатлари якдиллик намойиш этиб икки минтақа ўртасида тарихан шаклланган иқтисодий ҳамкорликни қайта тиклаш, бу жараёнда Афғонистон муҳим ўрин тутишини алоҳида эътироф этишди.
Шу билан бир қаторда Марказий Осиё давлатлари Афғонистонда барқарорликни таъминлашга қаратилган бир қатор халқаро форматларда фаол иштирок этиб келишмоқда. Қолаверса Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, минтақавий иқтисодий жараёнларга кенг жалб этишга кўмаклашиш мақсадида “Ҳиндистон-Марказий Осиё-Афғонистон”, “Европа Иттифоқи-Марказий Осиё-Афғонистон”, “Хитой-Марказий Осиё-Афғонистон” “БМТ-Марказий Осиё-Афғонистон” каби мулоқот майдонларига Афғонистонни фаол жалб этиб келишмоқда.
Иқтисодий жиҳатдан ҳам Афғонистон Марказий Осиёнинг муҳим қисмига айланиб бўлди. Бугунги кунда ушбу давлатнинг умумий савдо айланмасида минтақамиз 25 % улушни ташкил этади. Афғонистонлик минглаб ёшлар Термизда ташкил этилган Афғонистон фуқаролари учун Ўқиш марказида, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон университетларида таълим олмоқдалар. Бу ҳам минтақанинг Афғонистонда тинчлик ўрнатилишига қўшаётган улкан ҳиссасидир.
Қайд этиш лозимки Марказий Осиёда сўнгги йилларда шаклланган ушбу якдиллик биринчи навбатда Афғонистонда узоқ муддатли барқарорликка эришишга муҳим кўмак бўлса, иккинчидан – минтақа муаммоларини ҳал этишда давлатлар бир ёқадан бош чиқараётганликларини англатади. Қолаверса ушбу ягона ёндашув Марказий Осиёнинг жаҳон ҳамжамияти учун афғон муаммосини ҳал этишда ишончли шерик сифатида намоён қилади.
Рустам Хурамов
Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи