Марказий Осиё — жаҳон цивилизациялари чорраҳасида

 

Марказий Осиё — жаҳон цивилизациялари чорраҳасида

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида сўзлаган нутқида бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро анжуманни қадимий Хива шаҳрида ўтказиш тўғрисидаги ташаббусининг аҳамияти хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти етакчи илмий ходими Қахрамон Аллаберганов билан суҳбатлашдик.

- Давлатимиз Раҳбарининг ушбу тарихий ташаббусини Марказий Осиё минтақасининг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини оширишда муҳим стратегик қадамларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Ушбу ғоянинг ғоят долзарблиги борасида ЮНEСКО бош директори Одри Азуле шундай фикр билдирди: “минтақанинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги тарихий вазифаси ва бугунги тараққиётидан келиб чиқиб, Марказий Осиё ҳозирги геосиёсий зиддиятлар шароитида ўзаро мулоқот ва музокара майдонига айланиши мумкин”.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё асрлар давомида тарихий учрашувлар, шунингдек турли хил халқлар, маданиятлар ва динларнинг узаро ҳамоҳангликда маънавий жиҳатдан ривожланиш масканларидан бири бўлиб келган. Минтақанинг “Буюк ипак йўли”нинг марказида жойлашганлиги, ва унда яшовчи халқлар Шарқ ва Ғарб ўртасидаги халқаро савдо, илмий-фан ютуқлари ва маданиятларининг алмашинувини таъминловчи ўзига хос муҳим боғловчи ролини амалга оширган.

Бироқ бу борада Марказий Осиё халқларининг қўшган ҳиссалари ҳали ҳанузгача тўлиқ ўрганилмаган.

Минтақанинг дунё цивилизациясининг тараққиёти ва равнақи йўлида қўшган улкан ҳиссасини оммалаштиришда Ўзбекистон алоҳида ўрин эгаллаб келган. Чунки мамлакатимиз Марказий Осиёнинг географик, маданий-марифий ва тарихий жиҳатдан “юраги” ҳисобланади. Айнан тарихий ўтмиши, ўзаги бир-бирига туташиб кетган умумий маданият ва анъаналари, шунингдек минтақа хавфсизлигини муҳимлигини инобатга олиб Ўзбекистон ўз мустақиллигининг дастлабки йилларидан Марказий Осиёдаги миллий муносабатлар ривожланишида ижобий ролни ўйнаган.

Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги халқларни жипслаштиршга йўналтирилган янги ташқи сиёсатини амалга оширишда маданий ва маърифий-маънавий соҳалардаги фаол ҳамкорликлар муҳим омил ҳисобланади.

Шу ўринда, умумминтақавий устувор манфаатларга асосланган “Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” мавзусида халқаро анжуманни ўтказиш минтақа давлатлари аҳолиси ўртасида якдиллик руҳини кучайтиради ва давлатлар ўртасидаги муносабатларда яхши қўшничиликнинг бардавомлигини таъминлашга ғоят муҳим ҳисса қўшади. Шу билан бир каторда, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари жаҳон цивилизациясига қўшаётган улкан ҳиссаларини қайта эътироф этишга имкон беради.

Қолаверса, халқаро миқёсдаги илм-фан вакилларининг Марказий Осиё халқлари бой илмий ва маданий меросларини ўрганишга бўлган қизиқишларини янада орттиради. Шунингдек, Марказий Осиёнинг маданий ва тарихий меросларини қайта тиклаш ва оммалаштиришда халқаро ҳамжамиятнинг иштирокини янада фаоллаштиришга кўмаклашади.

Мазкур халқаро форумнинг яна бир муҳим жиҳати –Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳри туризм брендини янада ривожланитиришга ва туристик оқимнинг кўпайишига хизмат қилади. Шубҳасиз, давлатимиз Раҳбарининг ушбу тарихий ташаббусини Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдаги амалий қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин.

Манба