Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасидаги ижтимоий-иқтисодий, фан, таълим, маданият ва бошқа муҳим йўналишлар бўйича билдирилган ташаббуслари нафақат мамлакатимиз, балки чет эл ОАВ ва экспертлари ўртасида ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.
Жумладан, 2021 йилда ЮНEСКО билан ҳамкорликда қадимий Хива шаҳрида «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида халқаро анжуманни ўтказиш тўғрисидаги таклиф сиёсатшунос, тарихчи, илм-фан, маданият ва туризм соҳаси вакилларининг диққат марказида турибди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, Давлат Раҳбарининг ушбу тарихий ташаббуси илк бор шу йилнинг сентябрь ойида ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган эди. Ўз ўрнида ЮНEСКО бош директори Одри Азуле ушбу ғоянинг ниҳоятда долзарблигини қайд қилиб, шундай фикр билдирганди: «минтақанинг цивилизациялар чорраҳаси сифатидаги тарихий вазифаси ва бугунги тараққиётидан келиб чиқиб, Марказий Осиё ҳозирги геосиёсий зиддиятлар шароитида ўзаро мулоқот ва музокара майдонига айланиши мумкин».
Шак-шубҳасиз, мазкур ташаббус сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё минтақасида олиб бораётган мутлақо янги ташқи сиёсатининг мантиқий давоми саналиб, минтақанинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини оширишда муҳим стратегик қадамларидан бири сифатида баҳолаш мумкин. Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, Марказий Осиё давлатлари билан дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бу ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши сифатида белгиланган.
Президент Ш.Мирзиёев раҳбарлиги остида Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги халқларни жипслаштиришга йўналтирилган янги ташқи сиёсатини амалга оширишда маданий ва маърифий-маънавий соҳалардаги фаол ҳамкорликлар муҳим омил ҳисобланади.
Бундан кўзланган асосий мақсад – минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантириш ва халқларнинг фаровон ҳаёт кечиришга шароит яратишдир.
Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиё ниҳоятда бой тарихга ва маданий меросга эга бўлган инсоният цивилизациясининг энг қадимий бешикларидан биридир. Минтақанинг «Буюк ипак йўли»нинг марказида жойлашганлиги, ва унда яшовчи халқлар Шарқ ва Ғарб ўртасидаги халқаро савдо, илмий-фан ютуқлари ва маданиятларининг алмашинувини таъминловчи ўзига хос муҳим боғловчи ролини амалга оширган. Минтақанинг бешта мамлакати - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўз тарихи, маданияти ва ижтимоий-сиёсий тараққиётида кўп узвий ўхшашликларга эга бўлиб, тарихан ягона илм-фан ва маданий макон сифатида шаклланган.
Шу ўринда, умумминтақавий устувор манфаатларга асосланган «Марказий Осиё – жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» мавзусида халқаро анжуманни ўтказиш минтақа давлатлари аҳолиси ўртасида якдиллик руҳини кучайтиради ва давлатлар ўртасидаги муносабатларда яхши қўшничиликнинг бардавомлигини таъминлашга ғоят муҳим ҳисса қўшади. Шу билан бир қаторда, Ўзбекистон ва минтақанинг бошқа давлатлари жаҳон цивилизациясига қўшаётган улкан ҳиссаларини қайта эътироф этишга имкон беради.
Қолаверса, халқаро миқёсдаги илм-фан вакилларининг Марказий Осиё халқлари бой илмий ва маданий меросларини ўрганишга бўлган қизиқишларини янада орттиради. Шунингдек, Марказий Осиёнинг маданий ва тарихий меросларини қайта тиклаш ва оммалаштиришда халқаро ҳамжамиятнинг иштирокини янада фаоллаштиришга кўмаклашади. Шу билан бирга мазкур халқаро нуфуздаги тадбир минтақамиз халқларининг маданий тараққиётига қўшган мислсиз ҳиссаси ҳақида кенг қамровли фикр билдириш учун ўзига хос майдон вазифасини ўтайди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, кейинги йилларда юртимизда ташкил этилаётган нуфузли халқаро конференциялар, форумлар, маданий тадбирлар Ўзбекистонни нафақат Марказий Осиёнинг, балки дунёнинг замонавий маданий-маърифий марказларидан бирига айланиб бораётганини англатади.
Мазкур халқаро форумнинг яна бир муҳим жиҳати – Ўзбекистоннинг қадимий Хива шаҳри туризм брендини янада ривожлантиришга ва туристик оқимнинг кўпайишига хизмат қилади. Шубҳасиз, давлатимиз Раҳбарининг ушбу ташаббусини Марказий Осиёни барқарор, иқтисодий ривожланган ва юксак тараққий этган минтақага айлантиришдаги амалий қадамлардан бири сифатида баҳолаш мумкин.
Амир Салямов,
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи
Кейингиси
Ўзбекистоннинг минтақавий сиёсати Марказий Осиёда барқарор ва изчил ривожланишининг муҳим гарови
29 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга навбатдаги мурожаати бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбарининг мурожаати ўзининг долзарблиги ва стратегик аҳамияти билан бугун сиёсий экспертлар орасида катта қизиқиш уйғотмоқда ва қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
29.12.2020