Мустақиллик эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиши, қадр-қимматини англаши, муносиб ҳаёт кечириши, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиши каби кенг имкониятларни яратди. Жумладан, мустақиллик шарофати туфайли юртимизда инсон қадрини юксалтириш ҳамда аҳолининг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш давлатнинг энг устувор вазифасига айланди.
Бу борада айниқса сўнгги йилларда қатор тизимли стратегик ислоҳотлар амалга оширилмоқда:
Биринчидан, юртимизда амалга оширилаётган барча ижобий ўзгаришларнинг асосини “Инсон қадри учун” тамойили ташкил қилмоқда. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституциянинг 1-моддасида ҳам “Ўзбекистон – ижтимоий давлат” эканлиги ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Зеро, “инсон қадри” тушунчаси “ижтимоий давлат” тушунчаси билан чамбарчас боғлиқ бўлиб, ушбу ғоянинг туб негизида аввало инсон қадрини улуғлаш, инсонга хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассамдир.
Иккинчидан, мамлакатимизда “Ўзбeкистон – 2030” стратегияси доирасида “Ёшлар ва бизнeсни қўллаб-қувватлаш йили”да ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, инвестициялар ҳажмини ошириш ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, тадбиркорлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, «яшил» ва рақамли иқтисодиётга ўтиш орқали аҳоли фаровонлигини оширишга катта эътибор қаратилмоқда.
Аҳамиятлиси, бунда мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми бўлган ёшларга улкан имкониятлар яратилмоқда. Жумладан, “Ёш тадбиркор – элга мададкор” тамойили асосида қисқа муддатда ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари ташкил қилиниши, уларда инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши, имтиёзли кредитлар ажратилиши фикримизга мисол бўла олади.
Учинчидан, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ички сиёсатнинг асосий устувор йўналишига айланди. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимизда аввало, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойилни тўла рўёбга чиқариш ҳамда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати, қонуний эҳтиёжлари ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш давлатнинг алоҳида диққат марказида турганини таъкидлаш лозим.
Сўнгги йилларда ушбу йўналишда қарийб 350 та қонун, Ўзбекистон Президентининг кўплаб фармон ва қарорлари, миллий стратегия, концепция ва давлат дастурлари қабул қилинди. Улар орасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси, Барқарор тараққиёт соҳасидаги Миллий мақсад ва вазифалар, Гендер тенгликка эришиш стратегияси, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати концепцияси, БМТнинг «Ёшлар-2030» стратегиясига асосланган давлатнинг ёшлар сиёсатини ривожлантириш концепцияси алоҳида ўрин тутади.
Шу билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг институционал механизмларини мустаҳкамлаш бўйича муҳим чоралар кўрилди. Хусусан, Бизнес-омбудсман, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (омбудсман), Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказ каби инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолияти тубдан такомиллаштирилди.
Тўртинчидан, Янгиланаётган ва Учинчи Ренессансга қадам қўяётган Янги Ўзбекистонни таълим-тарбия, илм-фансиз тасаввур қилиб бўлмайди. Давлатимиз раҳбари 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ва халқимизга йўллаган Мурожаатномасида таълим-тарбия тизими ҳақида сўз юритиб “Янги Ўзбекистон - мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади” деган концептуал ғояни илгари сурган эди.
Мазкур ғоя асосида мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий ҳаракатга айланди, таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга жуда катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда мактабгача таълим бўйича қамров даражасини 27 фоиздан 72 фоизга, олий таълимда эса 9 фоиздан 42 фоизга, олийгоҳлар сони эса 77 тадан 212 тага ортди.
Шунингдек, соҳада ислоҳотларни изчил давом эттириш мақсадида 2026 йилга қадар Тараққиёт стратегияси доирасида мактабгача таълимда қамров даражасини ҳозирги 67 фоиздан 80 фоизга етказиш, 7 мингдан зиёд янги нодавлат МТТларни ташкил этиш, халқ таълими тизимида қўшимча 1,2 миллион ўқувчи ўрнини яратиш, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг бошланғич синф ўқувчилари учун бепул овқатланиш бўйича йўлга қўйилган ижобий амалиётни 2023/2024 ўқув йилидан қолган барча вилоятлар ва Тошкент шаҳри мактабларида ҳам жорий этиш режалаштирилди. Шунингдек, олий таълимда қамров даражасини 50 фоизга, нодавлат ОТМлар сонини камида 50 тага етказиш белгилаб олинди.
Бешинчидан, таъкидлаш лозимки, мустақиллик туфайли мамлакатимиз халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъектига айланди. Бугун Ўзбекистон жаҳон сиёсий майдонида ўз ўрни ва овозига эга. Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ва тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕҲХТ ва ИҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда. Тўла ишонч билан айтиш мумкин, айнан мамлакатимиз Раҳбарининг саъй-ҳаракати туфайли Марказий Осиё минтақаси яхлит организм сифатида қайта кашф этилди ва ривожланмоқда. Минтақа қиёфаси ва имижи тубдан ўзгариб, давлатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликка асосланган мутлақо янги муҳит шаклланди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, Ўзбекистон мустақил давлат сифатида тинчликпарвар, муроса ва ҳамкорликка асосланган сиёсатни амалга ошириб келмоқда. Шу маънода, мамлакатимизнинг мустақиллиги халқимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эркин тафаккур асосида яшаш, миллий ва умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш каби жиҳатларга асосланади. Бу эса, ўз навбатида, бутун халқимизни Янги Ўзбекистонни барпо этишдек олий мақсад йўлида бирлаштириб, янги ютуқ ва марралар сари етаклаши шубҳасиз.
М.Рахимов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими