Истиқлол пойдевори ва тараққиёт кафолати

Бугун мустақил Ватанимиз тарихида туб бурилиш ясаган, муҳим тарихий ҳужжатлардан бири - Мустақиллик декларацияси қабул қилинганига 30 йил тўлди. Ушбу ҳужжат 1990 йил 20 июнда Ўзбекистон ССР Олий Совети томонидан  қабул қилинган эди.

Бу ҳужжатнинг тарихий аҳамияти, энг аввало, мамлакатимизнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши, эркин тафаккур асосида яшаш, фикрлаш, миллий ва умумбашарий қадриятларга таяниб иш кўриш каби жиҳатлар билан изоҳланади. Мустақиллик декларациясида мамлакатимиз ҳудудида асрлар давомида шаклланган давлатчилик, фан-таълим ва маданий тараққиёт борасидаги бой тажриба ва анъаналаримиз ўз аксини топган. Мазкур ҳужжатнинг мураккаб шароитларда қабул қилиниши Ўзбекистоннинг мустақилликка эришиш сари ташланган қатъий ва муҳим қадами бўлди.

Шу маънода, Мустақиллик декларацияси нафақат ҳуқуқий, балки жамият ва давлат ҳаёти ҳамда Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир фуқаронинг бугунги муносиб ҳаётини ва эртанги тақдирини белгилаб берувчи сиёсий ҳужжатдир.

Мустақилликнинг ўтган даври мобайнида мамлакат ички сиёсий тизимида давлат ҳокимияти идоралари фаолияти демократик тартиб-қоида ва анъаналар асосида қайта ташкил қилинди. Хусусан, қонунчилик, ижро ва суд ҳокимиятлари ташкил топди. Мамлакатда сиёсий плюрализмга асосланган кўппартиявийлик тизими шакллантирилди, шунингдек, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти йўлга қўйилди.

Бугун Ўзбекистон халқаро ҳамжамиятнинг тенг ва тўла ҳуқуқли аъзосидир. Ҳозирда Ўзбекистон БМТ, ШҲТ, МДҲ, ЕҲХТ ва ИҲТ каби нуфузли халқаро тузилмалар фаолиятида фаол иштирок этиб келмоқда.

Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий фаолиятидаги энг асосий вазифаси – давлатимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлашдир. Бу борада Ўзбекистон изчил тинчликпарвар сиёсатини юритиб келмоқда. Бундай сиёсат ўзаро очиқ ва конструктив мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилларини ҳамда мамлакатимиз атрофида “фаровонлик камари”ни яратиш ва мустаҳкамлашни ўзида акс эттиради. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Афғонистон билан кенг ва фаол ҳамкорлиги бунга мисол бўла олади.

Тарихан мамлакатимиз жаҳон цивилизациясининг стратегик муҳим нуқтасида жойлашган. Бундай жойлашув асрлар давомида мамлакатимиз халқида бағрикенглик, юксак маънавий қадриятлар, турли миллат ва элатлар тақдирига бефарқ бўлмаслик, аксинча ўзаро ҳамкорликда ривожланиш моделини шакллантирган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва мудофаа соҳаларида мустақилликни мустаҳкамлашга қаратилган қатор ютуқларга эришди.

Бугунги кунда давлатимиз Раҳбари томонидан амалга оширилаётган кенг миқёсдаги ислоҳотлар, янгиланишлар ва ўзгаришларнинг туб мазмун-моҳияти бевосита мамлакат мустақиллигини янада мустаҳкамлашга қаратилган. Сўнгги йилларда мамлакатимизда кузатилаётган ушбу ижобий ўзгаришлар шубҳасиз, Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган ишларнинг мантиқий давомидир. Яна бир муҳим жиҳат, Ўзбекистон бу борада ўзининг замонавий тарихий ривожланишидаги янги босқичга қадам қўйди.

Хусусан, сиёсий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар жамият ҳаётини демократлаштириш жараёнини янада чуқурлаштириш, унинг изчиллиги ва самарадорлигини оширишга қаратилган. Ушбу ислоҳотларнинг асосий мазмун-моҳияти халқ иродаси ва манфаатларини рўёбга чиқариш, давлат идораларининг халқ билан доимий мулоқотини йўлга қўйиш, фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини кенгайтиришдан иборат. Чунки, ҳар бир демократик-ҳуқуқий давлатда суверен бўлмиш халқнинг иродаси амалда яхлит сиёсий тизим барқарорлиги ва самарадорлигини белгилаб беради.

Иқтисодий соҳада замонавий ривожланиш тенденцияларига мос рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш, жаҳон иқтисодиёти конъюнктурасига мослашиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш каби устувор йўналишларни кўрсатиш мумкин. Буларнинг барчаси биринчи навбатда, ўз-ўзини таъминлаш, замонавий дунёнинг турли иқтисодий таҳдид ва хавф-хатарларига қарши тура оладиган мустаҳкам ва мустақил тизим яратишга қаратилгандир.

Ижтимоий соҳада аҳолини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, жумладан, кам таъминланган оилаларни ҳимоя қилиш, бепул тиббий хизмат ва таълим олиш масалаларини мамлакатда амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг асосий йўналишлари сифатида таъкидлаш лозим. Сўнгги йилларда илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларини тубдан ривожлантириш ва янгилашга қаратилган турли замонавий технологиялар жорий қилинмоқда. Бунинг замирида юксак билимли, етук, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал салоҳияти юқори бўлган шахсларни, яъни инсон капиталини ривожлантириш масаласи мавжуд. Бу, ўз навбатида, узоқ муддатга мўлжалланган бўлиб, келажакда ҳам мустақилликни мустаҳкамлашнинг гарови бўлиб хизмат қилади.

Мудофаа соҳасида Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунлариданоқ тинчликпарвар, муроса ва ҳамкорликка асосланган сиёсатни амалга ошириб келмоқда. Мустақиллик йилларида мамлакатнинг миллий мудофаа тизими шакллантирилди. жумладан, ҳарбий кадрлар тайёрлаш, мудофаа саноати инфратузилмаларини ривожлантириш, жанговар шайликни кучайтириш каби вазифалар мунтазам тарзда амалга оширилиб келинаётганини таъкидлаш лозим. Бу борада миллий армия давлатимизнинг қалқони, тинч ва фаровон ҳаётимизнинг кафолати бўлмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, мустақиллик декларациясининг тарихий аҳамиятини яна бир бор эътироф этган ҳолда, унинг замирида мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаро ўз тақдирига ва мамлакат келажагига нисбатан юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда ёндашиши лозимлиги ғояси ётади.

Аброр ЮСУПОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи

«Янги Ўзбекистон» газетаси №112 20.06.2020