Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан ёш авлод вакиллари ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди

19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясида нутқ сўзлади. 

Шавкат Мирзиёев Жаҳон миқёсида ишонч инқирози кузатилаётгани, глобал хавфсизлик институтлари фаолиятидаги муаммолар ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш кучаётганига урғу берди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида Ўзбекистоннинг келгусида ривожланиш йўналишларини таъкидлаб ўтди. Шунингдек,  ёш авлод вакиллари ҳамда хотин-қизлар ва гендер тенглик масалаларига алоҳида тўхталиб ўтди.  

Аввало, кейинги йилларда Ўзбекистонда ёшларни стратегик қарорлар қабул қилиш ва ишлаб чиқиш жараёнларига жалб қилиш бўйича саъйи-ҳаракатлар кучайтирилаётганини қайд этиш мумкин. Сўнги пайтларда юртимизда таълим тизими тубдан ўзгартирилди. Ўтган олти йилда олий таълимда қамров 9 фоиздан 38 фоизга етди. 2030 йилга қадар мактабни битираётган ҳар икки ўқувчининг бири эса олийгоҳда ўқиши учун имконият яратилади.

Президентимиз таъкидлаганидек, аҳолисининг деярли ярми ёш авлод вакиллари бўлган Марказий Осиё учун ёшлар ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи айниқса долзарб аҳамиятга эга. Ушбу соҳада ҳамкорликни кучайтириш мақсадида яқинда минтақамиз давлатлари томонидан Ёшлар сиёсатининг умумий йўналишлари ҳақидаги битим имзоланди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмалари билан самарали ҳамкорлик ўрнатиш, бошқа минтақаларнинг илғор тажриба ва ютуқларини ўрганиш юқори аҳамиятни касб этади.

Юқоридагиларни эътиборга олиб, Президентимиз томонидан бир қатор муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Улар орасида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш таклифи алоҳида ўринга эга. Ўз ўрнида, унинг доирасида “Марказий Осиё ёшларининг кун тартиби – 2030” дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти эътироф этганидек, жамиятда хотин-қизларнинг давлат бошқарувида фаол иштирок этиши бугунги куннинг долзарб масаласидир. Давлат ва миллий сиёсат марказида турадиган энг эзгу мақсад – оилалар мустаҳкамлигини, аёлларимизнинг ҳуқуқий ҳимояси ва осойишта ҳаётини таъминлашдан иборат.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ минбаридан юртимизда гендер тенгликка эришиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётгани тўғрисида батафсил тўхталиб ўтди. Жумладан, ўтган йили олийгоҳларга қабул қилинган талабаларнинг 49 фоизини қизлар ташкил этди. Хотин-қизларнинг давлат бошқарувидаги улуши эса биринчи марта 35 фоизга етди. Аёллар ва вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш мақсадида алоҳида қонун қабул қилинди.

Шунингдек, давлатимизда хотин-қизлар ўртасида камбағаллика  барҳам бериш ва уларни манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида “Аёллар дафтарлари” дастури жорий этилди. Сўнгги 3 йилда мамлакатимизда 2 миллиондан ортиқ аёл ва қиз ана шундай ёрдам билан қамраб олинди. Оила ва аёлларни қўллаб-қувватлаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилди. Меҳнат жамоаларида гендер тенглигини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳат кенгашлари ташкил этилди.  

Давлатимиз томонидан хотин-қизларнинг магистратурада ўқиш учун имтиёзли шарт-шароитлар ва тўловлар амалга оширилди, бунинг натижасида 10 минг нафардан ортиқ талабанинг кейинги 2 йилдаги тўлов-контракт тўловлари тўлиқ қопланди. Ўз навбатида, юртимизда олиб борилаётган аёллар хуқуқлари борасидаги ислоҳотлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан чуқур ўйланган стратегиянинг амалий натижаси эканини таъкидлаш мумкин.

Ўзбекистонда аёллар ҳуқуқлари ва гендер тенглик масалаларидаги ислоҳотлар “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга асос бўла олади ва мамлакатимиз нуфузини жаҳон миқёсида кўтарилишига замин яратади. Шу ўринда Президент Шавкат Мирзиёев аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказишни таклиф этди. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон - БМТ ўртасидаги биргаликдаги ташаббусларни янада ривожлантиради.

Умуман олганда, давлатимиз раҳбари ўз нутқида БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш ва “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришга оид ташаббуслари мамлакатимизда олиб борилаётган ёшлар сиёсати ва гендер тенглиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлиб, бу борада таълим ва тарбия ишларини мазмунан бойитишга ҳамда юқори сифат даражасига олиб чиқишга хизмат қилади.

 

Наримон Набиев,

 Ўзбекистон Президента ҳузуридаги СМТИ етакчи илмий ходими