Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари Алишер Низамов бунинг аҳамиятини yuz.uz учун махсус шархлаб берди.
Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги Туркий давлатлар ташкилоти I саммитидаги нутқида келаси йили Ўзбекистонда “Турк дунёси ёшларининг илм-фан ва инновациялар халқаро Конгресси”ни ўтказилиши ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон раҳбари ушбу халқаро Конгресс доирасида Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар инновация ва таълим вазирлари, олий ўқув юртлари ректорлари ва ёшлар етакчилари, иқтидорли йигит-қизлар, оқсоқоллар иштирокида учрашувларни ташкил этиш, шунингдек, Туркий Давлатлар Ташкилоти Бош котибининг ёшлар бўйича ўринбосари лавозимини ташкил этишни таклиф қилди.
Таъкидлаш лозимки, ёшлар юртнинг келажагини, унинг эртанги тақдирини ҳал қилувчи катта кучдир, уларни илм-фанга фаол жалб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ҳозирда Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар ҳудудида 68 миллиондан сал кўпроқ ёшлар истиқомат қилади, бу эса ташкилотга аъзо мамлакатлар аҳолисининг тахминан 40% ташкил қилади.
Шу боис, Ўзбекистон таклифи билан 2022 йил Туркий Давлатлар Ташкилоти ҳудудида “Ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди, Бухоро шаҳри эса “Туркий дунёнинг Ёшлар пойтахти” мақомини олди.
Шубҳасиз, илм-фан ва инновацияларнинг ривожланиш даражаси жамият ва давлат тараққиётининг асосий кўрсаткичларидан бири бўлиб хизмат қилади.
Туркий Давлатлар Ташкилотига аъзо мамлакатлар ўртасида маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш бугунги кунда долзарб ва устувор вазифа бўлиб, бунинг учун барча имкониятлар яратилган.
Хусусан, 2021 йилда Истанбул саммити якунида қабул қилинган “Турк дунёсининг нигоҳи – 2040” концепциясида илмий тадқиқотларни фаоллаштириш, туркий тилли университетлар иттифоқи ҳамкорлигини етакчи механизмга айлантириш, олимлар, тадқиқотчилар ва талабалар ихтиёрида бўлган илмий мақолалар манбаларини ва аъзо давлатлар илмий журналлари учун умумий халқаро индексни яратиш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Туркий тилли университетлар иттифоқи доирасида илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш ва туркий дунё университетларининг ягона маконини яратиш йўлида хизмат қилувчи Халқаро турк академияси фаолият олиб боради, зеро туркий давлатлар бир-бирлари билан тарихий, маданий ва маънавий ришталар билан боғланган.
Умуман олганда, мазкур ташаббусни амалга ошириш яқин истиқболда қуйидаги натижаларга олиб келади:
- ёшлар учун интеллектуал платформа яратилади, ёш олим ва тадқиқотчилар алмашинуви дастурларини янада ривожлантиради;
- ўз илмий ишларида салмоқли натижаларга эришган олимлар ва инноваторлар, илмий ва таълим муассасалари вакиллари ҳамда турли кўрик-танловларнинг ёш ғолибларини бирлаштиради;
- ёш мутахассис кадрларни тайёрлаш, илмий-тадқиқот сиёсатини олиб бориш, ёш авлодни илмий дастурлар ва жараёнларга жалб қилиш борасидаги қарашларини яқинлаштиради;
- ёш олимларнинг илмий-тадқиқот ва ўқув-англаш фаолиятини рағбатлантириш, ижодий қобилиятларини юзага чиқариш, шунингдек, интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришга туртки беради.