Ўзбекистон - Озарбайжон саноат кооперацияси истиқболи

Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга давлат ташрифи муҳим воқеа бўлиб, Ўзбекистон - Озарбайжон  ўртасидаги кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Шу билан бирга саноат кооперациясини ривожлантириш шериклик пойдеворига айланиши керак.

Бугунги кунда саноат кооперацияси бўйича қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Маълумотларга кўра, сўнгги йилларда  қўшма корхоналар ва лойиҳалар сони тўрт баробар кўпайган. Айни пайт Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокида 238 корхона, Озарбайжонда Ўзбекистон капитали иштирокида 53 компания фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йилнинг 17 сентябрида Ҳажигабул шаҳрида «UzAuto Motors» АЖ ва «SamAuto» заводининг йиғиш чизиғи ишга туширилишини муваффақиятли қўшма лойиҳа сифатида кўрсатиш мумкин. Ўзбекистон ипак хом ашёси етиштириш бўйича дунёда учинчи ўринда эканини ҳисобга олганда,  Озарбайжонда ипак ишлаб чиқариш кластерини ташкил қилиш режаси ҳам айни муддао.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва янги юксалиш нуқталарини белгилаш орқали икки мамлакат иқтисодиётини тўлдириб турувчи улкан салоҳиятдан фойдаланишга интилиш Ўзбекистон ва Озарбайжон ҳамкорлиги асосини ташкил этади.

Мамлакатимизда саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда олиб борилган институционал ислоҳотлар ҳамда реал сектор тармоқларини модернизация қилиш ва ривожлантириш чора-тадибрлари самараси ўлароқ, бу борада салмоқли натижаларга эришилди. 2016 йил саноатнинг иқтисодиётдаги ҳиссаси 20,6 фоиз эди, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 28,5 фоизга етди.

Яқин алоқани кенгайтиришдан манфаатдорлик Озарбайжон саноат сскторини  жадал ривожлантириш билан белгиланади. Хусусан, 2021 йил нефть-газ секторида ЯИМ 1,8 фоиз, нонефть секторида эса 7,2 фоиз ошган. Озарбайжон ЯИМда саноатнинг улуши, қарийб, 50 фоиз.

Икки давлат ҳукуматларининг саноат соҳасидаги Ҳамкорлик битимида нефть-газ, металлургия, кимё, фармацевтика ва заргарлик соҳалари устувор этиб белгиланди. Машинасозлик, электр техникаси, тўқимачилик, озиқ-овқат, қурилиш ва агросаноат тармоқларида қатор қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани таъкидланди.

Ташриф арафасида ўтказилган бизнес-форумда томонларнинг кўп қиррали ҳамкорликни  янада кенгайтириш ва ишбилармон доиралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқани йўлга қўйиш тарафдори эканлиги билдирилди. Нефть-кимё, тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, заргарлик, автомобилсозлик каби йўналишлар бўйича ўзаро манфаати шерикликни  янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди. Ишбилармонлик тадбирлари якунида қиймати, қарийб, 500 миллион долларлик янги инвестициявий ва савдо келишувлари имзоланди.

Мамлакатларимизда истиқболли кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва илгари суриш мақсадида қўшма Инвестиция фондини ташкил этишга келишиб олингани алоҳида эътиборга молик.

Саноат кооперациясини ривожлантиришда икки мамлакат  эркин иқтисодиёт зоналарида қўшма лойиҳалар амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Бундай ҳудудлар салоҳиятидан фойдаланиш Ўзбекистон ва Озарбайжон ишлаб чиқарувчиларига икки давлат транспорт-логистика имкониятини ҳисобга олган ҳолда, қўшимча қийматнинг янги занжирларини  яратиш ҳамда учинчи мамлакатлар бозорига бирга чиқиш имконини беради. 

Саноат кооперациясини кенгайтиришда вилоятлар ўртасида тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиш ижобий ўрин тутади. Шу нуқтаи назардан давлатимиз раҳбарининг жорий йил биринчи Ҳудудлар форуми ва ҳудудлар саноат салоҳиятига бағишланган кўргазма ўтказиш таклифи ижобий ўзгариш салмоғини янада оширади.

Ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисида имзоланган Битимда икки мамлакат мудофаа-саноат мажмуасининг икки мақсадли маҳсулот ишлаб чиқариш қувватларини фаоллаштириш кўзда тутилган бўлиб, бу умумий истеъмол бозорини талаб юқори бўлган товарлар билан тўлдириш имконини беради. 

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Озарбайжон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандуми мамлакатлар ўртасида ишчи кучлари  ҳаракатланишига, саноат объектларида муносиб меҳнат шароити яратишга хизмат қилади.

Умуман, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги саноат кооперациясини мустаҳкамлаш  янги иш ўринлари ташкил этиш ва икки мамлакат аҳолиси даромадини оширишда самарали механизм бўлиб хизмат қилади.

Ўткир СИДДИҚОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

бош илмий ходими

Манба