Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамасига бағишланган «regulation.gov.uz» порталига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Қурилиш материаллари саноатини янада ривожлантиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор лойиҳаси жойлаштирилди. Қарор лойиҳаси қурилиш соҳаси ва, умуман, иқтисодиётнинг фаол ривожланишига сезиларли туртки бериш мақсадида ишлаб чиқилган.
Унинг қабул қилиниши қурилиш материаллари саноатида тизимли янгиланишни янада чуқурлаштиришга, ишлаб чиқариш ва рақобатбардош маҳсулотлар экспортининг барқарор ўсишини таъминлашга, шунингдек юртимиз корхоналарининг техник ва технологик янгиланиши ва модернизациясига йўналтирилган.
Бугун қурилиш соҳаси, иқтисоднинг катта миқдордаги ўзаро бир-бирига боғлиқ тармоқларини бирлаштириб турувчи куч сифатида саналиб, аҳоли бандлиги ва иқтисодий барқарорликни таъминловчи драйверлардан бири вазифасини ҳам бажаряпти. У 1 миллион 300 минг нафардан ортиқ одамни иш билан таъминлаши баробарида саноатнинг бошқа тармоқларидаги бандликни ҳам қўллаб турибди.
Шу билан бирга шуни тан олиш керакки, мамлакатимизда замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва импорт ўрнини эгаллаш учун кенг имкониятлар мавжуд. Мисол учун, ўтган йилнинг ўзида 1 миллиард долларлик импорт ўрнини босган.
Бунда, агар ёғоч-тахта материаллари импорти сал кам 330 миллион долларни, яъни 36%ни ташкил этган бўлса, чет элдан келтириладиган қолган материалларни Ўзбекистон ўзи ишлаб чиқаришга қодир. Бунга хусусан, цемент, ойна, лак-бўёқ маҳсулотлари, керамик плиткалар, сантехника жиҳозлари, линолеум, мармар, гранит ва бошқа маҳсулотлар киради. Қайд этилган қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун соҳанинг хом ашё базасини кенгайтириш керак бўлади.
Шу билан бирга яна шуни ҳам тан олиш керакки, бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган қурилиш материаллари сифатнинг халқаро стандарт, ҳамда замонавий тежамкор ва энергия тежовчи технологиялар талабаларига тўлиқ жавоб бера олмайди.
Ушбу муҳим вазифаларни ҳал этиш масаласи қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларини юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш талабини қўяди.
Шундан келиб чиқиб, лойиҳа ҳужжатида
- қурилиш соҳасининг хом ашё базасини кенгайтириш бўйича прогноз кўрсаткичларини 2020—2025 йиллардаги геологик қидирув ишлари, маҳаллий хом ашёларни қазиб чиқариш ва қайта ишлашга асосан;
- қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни 2020—2025 йилларда маҳсулот ассортиментини кенгайтириш ва диверсификациялаш ҳисобига ривожлантириш мақсадини;
- қурилиш материаллари саноатини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар дастурини;
- қурилиш материаллари ва бошқа соҳаларда халқаро стандартларнинг рўйхатини тасдиқлашни кўзда тутиш тўғри ва ўз ўрнида деб ҳисоблайман.
Қарор лойиҳасида кўзда тутилган вазифаларнинг амалга оширилиши соҳага нафақат ҳозирги мураккаб вазиятни енгиб ўтиш, балки башорат этилишича, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини сўнги беш йил ичида камида икки баробар ошириш имконини беради.
Ундан ташқари бу қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида, ва умуман қурилиш тизимида қўшимча иш ўринлари шакллантиради. Шунингдек, коронавирус пандемияси туфайли уйларига қайтиб келган 500 мингдан зиёд мигрантлар учун ҳам.
Ундан ташқари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш жараёнида замонавий технологияларни жорий этиш табиий ресурсларни тежаш, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини пасайтириш, бунёд этилаётган бино ва иншоотларнинг энергия сарфини камайтириш имконини ҳам беради.
Бу, шубҳасиз, тадбиркор учун ҳам, халқ учун ҳам, давлат учун ҳам фойдалидир.
Адҳамбек Рашидбеков,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
Бош илмий ходими.