Декларация Озарбайжон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади

Озарбайжон билан муносабатни ривожлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири. Биз Озарбайжонга муҳим стратегик шерик сифатида қараймиз. Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги яқин ҳамкорлик бунинг исботи. Бугунги кунда Ўзбекистон ва Озарбайжон шерик ва дўст мамлакатлар.

Шу нуқтаи назардан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг мамлакатимизга давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги декларация имзоланиши муҳим воқеа бўлди.

Қайд этиш жоиз, кенг кўламли ушбу ҳужжат ҳамкорликнинг 40 га яқин йўналишини қамраб олади. Биргаликдаги саъй-ҳаракат давлатлараро савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш, транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланишга қаратилади. Шу билан бирга Декларацияда маданий-гуманитар алоқани ривожлантириш ҳам икки мамлакат учун муҳим аҳамиятга эга экани акс этган. Ташриф доирасида имзоланган сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик дастури ва икки мамлакат Фанлар академиялари ўртасида илмий ҳамкорлик бўйича келишув маданий-гуманитар алоқани изчил кенгайтириш учун асос бўлади.

Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги бугунги муносабат давлат раҳбарлари ўртасидаги яқин ва ишончли мулоқот самарасидир. Озарбайжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев шарафига номланган кўча ва ёдгорликнинг тантанали очилиши умумий тарих ва муштарак маданиятга асосланган мустаҳкам алоқалар, дўстлик ва ҳамкорлик кучайиб бораётганининг тасдиғи бўлди.

Ҳайдар Алиев Озарбайжонга раҳбарлик қилган йилларда халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги дўстлик риштасини кучайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратилган. Илҳом Алиевнинг саъй-ҳаракати самараси ўлароқ, бу ҳамкорлик стратегик даражага кўтарилиб, янада жадал тус олди.

Озарбайжон етакчисининг ташрифи дастуридан турк олами маданий пойтахти – Хива шаҳрига саёҳат ҳам ўрин олиши тасодиф эмас. Ўзбекистон ва Озарбайжон халқларини урф-одат ва анъаналар, тил ва дин муштараклигига асосланган кўп асрлик муносабат боғлаб туради. Бизни умумий маданий-тарихий ўтмиш, дунё тамаддуни хазинасини бойитган нодир асарлар, буюк мерос бирлаштиради.

Дўстлик, ўзаро бирдамлик, хайрихоҳлик риштаси бугунги кунгача сақланиши ва ривожланиши, албатта, муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон замини кўп сонли озабайжонликлар учун Ватан ҳисобланади. Юртимизда 40 мингга яқин ушбу миллат вакиллари истиқомат қилмоқда.

Республикамизда яшайдиган озарбайжонликларнинг миллий урф-одат ва анъаналари, қадриятларини сақлаш ва ривожлантириш мақсадида Ҳайдар Алиев номидаги Озарбайжон маданият маркази фаолият кўрсатмоқда. Тошкентнинг шу номли кўчасида жойлашган ушбу марказ миллатлараро алоқани мустаҳкамлаган ҳолда, икки халқ ўртасидаги дўстлик риштасини мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда.

Ташриф давомида қабул қилинган сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик дастури асосида фуқароларимизнинг икки эл урф-одати, бой ва ўзига хос маданияти, диққатга сазовор масканлари, тарихий объектлари, меъморчилиги ва ноёб табиий ёдгорликлари билан танишиш имконияти анча кенгаяди. Маданий ютуқлар халқлараро мулоқот самарасида шаклланганига тарихнинг ўзи гувоҳлик бермоқда ва бу борада туризм мулоқотнинг энг яхши усулидир.

Хулоса ўрнида ишонч билан қайд этиш мумкинки, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг Ўзбекистонга ташрифи икки давлат ва халқ ўзаро муносабати тарихида янги саҳифа очади, мавжуд дўстлик риштасини амалий мазмун билан бойитади.

Алексей КУСТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

бош илмий ходими

Манба