Шавкат Мирзиёев ИҲТ саммитида саноат кооперациясини ривожлантиришни таклиф қилди

Жорий йилнинг 3-4 март кунлари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги 14 саммити бўлиб ўтди. Унда COVID-19 пандемиясидан кейинги даврдаги минтақавий иқтисодий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Саммит давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида “бир-бирини тўлдирувчи нуқталарни топиш” тамойили асосида саноат кооперациясини ривожлантириш зарур эканлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, мазкур режани амалга ошириш учун аниқ йўналиш ва лойиҳаларни қамраб олган қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш таклиф қилинди.

Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш, хусусан, ўзаро манфаатли шартлар асосида саноат кооперациясини ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиёти учун ҳам долзарб аҳамиятга эга бўлиб, бу қуйидаги имкониятларни яратади:

биринчидан, миқёс самараси, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш орқали юқори қўшилган қийматга эга, рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга имкон беради. Шунингдек, саноат кооперациялари харажатларни оптималлаштириш хисобига тайёр маҳсулот таннархининг арзонлашишига ҳам хизмат қилади;

иккинчидан, янги корхоналарнинг ташкил этилиши орқали қўшимча иш ўринлари яратилади. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаб, иқтисодий фаровонликка замин яратади;

учинчидан, саноат кооперациялари хорижий илмий-тадқиқот марказлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали тажриба ва маълумотлар алмашинувини жадаллаштириши мумкин. Мазкур жиҳат турли замонавий технологиялар ва инновацион лойиҳалардан мунтазам хабардор бўлиш ва ишлаб чиқариш жараёнига кенг жорий қилиш учун  муҳим ҳисобланади;

тўртинчидан, “бир-бирини тўлдирувчи нуқталарни топиш” тамойилига асосланган ҳолда кооперацион алоқаларни ривожлантириш, ташкилотга аъзо бўлган ҳар бир давлат ички бозорини юқори сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш ва экспорт ҳажмини ошириш имконини беради.

Бу ўринда мамлакатимиз иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика, қурилиш материалларини ишлаб чиқариш каби кўплаб соҳаларида тўлиқ ишга солинмаган салоҳият мавжуд эканлигини, саноат кооперациялари эса улардан юқори самарадорликда фойдаланиш имкониятини вужудга келтиришини алоҳида таъкидлаб ўтиш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 14 саммитида илгари сурилган саноат кооперациясини ривожлантириш борасидаги ташаббус ташкилотга аъзо бўлган давлатлар ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш, мавжуд савдо-иқтисодий, молиявий, сармоявий имкониятлардан тўлиқ фойдаланиш ва аҳоли турмуш даражасини оширишга йўналтирилган. Мазкур таклиф коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш нуқтаи назаридан ҳам долзарбдир.

Азимбек Нажимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

етакчи илмий ходими

Манба