Сифатли таълим — Янги Ўзбекистоннинг муҳим пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “таълим сифатини ошириш – Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир” дея таъкидлади.

Шубҳасиз, таълим сифатини ошириш мамлакатимиз кун тартибида турган долзарб масалалардан биридир. Зеро, бунинг замирида мамлакатни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқишга қодир бўлган етук мутахассисларни етиштириш масаласи мавжуд. Шу жиҳатдан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўз Мурожаатномасида таълимни “Янги Ўзбекистон учун энг катта инвестиция” деб таъкидлагани чуқур стратегик аҳамиятга эга.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан ўтказилган лингвистик контент-таҳлил натижаларига кўра, Президент нутқининг асосий қисми таълим-тарбия соҳасини янада ривожлантиришга бағишланди. Хусусан, “таълим” ва “мактаб” сўзлари энг кўп қўлланган сўзлар қаторидан жой олди (25 ва 23 марта мос равишда).

Шундан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги фикрларни билдириш мумкин.

Биринчидан, таҳлиллар шуни кўрсатадики, глобаллашув жараёнининг тезлашиши дунёда барча соҳаларда рақобат муҳитини янада кучайтирмоқда. Замонавий дунёда интеллектуал ва ижтимоий капитал давлатлар тараққиётида тобора муҳим ўрин эгалламоқда. Бундай шароитда замонавий cифатли билим беришга асосланган таълимгина мамлакатнинг рақобатбардошлигини таъминлайди. Ушбу жараёнда ностандарт, креатив ва танқидий фикрлаш, юқори интеллектуал салоҳиятга эга бўлган мутахассисларга талаб ортади. 

Бу эса бевосита таълим сифатини ошириш билан боғлиқ узлуксиз жараёндир. 

Иккинчидан, қайд этиш лозимки, сифатли таълимни амалга ошириш ва юқори натижаларга эришиш нафақат соҳадаги мутахассислардан балки жамиятнинг ҳар бир аъзосидан катта масъулият ҳамда фидойиликни тақозо этади. Шу маънода, Мурожаатномада ўқитувчи-педагоглар мақомини янада кўтариш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни мамлакат Конституциясида алоҳида белгилаш зарурлиги таъкидлангани диққатга сазовор. Айни пайтда, давлат Раҳбари таълим-тарбия кенг жамоатчиликнинг амалий ҳаракатига айланиши керак, деган ўзига хос даъватни илгари сурди.

Учинчидан, Мурожаатномада таъкидланган муҳим жиҳатлардан яна бири – бу 2023 йилдан мактаб таълимини халқаро таълим дастурлари асосида бутунлай ислоҳ қилишдир. Бу борада янги дарсликлар ишлаб чиқилиши, илғор таълим стандартлари ва методикаларини жорий этиш учун алоҳида илмий институт ва лабораториялар ташкил қилиниши таъкидланди. Албатта, таълимда юқори натижаларга эришиш мактабларда ўқувчи ва ўқитувчиларга қулай ва замонавий шароитлар яратишни талаб этади. Мурожаатномада бу жиҳатга ҳам алоҳида эътибор қаратилди, жумладан, 2023 йилда 70 та янги мактаб қурилиши, 460 та мактаб кенгайтирилиши маълум қилинди. Шу билан бирга, келгуси йилда хусусий инвестициялар иштирокида 100 та мактаб қуриш лойиҳалари бошланиши, яқин беш йилда эса уларнинг сони 1 мингтага етказиш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Тўртинчидан, Президент ўз нутқида таълим сифати бевосита битирувчиларнинг замонавий малака ва касб-ҳунар кўникмасига эга бўлиши билан узвий боғлиқ эканини таъкидлади. Бу борада мавжуд 700 дан ортиқ касб-ҳунар мактаби, коллеж ва техникумлар имкониятидан самарали фойдаланиш зарурлиги кўрсатилди. Шунингдек, 2023 йилдан бошлаб янги дастур асосида ҳар бир вилоятда 1 тадан техникумда Европа касбий таълим стандартлари жорий этилиши, келгуси беш йилда эса барча коллеж ва техникумлар ушбу тизим билан қамраб олиниши белгиланди. Айни вақтда, иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш мақсадида кимё саноати, электр техникаси, транспорт ва энергетика соҳаларида алоҳида Муҳандислик мактаблари ташкил қилиниши ва бу орқали янги замон инженерлари тайёрлаш тизимини яратиш вазифаси қўйилгани диққатга сазовор.

Бешинчидан, Мурожаатномада олий таълим соҳасида қисқа муддатда амалга оширилган ишларга ҳам эътибор қаратилди. Хусусан, сўнгги йилларда мамлакатимиздаги олийгоҳлар сони 2,5 баробарга (уларнинг умумий сони 198 тага етди), қамров даражаси эса 4 баробордан зиёдга ортгани таъкидланди (9 фоиздан 38 фоизга). Айни вақтда, олийгоҳлар ўз жозибадорлигини ошириш учун ўзлари ҳаракат қилишлари, жумладан, ректорлар, профессор- ўқитувчилар бу жараёнларда фаол бўлишлари, замонавий, илғор ўқитиш услубларини жорий қилишлари лозимлигига урғу берилди.

Шунингдек, Президент ўз нутқида мамлакатда илм-фан ривожига ҳам жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади. Бу хусусан, қуйидаги рақамларда ўз аксини топган: 1) 2022 йилда илм-фан ва инновацияларга 1,5 трлн. сўм йўналтирилди ва бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан қарийб 6 баробар кўп; 2) олимларнинг иш ҳақи 4,5 баробар оширилди; 3) нано ва биотехнологиялар, рақамли геология каби 18 та янги илмий йўналиш ташкил этилди. Шу билан бирга, мамлакат олдида турган муҳим устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда олимлар эндиликда сув ва энергияни тежаш, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорлик, геология, саноат, қурилиш каби долзарб йўналишларда аниқ натижалар кўрсатишлари кераклиги таъкидланди.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, сўнгги йилларда мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотлар замонавий тенденцияларга мос ҳолда ривожланиб бормоқда. Бу борада сифатли таълим мамлакатнинг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланмоқда. 

Шубҳасиз, сифатли таълим янги марраларни эгаллашга олиб келадиган энг қисқа ва оқилона йўлдир. Тўла ишонч билан айтиш мумкинки, мазкур соҳадаги туб ўзгаришлар ўз натижасини ўрта ва узоқ истиқболда кўрсатади.

Аброр ЮСУПОВ

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бўлим раҳбари

Манба