СМТИ директори: Мавжуд салоҳиятимизни мустаҳкам пойдевор асосида рўёбга чиқарамиз

Пойтахтимиздаги Форумлар саройида ўз ишини бошлаган Туркий давлатлар ташқи сиёсий тадқиқотлар марказларининг ТДТ майдонида савдо-иқтисодий кооперация ва транспорт-логистика боғлиқлигини ривожлантириш масаласига бағишланган 8-йиғилиши тантанали очилиш маросимида сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов анжуманнинг аҳамияти ва долзарблигига алоҳида тўхталидб ўтди.

- Ўзбекистонда илк бор бўлиб ўтказилаётган Туркий давлатлар таҳлил марказлари йиғилиши ҳар томонлама муҳим эканини таъкидлаш жоиз.

Форум Самарқанддаги Биринчи ТДТ саммити арафасида ўтаётгани ҳам рамзий маънога эга.

Зеро, ушбу анжуман сўнгги Истанбул саммитида Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) платформаси тўлақонли Ташкилотга айланганидан сўнг мамлакатларимиз раҳбарларининг янги форматдаги илк учрашуви бўлади.

Бугунги кунда туркий давлатлар ҳамкорлиги барча йўналишларда изчил кенгайиб бормоқда.

ТДТ нуфузли минтақавий тузилма мақомида мустаҳкамланиб, замонавий халқаро муносабатлар тизимининг муҳим бўлагига айланмоқда.

Энг муҳими, бу жараён шунчаки сўзда эмас. Мамлакатларимиз салмоқли инсон капиталига – бир юз эллик миллионга яқин нуфусга эга.

ТДТ мамлакатлари ялпи ички маҳсулоти 1.2 триллион долларни ташкил этади. Бу Осиё ялпи ички маҳсулотининг беш ярим фоизидир.

Шу билан бирга, ТДТ мамлакатлари иқтисодиёти жадал ривожланмоқда. Минтақамизда саноатнинг йиллик ўсиш суръати ўртача саккиз-ўн икки фоизга тенг.

ТДТ ҳудудида беқиёс савдо айланмаси ҳам мавжуд – 21 миллиард. доллар.

Тузилманинг яна бир муҳим афзаллиги бир-бирига яқин, ўхшаш қадрият ва тамойилларни тарғиб қилувчи мамлакатларни бирлаштирганида.

Мавжуд салоҳиятимизни ана шундай пойдевор асосида рўёбга чиқариш ҳозирги беқарор геосиёсий шароитда улкан аҳамият касб этади. 

Фақат ана шундай ҳамжиҳатлик ва биргаликдаги саъй-ҳаракат билан ҳозирги нотинч дунёда юзага келаётган барча синов ва таҳдидларни осонлик билан енгиб ўтишимиз мумкин.

Манба