СМТИ директори: Ўзбекистон ва Туркия транспорт-транзит соҳасида улкан ҳамкорлик салоҳиятига эга

Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ташиш ҳажмини жорий 7 миллион тоннадан 2030 йилда 23 миллион тоннагача оширишга ёрдам беради.

Пойтахтимизда бўлиб ўтаётган “Ўзбекистоннинг Туркий давлатлар ташкилотидаги раислиги ва Ўзбекистон – Туркия муносабатларининг истиқболлари” мавзусидаги анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори (СМТИ) Элдор Арипов, Евроосиёнинг геостратегик жиҳатдан муҳим нуқталарида жойлашган Ўзбекистон ва Туркия транспорт-транзит соҳасида улкан ҳамкорлик салоҳиятига эгалигини қайд этди.

“Хусусан, савдо-иқтисодий алоқаларимизни янада кенгайтириш имконини берадиган “Осиё–тинч океани – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Озарбайжон – Грузия – Туркия – Европа” мултимодал транспорт йўлаги лойиҳасининг ўрни беқиёс саналади”, -деди СМТИ раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, мамлакатларимиз ўртасидаги транспорт соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит ташиш ҳажмини жорий 7 миллион тоннадан 2030 йилда 23 миллион тоннагача оширишга ёрдам беради.

“Ўзбекистон-Туркия ҳамкорлигининг яна бир устувор йўналиши – бу энергетика соҳаси ҳисобланади. Ўтган йиллар давомида юртимизда турк компаниялари билан ҳамкорликда 5 та йирик энергетика лойиҳаси амалга оширилди”,  – таъкидлади Элдор Арипов.

Унинг фикрича, ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатимиз энергетик хавфсизлигини таъминлашга, миллий саноатимизнинг ривожланишига, қўшимча иш ўринлари яратилишига ва иқтисодиётнинг турли соҳаларига хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, “икки томонлама алоқаларимизнинг жадал ривожида халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлик муҳим рол ўйнайди. Бунда, шак-шубхасиз, нуфузли минтақавий тузилма мақомида мустаҳкамланиб, замонавий халқаро муносабатлар тизимининг муҳим элементига айланиб бораётган Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) ўзига хос ўрни бор”, - деди мутахассис.

Элдор Арипов кўп томонлама самарали ҳамкорлик янада ривожлантириш учун таҳлилий институтлар ўртасидаги алоқаларни кучайтириш муҳим аҳамият касб этишини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

“Ушбу хамкорлик доирасида биз сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транспорт ва коммуникация соҳаларида ТДТнинг мавжуд улкан салоҳиятини самарали амалга ошириш масаласини батафсил кўриб чиқиш имконияти пайдо бўлади”, - дея сўзини якунлади СМТИ раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, ушбу тадбир “Тараққиёт стратегияси” маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) томонидан Туркиянинг “Marmara Group” стратегик ва ижтимоий тадқиқотлар фонди билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Манба