СМТИ эксперти: Халқаро конференцияни ўтказишдан минтақа мамлакатлари манфаатдор

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқида бир қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Марказий Осиё давлатларининг Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганининг 10 йиллигига бағишланган Халқаро конференцияни ўтказиш борасидаги ташаббус ҳам илгари сурилди.

Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Тимур Аҳмедов ушбу ташаббус аҳамияти хусусида ўз фикрларини билдирди.

— БМТнинг мазкур Глобал стратегияси ушбу йўналишдаги миллий, минтақавий ва халқаро ҳужжатларни такомиллаштиришга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши БМТга аъзо барча давлатларнинг терроризмга қарши кураш борасида умумий стратегик асослар бўйича келишиб олганликларини билдиради.

Марказий Осиё биринчи бўлиб БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини ҳамкорликда ва комплекс амалга оширишни бошлади. 2021 йилда ушбу Глобал стратегияни амалга ошириш бўйича Марказий Осиё давлатларининг Қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганига 10 йил тўлади.

Эътиборли жиҳати, Қўшма ҳаракатлар режаси кўп томонлама маслаҳатлашувлар ва консенсус асосида ишлаб чиқилган. Яна бир жиҳат, бошқа минтақаларда бундай Қўшма ҳаракатлар режаси мавжуд эмас. Қўшма ҳаракатлар режасининг қабул қилиниши ва амалга оширилиши минтақа давлатларининг терроризмга қарши курашда якдиллигини англатади.

Қўшма ҳаракатлар режаси, шунингдек, БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясининг 4та асосий йўналиши бўйича қилиниши кераклиги бўлган ишларни ўз ичига қамраб олган.

Бу борадаги биринчи йўналиш терроризмнинг тарқалиши учун қулай шароитларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирлар, яъни унга олиб келувчи омиллар, шу жумладан, ёшлар ўртасида ишсизлик, гендер тенглиги, ижтимоий ва иқтисодий муаммоларни ечишга қаратилган. Иккинчи йўналиш терроризмга қарши тўғридан тўғри курашишдир. Учинчи йўналиш сифатида давлатларнинг ушбу соҳадаги салоҳиятини кучайтириш белгиланган. Ва энг асосийси, тўртинчи йўналиш, терроризмга қарши курашнинг асоси сифатида инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш ҳисобланади.

— Айтинг-чи, мамлакатимизда бу борада қандай ишлар амалга оширилмоқда?

— Ўзбекистонда сўнгги йилларда терроризмга қарши кураш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар БМТнинг ушбу соҳадаги тавсияларига ва Глобал аксилтеррор стратегиясининг устувор йўналишларига тўлиқ мос келади.

Терроризмга қарши курашнинг асосий вазифаси унинг келиб чиқиши ва тарқалиш сабабларини бартараф этишдан иборат. Ислоҳотларга мувофиқ, экстремизм, терроризм ва бошқа уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича ташкилий ва амалий чоралар кучайтирилди.

Ҳозирги кунда фақат куч ишлатиш йўли билан эмас балки профилактик чораларни кучайтириш орқали ижобий натижаларга эришилмоқда. Ушбу йўналишда бир қатор қонунчилик нормалари қабул қилинди ва институционал органлар яратилди. Давлат ва жамоат институтлари терроризм ғоялари тарқалишига қарши фаол иш олиб боришмоқда.

Ўзбекистон БМТ Бош котиби Антонио Гутерришнинг чақириғини қўллаб-қувватлади ва БМТ Хавфсизлик Кенгашининг нотинч ҳудудлардан аёллар ва болаларни ватанига қайтариш тўғрисидаги резолюциясини амалга оширди. Ўтган йилги «Меҳр» операцияси бунга яққол мисол бўла олади. Шуни айтиб ўтишим керакки, дунёнинг фақат саноқли мамлакатлари шунга ўхшаш чора-тадбирларни амалга оширган. Марказий Осиё минтақасида эса бундай давлат талайгина. Бу ҳам терроризмга қарши курашдаги якдилликдан далолат беради.

— Қўшма ҳаракатлар режасининг 10 йиллигига бағишланган Халқаро конференцияни ўтказиш минтақа мамлакатлари учун нима беради?

— Ушбу халқаро конференцияда терроризмнинг олдини олиш бўйича ўрта истиқболли режалар тузилади ҳамда унга қарши курашиш чоралари ва эришилиши лозим бўлган умумий мақсадлар белгиланади, ўзаро фикр ва мулоҳазалар алмашинилади.

Марказий Осиёда терроризмнинг олдини олиш миллий ва минтақавий барқарорликни таъминлаш аҳоли фаровонлиги ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун жуда муҳимдир. Яна бир мисолни келтириб ўтмоқчиман, минтақа давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик нафақат товар ва хом ашёларнинг эркин ҳаракатига замин яратди, балки фуқароларнинг ҳам эркин ҳаракатланиши учун қулай шароитларни тақдим этди. Бундан эса террористик ғоялар таъсирига тушиб қолган шахслар фойдаланиши мумкин. Бу эса давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасида тўғридан тўғри ўзаро ҳамкорлик механизмини яратишни тақозо этади. Марказий Осиёда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга оширишга мўлжалланган Қўшма ҳаракатлар режаси айнан ўзаро тажриба ва ахборот алмашиш учун замин яратмоқда.

Халқаро терроризм ва экстремизм таҳдидлари Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш учун долзарб муаммо бўлиб қолаётган бир пайтда мазкур йўналишда халқаро конференцияни ўтказиш умумий саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш учун имконият беради. Энг асосийси, биргаликдаги ҳаракатлар Марказий Осиё давлатларининг ўзаро манфаатларига тўлиқ мос келади.

Манба