“Ўзбекистон – Германия: ҳамкорликнинг янги уфқлари” мавзусидаги конференцияда иштирок этаётган Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти раҳбари Элдор Арипов икки томонлама ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишларини конституциявий ислоҳотлар мисолида тушунтирди.
СМТИ вакили Конституциянинг янги таҳриридан келиб чиқадиган вазифалар асосида шериклигимизнинг қатор истиқболли йўналишларини белгилаб бераркан, Ўзбекистон Германия билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада оширишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
– Биринчиси, давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш.
Конституциянинг янги таҳририда инсон ҳуқуқ ва эркинлиги устуворлиги тасдиқланган. Ҳокимият тузилмалари ўзбошимчалигини чеклаш мақсадида фуқароларнинг шахсий ҳуқуқи, демократик институтлар фаолияти мустаҳкамланмоқда.
Хусусан, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва оммавий ахборот воситалари давлатнинг тенг ҳуқуқли шериклари даражасига кўтарилиб, ижро этувчи ҳокимият ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати ҳуқуқига эга.
Биринчи марта давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари ноқонуний хатти-ҳаракати туфайли фуқароларга етказилган зарарни қоплаш учун давлатнинг конституциявий ва ҳуқуқий жавобгарлиги жорий этиляпти.
Ушбу мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларни самарали амалга ошириш, инсон ҳуқуқи ва эркинлигини таъминлашда суд ҳокимиятини кучайтириш бўйича Германия тажрибасини ўрганишдан манфаатдор.
Ушбу йўналишлар бўйича делегациялар алмашинувини кенгайтириш, тегишли техник кўмак ва малака ошириш дастурларини амалга оширишга умид қиламиз.
Иккинчидан, экология ва “яшил ривожланиш” соҳасидаги ҳамкорлик.
Конституциянинг янги таҳрири доирасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, фуқароларнинг экологик ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва таъминлаш давлат ҳокимиятининг барча тармоқлари мажбурияти Конституцияда муҳрланади.
Биринчи марта фуқароларнинг экологик қонунчиликни бузиш натижасида етказилган зарарни қоплаш ҳуқуқи белгиланмоқда. Бу янгилик ҳатто ривожланган демократик давлатлар конституцияларида ҳам камдан-кам учрайди.
Шу муносабат билан Ўзбекистон юқори экологик стандартларни жорий этиш асосида қўшма саноат соҳасида Германия томони билан ҳамкорлик қилишга тайёр. Германия бизнесининг ташқи иқтисодий алоқани диверсификация қилиш ва таъминот занжирларида эҳтиёткорлик билан ишлашга катта эътибор берадиган Ўзбекистонга сармоя киритишга бўлган қизиқишини оширади.
Мамлакатимизнинг 2030 йилга келиб янгиланадиган энергия манбалари улушини мамлакат энергия балансидаги 30 фоизга етказиш мақсадини, шунингдек, Германиянинг муқобил энергетикани ривожлантириш соҳасидаги илғор тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, “яшил” кун тартибини илгари суриш, энергия-самарали ва ресурсларни тежайдиган технологияларни жорий этиш соҳасидаги ҳамкорлик катта қизиқиш уйғотмоқда.
Учинчидан, бу таълим соҳасидаги ҳамкорлик масалалари.
Конституциявий ислоҳотлар доирасида давлат таълимнинг нодавлат шаклларини қўллаб-қувватлаш мажбуриятини олади, академик эркинлик, ўқитиш ва илмий фаолият эркинлиги ва халқаро илмий ҳамкорликни кафолатлайди.
Буларнинг барчаси Германия билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун янги истиқболларни очиб беради. Хусусан, аҳоли сони ҳар йили 800 минг кишига кўпайиб бораётган Ўзбекистон учун касб-ҳунар таълими, кадрлар тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этади.
Конституциявий вазифа деб эълон қилинган яна бир муҳим йўналиш – ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида қўшни давлатлар билан дўстона муносабатни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш. Бу борада Германиянинг савдо, транспорт, энергетика соҳасидаги минтақавий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш тажрибаси қизиқишларимизга мос келади.
Яна бир устувор йўналиш нафақат қўшни мамлакатларнинг барқарорлиги ва хавфсизлиги тинч ва барқарор ривожланишига боғлиқ бўлган Афғонистон бўлиши керак. Ўтмишда олган сабоқларимизни унутилмаслик керак.
Биз бунга фақат мувофиқлаштирилган мулоқот орқали Афғонистоннинг янги ҳукумати, жумладан, инсон ҳуқуқлари масалалари, мақсадли ижтимоий-иқтисодий ёрдам, минтақавий иқтисодий алоқаларга қўшилиш билан тинч ва барқарор ривожланиш йўлига яна қайтиши учун зарур шарт-шароитларни ярата оламиз.
Хулоса шуки, манфаатдорлик ва фойдаланилмаган улкан салоҳиятга таянган ҳолда, Ўзбекистон ва Германия икки томонлама шерикликни янги даражага кўтариш имконияти бор. Мамлакатларимиз эксперт ҳамжамиятлари эса бу мақсадга эришишга муҳим ҳисса қўшиши мумкин.