Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар туркий олам бирдамлигини янада мустаҳкамлашга киришишмоқда

Сўнгги йилларда Ўзбекистон замонавий ташқи сиёсатининг янги ёндошувларига таянган ҳолда кўп томонлама ҳамкорлик форматларидаги фаолиятини сезиларли равишда жонлантириш йўлидан кетмоқда. Шундай ташкилотлардан бири сифатида ҳеч иккиланмасдан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини мисол қилиб кўрсатсак бўлади.

Мазкур тузилмага Ўзбекистон 2019 йили октябр ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтган саммит доирасида тўлақонли аъзо сифатида кирди. Шу тариқа расмий Тошкент унинг ташқи сиёсатидаги устувор мақсадлардан бири кўп томонлама форматларда ўзаро манфаатли шерикчиликни кучайтириш эканлигини яна бир бор амалда исботлади. Қолаверса, Туркий Кенгашдаги ўз иштироки орқали мамлакатимиз туркий дунёда бирдамлик руҳи ва ишонч муҳитини мустаҳкамлаш сиёсатига содиқлигини ва ташкилот доирасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканлигини кўрсатиб қўйди.

Шунинг учун ҳам бўлса керак, барча иштирокчи мамлакатлар Ўзбекистоннинг Туркий Кенгашга аъзо бўлиб қўшилиш ҳодисасини юқори баҳолашмоқда. Ўз навбатида, турли мансабдорлар шахслар ва хорижий экспертлар мамлакатимизнинг туркий халқлар тақдиридаги тутган тарихий ролини, Марказий Осиё минтақасидаги ўрнини, юқори иқтисодий салоҳияти ва ташкилот учун юксак аҳамиятини якдиллик билан эътироф этишмоқда.

Шу ўринда яна бир омилни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ўзбекистон Туркий кенгашга аъзолик мақомини қабул қилиш истагини билдирганда албатта бундай ҳамкорлик формати доирасидаги шерикчиликка талаб ортиб бораётганлигини, ташкилотдаги мавжуд механизмлардан фойдаланиш мамлакат анъанавий шериклари билан ҳамкорликни янги сифат босқичига олиб чиқиши ва бу алоқаларнинг давомли ривожи туркий тилли халқлар умумий манфаатларига хизмат қилиши муқаррарлигини инобатга олган.

Бундай ҳолат айниқса пандемия даврида яққол кўзга ташланмоқда. Дунёда ҳукм сураётган эпидемиологик инқироз яна бир бор халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва туркий халқлар жипслигини мустаҳкамлаш зарур эканлигини рўй-рост кўрсатиб қўйди. Туркий Кенгаш пандемияга қарши биргаликда кураш муҳимлиги ҳақидаги чақириқларни инобатга олиб, ушбу масалага бағишланган давлат раҳбарлари фавқулодда саммитини ўтказган биринчи халқаро тузилмага айланди.

Ушбу учрашувнинг сермазмун якунлари турли тиббий жиҳозларни етказиш йўли билан ўзаро ёрдам кўрсатиш бўйича туркий тилли давлатлар мувофиқлаштирилган ҳаракатларининг қабул қилиниши учун замин ҳозирлади.

Навбатдан ташқари саммит натижалари шу билангина чекланиб қолмади. Транспорт, иқтисод, савдо, чегара ва миграция каби бир қатор соҳаларда янги мақсадлар белгилаб олинди.

Халқаро маҳсулотлар таъминоти занжирини тўхтовсиз ишлаб туришини таъминлаш мақсадида транспорт вазирлари зарурий гуманитар ёрдам – озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотларини ўз вақтида етказиш ишларини мувофиқлаштиришни келишиб олишди.

Шулар қаторида биринчи зарурий маҳсулотларни тезкорлик билан жўнатишни кўзда тутувчи транспорт йўналишлари – «яшил йўлакларни» ишга тушириш масалалари ҳам кўрилди.

Ушбу кўрилган чоралар мажмуи туркий оламнинг умумбашарий инқирозларни хамда хавфсизлик ва инсон саломатлигига таҳдидларни биргаликда енгиш ва бартараф этиш учун ягона ёндошувлар тизими асосларини барпо этишга муваффақ бўлганлигини кўрсатди.

Мана шундай хавфларга қарши чиқиш учун ҳам минтақавий бирдамликка бўлган эҳтиёж Туркий кенгашнинг ташқи майдондаги мавқеини ва умумжўғрофий тинчлик ва барқарорликни таъминловчи халқаро тузилмалардан бири сифатидаги ролини кучайтирмоқда.

Шуларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Туркий кенгашга расмий аъзо бўлган давридан бошлаб ташкилот фаолиятида фаол иштирок этмоқда ва унинг ривожига ўзининг муносиб хиссасини қўшмоқда. Тузилма доирасида илгари сурилган мамлакатимиз ташаббуслари ўзаро манфаатларни таъминлашга қаратилган бўлиб, жамоавий интилишларни рўёбга чиқаришни ва умумий муаммоларни биргаликда бартараф этишни кўзда тутади.

Бошқача килиб айтганда, мамлакатимиз таклифлари замирида ўзаро ишонч тамойилларига асосланган бевосита ҳамкорлик алоқаларини сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда туркий тилли халқлар ва давлатлар ўртасида ривожлантириш мақсадлари ётибди.

Жумладан, Туркий кенгаш мамлакатлари аҳолисининг 40% ини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёев иқтидорли ёш авлод вакилларини тадбиркорлик соҳасига кенг жалб этиш таклифлари билан чиққан. Шу мақсадларда мамлакатимиз раҳбари Туркий кенгаш доирасида ёш тадбиркорлар форумини ташкил этишга чорлаган.

Яна бир Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ўта муҳим ташаббус транспорт-логистика соҳасида муносабатларни ривожлантиришни кўзда тутади. Бунда ўзбек томонидан йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш таклифлари билдирилган. Пировард мақсад – Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун кенг имкониятларни яратиш ҳамда мавжуд «Боку-Ахалкаласи-Карс» темир йўл йўлагидан унумли фойдаланиш учун барча шарт-шароитларни ҳозирлаш.

Шунингдек, ушбу соҳада Ўзбекистон томонидан ташкилотга аъзо давлатлар денгиз портлари ва замонавий инфраструктураларида транспорт ва логистика марказларини ишга тушириш ҳамда ташқи юкларни ташиш ишларида ўзаро мувофиқлаштирилган имтиёзларни кенг қўллаш каби таклифлар ҳам илгари сурилган.

Мамлакатимиз маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратади. Мазкур йўналиш доирасида Кенгашнинг ҳар бир мамлакатида ўз она-тилида туркий халқлар адабиётининг нодир дурдоналарини ўзида жамлаган – «Туркий адабиёт хазинаси» деб номланувчи китоблар тўпламини чоп этиш таклифи билдирилган.

Яна бир Ўзбекистон диққат марказида турган соҳа – ташкилотга аъзо давлатларда туризм соҳасини ривожлантиришдир. Ўзбекистон Туркий Кенгаш доирасидаги «Замонавий буюк ипак йўли» сайёҳлик дастурида фаол иштирокини таъминлаш истагини билдирган.

Мамлакатимиз томонидан илгари сурилган Хива шаҳрига туркий дунё маданий маркази мақомини бериш таклифи эса барча давлатлар томонидан илиқ кутиб олинди ва бир овоздан маъқулланди. Бу барча ташаббусларнинг рўёбга оширилиши Ўзбекистон туристик жозибадорлигини янада ошишига ва туркий давлатлар ўртасидаги дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шулар билан бир қаторда, яқин истиқболда яна бир талай мақсад ва вазифаларни амалга ошириш белгилаб олинган. Бу мақсадлар ичида қардош халқлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш, ҳамкорликни савдо, иқтисод, транспорт, энергетика, туризм ва маъданий-гуманитар соҳаларда ривожлантириш, тинчлик ва барқарорликни сақлаш каби вазифалар алоҳида ўрин тутади.

Шу маънода савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликни кучайтириш устувор аҳамиятга эга эканлигини ҳеч иккиланмасдан таъкидлаб ўтсак бўлади. 2016 йилдан бери Туркий кенгашга аъзо давлатлар ўртасидаги маҳсулот айланмаси 40 фоизга ошди. Ўзаро савдонинг умумий хажми эса 16 миллиард АҚШ долларига яқин.

Мамлакатлар транспорт-коммуникация соҳасида ҳам ҳамкорликни кучайтиришмоқда. Бу йўналишдаги умумий тизимли интилишларнинг сермаҳсул натижаси сифатида «Боку-Ахалкаласи-Карс» темир йўл тармоғини келтириб ўтсак бўлади. Ушбу транспорт йўлагининг транзит салоҳиятини ошириш мақсадида бугун томонлар ўртасида божхона-солиқ сиёсатини мувофиқлаштириш ва божхона жараёнини соддалаштириш масалалари устида иш олиб борилмоқда.

Ҳамкорлик фаол тарзда ривожланаётган яна бир йўналиш маданий-гуманитар соҳадир. Бу тармоқдаги эътиборни тортувчи муҳим натижалардан бири туркий университетлар иттифоқини яратилиши бўлди. Бу иттифоқ ўзида

18 та олий таълим муассасасини жамлади. Бундан ташқари, кун тартибида янгиликлар агентликлари ўртасида алоқаларни кучайтириш ва халқаро туркий тилли янгиликлар каналини ташкил этиш масалалари турибди.

Давлатлараро муносабатларда кузатилаётган бундай ижобий тенденциялар туркий тилли давлатларга ҳамкорликни ривожлантириш учун янги истиқболларни очади. Юзага келаётган имкониятлар эвазига яратилувчи ижобий муҳит Туркий кенгаш доирасидагина чекланиб қолмай, мазкур давлатларнинг бир қатор БМТ, ЕХҲТ ва ИҲТ каби халқаро институтлар билан алоқаларини ривожлантиришга ҳам ёрдам беради.

Шунинг учун Ўзбекистонда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида алоқаларни ривожлантириш учун асосий устувор мақсадлар ва умумий манфаатларга жавоб берувчи йўналишлар белгилаб олинган. Улар доирасидаги давомли биргаликдаги фаолиятни таъминлаш учун барча имкониятларнинг сафарбар этилиши ҳамкорликни бир сифат босқичидан иккинчи сифат босқичига олиб чиқиши шубҳасиз.

Биринчидан, ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларни ривожлантириш муҳим. Бугунги кунда ушбу йўналиш нафақат ҳамкорликни балки барқарор тараққиёт суръатларини ҳаракатлантирувчи кучга айланиши мумкин. Чунки айнан ушбу соҳалардаги шерикчилик тўғридан-тўғри халқ ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини оширишга хизмат қилади. 2019 йили Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган туркий давлатлар Ишбилармонлар кенгаши йиғилиши ва инвестицион форум айнан шу мақсадларни амалга ошириш учун йўналтирилганди.

Иккинчидан, транспорт ва транзит соҳасида яқин алоқаларни ривожлантиришдан барча давлатлар манфаатдордирлар. Ўзаро интеграциялашган транспорт тармоғини яратиш минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқиш учун имкон беради. Бунда биринчи навбатда гап Марказий Осиёни Хитой, Европа ва Жанубий Осиё давлатлари билан боғлашга қодир бўлган «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарб» йирик транспорт йўлаклари ҳақида кетмоқда. Минтақада шу мақсадларни ўзида ифодаловчи бир неча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Катта имкониятлар айниқса «Андижон-Ўш-Иркиштом-Қошғар» автомобил йўлагини ривожлантириш ва «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўл тармоғи қурилишини бошлаш режалари кун тартибида турганлиги билан узвий боғлиқ равишда очилмоқда.

Учинчидан, илғор информацион ва коммуникацион янгиликларни барча соҳаларда қўллаш ҳар бир давлат учун ривожланганлик ва рақобатбардошлик даражасини аниқлаб берувчи омилга айланди. Шунинг учун Туркий кенгашнинг инновацион тараққиёти масалалари устувор аҳамиятга эга. Мазкур йўналишда Ўзбекистон Туркий кенгашга аъзо давлатлар инновацион тараққиёт масалаларига жавоб берувчи муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари ва венчурлик компаниялари ўртасида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилишидан манфаатдор. Бундай ҳамкорликнинг сермазмун маҳсули келажак технологияларини ривожлантириш дастур ва лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш орқали туркий давлатлар тараққиётида технологик силжишни таъминлаш бўлиши муқаррар.

Тўртинчидан, дунёда юз бераётган глобаллашув, доимий беқарорлик ўчоқларининг юзага келиши ва кескинликнинг ошиши шароитларида яқин

ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш барқарор ривожланиш ва тараққиёт ҳамда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда муҳим рол ўйнайди. Шуларни инобатга олган ҳолда таъкидлаш мумкинки, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлигининг муҳим йўналишларидан бири ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасида терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркотикларнинг трансчегаравий ноқонуний ҳаракатига нисбатан ҳаракатларни мувофиқлаштириш бўлиши лозим.

Мухтасар қилиб айтганда, бугунги кунга келиб Туркий кенгашга аъзо давлатлар қардошлик ва биродарлик руҳидаги ҳамда иқтисодий манфаатлар устуворлиги асосида шакллантирилган ҳамкорликнинг янги босқичи сари дадил қадамлар билан одимлашмоқда. Мамлакатлар етакчиларининг сиёсий иродаси, очиқ, конструктив сиёсатлари ва мунтазамлик касб этаётган олий даражадаги учрашувлар туфайли қардош халқларнинг кўп асрлик дўстлик ришталари қайта тикланмоқда.

Азиз Каримов

 Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

 Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти

етакчи илмий ходими

Манба