СМТИ вакили қайд этганидек, терроризмга қарши кураш бугунги кунда халқаро ҳамжамият олдидаги устувор вазифалардан бирига айланган. Бундай шароитда чегара, миллат ва дин танламайдиган ушбу хавфли иллатга қарши курашишнинг самарали усулларини биргаликда топиш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
– Тадбир иштирокчиларининг таркиби, аслида, террорга қарши курашнинг умумий тамойили ва усуллари бўйича минтақавий консенсусни ифодалайди, – деди Э.Арипов. – Кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш орқали биз умумий саъй-ҳаракатларимиз самарадорлигини оширишга қаратилган минтақавий ҳамкорлик институционаллашувига илк бор гувоҳ бўлмоқдамиз.
Кенгаш БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси ва Хавфсизлик Кенгаши аксилтеррор қўмитаси Ижроия дирекциясининг барча тавсияларига амал қилади.
Тузилма иши жиноий жавобгарликка тортиш, психологик-ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва реинтеграция, диний дерадикализация, жамият ва фуқаролик жамиятини жалб қилиш унсурларини жамлаган комплекс ёндашувга асосланади.
Эксперт ишонч билан қайд этганидек, кўп томонлама ҳамкорликка таянилган ҳолдагина, давлатларнинг умумий ва комплекс ёндашуви самарали натижа бериши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев шундай деган эди:
– Ўзбекистонда бу йўналишда превентив ва профилактика чораларини қўллаган ҳолда амалга оширилаётган сиёсат комплекс, инклюзив ва изчил ёндашувга асосланган. Бу жараёнда нафақат давлат идоралари, балки фуқаролик жамияти институтлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Айни ёндашув Марказий Осиёнинг барча давлатларига хос экани қувонарли.
СМТИ раҳбари қўшимча қилишича, Ўзбекистон 2019 йилдан буён ўтказилган бешта “Меҳр” операцияси давомида Сурия, Ироқ ва Афғонистондан жами 530 дан зиёд фуқарони ватанга қайтарган. UNISEF, БМТ ТД, Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан маслаҳатлашув натижаcига кўра, таълим, тиббиёт ва ижтимоий дастурлардан фойдаланиш имкониятини ўз ичига олган комплекс, мақсадли реабилитация дастури ишлаб чиқилган ва амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, репатриантларнинг жамиятга тўлақонли интеграциялашуви, оилага, маҳаллага қайта қўшилиши учун зарур шарт-шароит яратиш юзасидан кенг қамровли ишлар қилинди.
Бу саъй-ҳаракатлар самараси БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг 47-сессияси (2021 йил июль, Женева)да Ўзбекистоннинг репатриация тажрибаси оилавий қадрият ва жамиятдаги яқин ижтимоий муносабатга асосланган ўзига хос ёндашув сифатида юқори баҳоланишида ҳам намоён бўлди.
– БМТ терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича махсус маърузачиси Фионулла Ни Аолайн хонимнинг баёноти шундан далолат беради, – деди эксперт. – Унинг сўзларига кўра, “самарадор, инсонпарвар, ҳуқуққа риоя қилинган ҳолда” амалга оширилаётган Ўзбекистон модели реинтеграциянинг илғор тажрибаси намунаси сифатида оила бирлигини, жамият жипслигини, болалар ва аёллар манфаатини сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий фаолият асосига айлантирган.