24 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Сзинпин билан музокаралари анъанавий дўстона муҳитда ўтди. Давлат раҳбарлари кўп қиррали ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалаларни муҳокама қилдилар. Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон-Хитой ўртасидаги барча шароитларда ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар қабул қилинди.
Давлат раҳбарлари ўзбек ва хитой халқларини бир-бирига яқинлаштириш, бир-бирини ўзаро тушунишни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётган маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратдилар.
Хусусан, ташриф арафасида Пекинда ўтказилган биринчи Ўзбекистон-Хитой таълим форуми, шунингдек, Шанхайда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти кўргазмаси катта муваффақият билан ўтгани таъкидланди.
Форумда икки мамлакатнинг 100 дан ортиқ олий ўқув юртлари раҳбарлари, илм-фан вакиллари, тегишли вазирлик ва идоралар мутахассислари иштирок этди. Натижада икки давлат таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик бўйича 70 та икки томонлама шартномалар имзоланди, қўшма дастурларни ташкил этиш бўйича келишувларга эришилди, бунинг натижасида 300 дан ортиқ ўзбекистонлик талаба Хитойнинг энг яхши университетларида таҳсил олиш имкониятига эга бўлди. Бундан ташқари, Ўзбекистондан 100 дан ортиқ талабалар учун грант дастурлари ташкил этилади.
Томонлар Ўзбекистон ва Хитой Олий таълим муассасалари ҳамкорлиги тўғрисида Пекин декларациясини ҳам имзоладилар, унда Ўзбекистон-Хитой университетлар ассоциациясини ташкил этиш, инновацион лойиҳалар ва тадқиқотларни биргаликда амалга ошириш, ёзги мактаблар ва оромгоҳлар ташкил этиш кўзда тутилган. Умуман олганда, таълим форуми икки давлат ўртасидаги олий таълим соҳасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама кенгайтириш ва уни янги босқичга кўтаришга катта туртки берди.
Томонлар Ўзбекистонда Хитойнинг «Лу Бан устахонаси» профессионал таълим тизимини жорий қилиш бўйича пилот лойиҳа бошланганини олқишладилар. Тегишли шартнома 2023 йилнинг ноябрь ойида Тянтсзин денгизчилик касб-ҳунар коллежи ва Тошкент давлат транспорт университети (ТДТУ) ўртасида имзоланган эди. «Лу Бан устахонаси» Хитой ва Ўзбекистон ўртасида логистика менежменти ва ахборот технологиялари йўналишлари бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги платформага айланади.
Шу билан бирга, туризмни ривожлантириш соҳасида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда ташриф чоғида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси ва Хитой Халқ Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги ўртасида 2024-2026 йилларга мўлжалланган туризм соҳасида ҳамкорлик режаси имзоланди. Бу эса, шубҳасиз, туризмни янада фаоллаштиришга, ушбу йўналишдаги ўзаро ҳамкорлик ва икки томонлама сайёҳлик алмашинувини оширишга хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, пандемиядан сўнг мамлакатимизга хитойлик сайёҳлар оқими аста-секин тикланмоқда. 2023 йилда уларнинг сони 40 мингдан ошди.
Шу кунларда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида бўлиб ўтаётган тадбирлар ҳам хитойликларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Ўзбекистон давлат симфоник оркестрининг гала-концерти, ўзбек тасвирий ва амалий санъати кўргазмаси ташкил этилди. 2023 йил октабр ойида Хитой Халқ Республикаси маданият ва туризм вазирининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Ўзбекистонда Хитой маданияти кунлари бўлиб ўтди.
Давлат раҳбарлари яхши анъанага айланган ўзаро маданият кунлари, кўргазмалар, концертлар, фестиваллар, сайёҳлик ярмаркаларини ўтказишни давом эттириш, таълим ва илмий муассасалар, ёшлар ташкилотлари ўртасидаги алмашинувни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар. Хусусан, биринчи Қўшма Ёшлар инновация форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Албатта, 2024 йил Ўзбекистонда «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилингани инобатга олинганса, ушбу тадбирни ташкил этиш жуда долзарб ҳисобланади. Бундан ташқари, ёшлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, икки мамлакат ёш авлодининг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини юзага чиқаришга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон раҳбарининг Хитойга ташрифи Ўзбекистон-Хитой муносабатларини чуқурлаштиришда муҳим босқич бўлиб, Тошкент ва Пекиннинг кўп қиррали стратегик шерикликни янада амалий мазмун билан тўлдиришга бўлган қатъий интилишларини намоён этганини ишонч билан қайд этишимиз мумкин.
Мадина Арипова,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими.