Қирғизистон Ўзбекистоннинг энг яқин қўшниси ва ишончли ҳамкоридир. Икки халқнинг тарихи ва маданияти бир-бири билан узвий боғлиқ бўлиб, бугунги кунда ҳам қардошлик муносабатлари, самимий дўстлик ва яхши қўшничиликка мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда.
Жорий йил Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 28 йил тўлди. Ўтган давр мобайнида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар тараққиётнинг турли босқичларини босиб ўтди, сайқалланиб, аниқ амалий мазмун билан бойиди, сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
“Дунё” АА мухбири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро институти етакчи илмий ходими Бекзод Ражабов билан Ўзбекистон-Қирғизистон муносабатларининг тарихи ва бугунги ҳолати ҳақида суҳбатлашди.
- Қирғизистон билан яхши қўшничилик ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган конструктив, кўп қиррали ва ўзаро манфаатли мулоқот Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир, - деди эксперт. - Ҳозирги кунда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлиб, 180 дан ортиқ битим ва шартномадан иборат. Бу ҳужжатлар савдо, иқтисодиёт, фан, туризм, транспорт, маданият ва бошқа соҳаларни қамраб олган.
Хусусан, амалдаги Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, Стратегик шериклик, дўстлик, яхши қўшничилик ва ишончни мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация каби муҳим ҳужжатлар икки томонлама муносабатларни юксак тараққиёт даражасига олиб чиқишга муносиб замин яратмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш борасида мислсиз тарихий қадамлар қўйилди, десак муболаға бўлмайди. Бу, ўз навбатида, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик тамойилларига асосланган ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга йўл очди.
Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, давлат раҳбарларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари ва сиёсий иродаси туфайли олий даражадаги учрашув ва алоқалар ҳар томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Буларнинг барчаси нафақат Ўзбекистоннинг дўстона ва ўзаро манфаатли давлатлараро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган қатъий сиёсий иродаси, балки икки қардош халқнинг тинчлик ва тотувликда яшашга бўлган хоҳиш ва интилишини амалда рўёбга чиқаришнинг натижасидир.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил сентябрь ойида Қирғизистонга давлат ташрифи икки томонлама муносабатларда янги саҳифа очилишига кучли туртки берди.
Ушбу ташриф чоғида Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегараси тўғрисидаги битим имзоланиши натижасида давлатлараро чегаранинг 85 фоизи бўйича муҳим келишувларга эришилди.
Имзоланган шартномага мувофиқ, "Дўстлик" (Андижон вилояти), "Косонсой" ва "Баймоқ" (Наманган вилояти) назорат пунктлари иши қайта тикланди. Қирғизистон фуқаролари учун “Кадамжой” ва “Водил” назорат пунктлари (Фарғона вилояти) орқали чегарани кесиб ўтиш тартиби соддалаштирилди.
Бугунги кунда икки мамлакат фуқароларига қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида 18 та назорат пункти ишлаб турибди. Буни давлат раҳбарларининг Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасини дўстлик чегарасига айлантириш муҳимлиги борасидаги ташаббусининг амалдаги ижроси сифатида кўриш мумкин. Натижада ҳар куни Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ўтаётган фуқаролар сони сезиларли даражада ошди.
Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистоннинг 4,6 миллионга яқин фуқароси қўшни мамлакатга ташриф буюриб, Қирғизистондан Ўзбекистонга келганлар сони 1,4 миллиондан ошди. Бу 2018 йилга нисбатан 30 фоиз кўп демакдир. Мазкур рақамлар икки томонлама муносабатлар бутунлай янги, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар эса тараққиётнинг кейинги босқичига кўтарилганини кўрсатмоқда.
Шуни таъкидлаш керакки, пандемия пайтида чегараларнинг ёпилиши туфайли бу кўрсаткичлар сезиларли даражада пасайди. Бироқ, шуни комил ишонч билан айтиш мумкинки, карантин тадбирлари тўлиқ бекор қилинганидан сўнг ўзаро ташрифлар сони ошиб, қирғиз ва ўзбек халқлари ўртасидаги дўстлик ва қариндошлик алоқалари янада мустаҳкамланади.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги давлат чегарасининг халқаро меъёрлар ва ўзаро манфаатларга мувофиқ якунланиши, унинг дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик чегарасига айланиши нафақат икки мамлакат, балки бутун минтақа давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Сўнгги йилларда иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилда ўзаро савдо ҳажми 818 миллион АҚШ долларини (экспорт – 668 миллион доллар, импорт – 150 миллион доллар) ташкил этди. Бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатан 80 фоиз юқоридир.
Эътиборлиси, жиддий пандемия шароитида ҳам савдо алоқалари ўсишда давом этди. Хусусан, ўтган йил давомида икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 903 миллион доллардан ошди, экспорт 756,6 миллион доллар, импорт эса 146,5 миллион долларни ташкил этди.
Икки мамлакат ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантиришда 2018 йилда ташкил этилган чегара минтақалари раҳбарлари Кенгаши фаолияти, шунингдек, инвестиция, туризм ва савдо соҳасидаги ҳамкорлик тараққий топганининг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш жоиз. Шу билан бирга, минтақалараро алоқаларни янада чуқурлаштириш мақсадида Тошкент ва Бишкек, Андижон ва Ўш, Наманган ва Жалолобод, Фарғона ва Боткен вилоятлари ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий соҳаларда ҳамкорлик тўғрисида шартномалар имзоланди.
Икки мамлакат ўртасида сармоявий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қирғизистон-Ўзбекистон инвестиция фондини яратиш бўйича амалий қадамлар қўйилмоқда.
Бундай чора-тадбирлар аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, иқтисодиётни ривожлантириш ва чегара ҳудудларида хавфсизликни барқарорлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда қирғизистонлик тадбиркорлар капитали иштирокидаги 190 га яқин корхона фаолият кўрсатмоқда, шундан 98 таси қўшма корхона ва қарийб 90 таси хорижий капитал асосида тузилган. Таққослаш учун: 2016 йилда бундай корхоналар сони 49 тани ташкил этган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Қирғизистон иқтисодиёти учун қизиқиш уйғотиши мумкин бўлган етарли даражада таъминланган озиқ-овқат ва саноат тармоғига эга бўлиб, келажакда фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ўзаро манфаатли лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.
Ўз навбатида, Ўзбекистон 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб Қирғизистонга олиб кирилаётган 73 турдаги товарлар бўйича акциз солиғини бекор қилди. Бу қарор, шубҳасиз, икки томонлама савдо-сотиқнинг ўсишига олиб келади.
Фавқулодда вазиятлар соҳасида хавф ва таҳдидларнинг олдини олиш борасида изчил ҳамкорлик олиб борилмоқда. Жумладан, 2019 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фавқулодда вазиятлар вазирликлари ҳайъатларининг қўшма мажлислари ташкил этилмоқда. 2019 йил 4-7 апрель кунлари дастлабки қўшма мажлис ўтказилди ва унда томонлар тегишли Протоколни қабул қилди. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, чегара ҳудудларда радиоэкологик, гидрометеорологик ва муҳандислик-геологик вазиятлар ҳақида ўзаро маълумот алмашиш қоидалари ишлаб чиқилмоқда.
Бу, ўз навбатида, мамлакатларимиз мавжуд долзарб ва хавфли муаммоларни ҳал қилишда яхши қўшнилар, ишончли дўстлар ва яқин ҳамкорлар сифатида биргаликда ишлашга тайёр эканидан дарак беради.
Таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда жадал суръатларда ривожланаётган сиёсий мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг барча жабҳаларида акс этиб, маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга олиб келди.
2017-2018 йилларда Тошкент, Самарқанд, Бишкек ва Ўш шаҳарларида Маданият ва кино кунларининг ташкил этилиши ва ўтказилиши бунинг яққол далилидир.
2018 йилда Ўзбекистон Ўш шаҳрида ўрта мактаб қуриб, фойдаланишга топширди. Бундан ташқари, ўша йили Ўзбекистонда қирғиз халқининг буюк фарзанди, ёзувчи Чингиз Айтматовнинг 90 йиллиги нишонланиб, унинг асарлари асосида ўзбек театрлари саҳналарида спектакллар намойиш этилди. Ўзбек ва қирғиз киноижодкорлари биргаликда Чингиз Айтматовнинг “Қизил дуррали нозик ниҳолим” ҳикояси асосида “Сарвқомат дилбарим” номли фильм яратди. Тошкентда Чингиз Айтматов номли кўча очилиб, барельеф ўрнатилди.
2018 йилнинг декабрь ойида Қирғизистон Миллий университетида Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудига бағишланган адабий кеча ўтказилди.
Қирғизистонлик санъаткорлар Ўзбекистонда анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали, бахшичилик ва мақом санъат фестивалларида мунтазам қатнашиб, совринли ўринларни қўлга киритмоқда.
Гуманитар алоқалар ривожини коронавирус пандемиясига қарши самарали курашни таъминлаш ва унинг икки томонлама муносабатларга салбий таъсирини камайтириш борасида ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар кўлами билан баҳолаш мумкин.
Ўтган йилнинг апрель ва май ойларида Ўзбекистон Қирғизистонга икки марта инсонпарварлик ёрдами жўнатди. 2020 йил давомида Ўзбекистон Қирғизистоннинг Бишкек, Боткен ва Чуй вилоятларида коронавирусга ихтисослашган модулли шифохоналар қуриб, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлади.
Бунга жавобан Қирғизистон ҳукумати Ўзбекистондаги Сардоба сув омборида содир бўлган табиий офат оқибатида жабрланганларга гуманитар ёрдам юборди. Таъкидлаш жоизки, бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўзаро ҳурмат ва дўстлик тамойилларига асосланганининг яна бир ёрқин тасдиғи бўлди.
Ҳамкорликнинг энг янги тарихини сарҳисоб қилган ҳолда шуни қайд этиш жоизки, мамлакатларимиз томонларнинг ўзаро ҳурмат, очиқлик ва самимийлигига асосланган тенг мулоқот тарафдоридир.
Шубҳасиз, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги бугунги алоқалар мисли кўрилмаган суръатларда ривожланмоқда. Мамлакатлар ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатлари, дўстлик ва стратегик шерикликни сақлаб қолишгина эмас, балки уларни ривожлантириш ва янада мустаҳкамлаш ҳам жуда муҳимдир. Муболағасиз айтиш мумкинки, Ўзбекистон ва Қирғизистон муштарак саъй-ҳаракатлар ва интилишлар орқали икки қардош халқ манфаати учун ҳар томонлама ҳамкорликни янада ривожлантираверади.