«Ўзбекистон – 2030» стратегияси: миллий тараққиётнинг янги босқичи

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ўз тараққиётининг мутлақо янги даврига қадам қўйди. Иқтисодиётни либераллаштириш, инсон капиталини ривожлантириш ва давлат бошқарувини модернизация қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўз меваларини бермоқда.

Жумладан, сўнгги икки йил давомида камбағаллик даражаси 11 фоиздан 6,8 фоизга тушди. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 107,5 миллиард доллардан 140 миллиард долларга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 17,1 миллиард доллардан 42 миллиард долларга (қарийб 2,5 бараварга) ошди. Ишсизлик даражаси 6,8 фоиздан 4,9 фоизга камайди. Мазкур натижаларга эришишда 2023 йил 11 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон – 2030» стратегияси дастуриламал ҳужжат бўлиб хизмат қилди.

Шу билан бир қаторда шиддат билан ўзгараётган глобал сиёсий ва иқтисодий вазият, технологиялар трансформацияси ҳамда ички демографик ўсиш мамлакат олдига янгидан-янги вазифаларни қўймоқда.

Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини қайта кўриб чиқиш ва уни кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, аҳолимизнинг фикр-мулоҳазалари асосида такомиллаштириш зарурлигини қайд этиб ўтган эди.

Мазкур ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йилнинг 30 декабрь куни янги таҳрирдаги Стратегия лойиҳаси кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Бундан кўзланган асосий мақсад – Стратегияни «мақсад – ҳаракат – натижа» занжири асосида такомиллаштириш, янги самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ҳамда уни умумжаҳон тенденциялари ва глобал чақириқларга уйғунлаштиришдир.

Шу ўринда «Нима учун стратегияни айнан ҳозир янгилаш керак?» деган ҳақли савол туғилади. Фикримизча, бунинг бир нечта асосий сабаблари бор. Хусусан, муҳокамага қўйилган янги таҳрирдаги Стратегия лойиҳасида қайд этилганидек, жаҳон бозорларидаги тебранишлар, таъминот занжирларининг узилиши ва энергия бозорларидаги трансформация янги ёндашувларни талаб этмоқда. Шу билан бир қаторда 2030 йилга келиб мамлакат аҳолиси 41 миллионга етиши прогноз қилинмоқда. Бу уй-жой, иш ўринлари ва ижтимоий хизматларга бўлган эҳтиёжни кескин оширади.

Яна бир омил – рақамли иқтисодиёт, сунъий интеллект ва киберхавфсизлик соҳаларини ривожлантирмасдан туриб, глобал рақобатда муносиб ўрин эгаллаш имконсиз.

Янгиланаётган Стратегиянинг бош ғояси – «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» тамойилини ҳаётга тўлиқ татбиқ этишдан иборат. Шу билан бирга, ислоҳотлар ижросини назорат қилиш учун мутлақо янги, рақамлашган тизим жорий этилмоқда. Эндиликда ҳар бир мақсаднинг бажарилиши махсус Рақамли платформада (Dashboard) акс этади. Ушбу тизим масъулиятни оширишга ва «қўл бошқаруви»дан тизимли бошқарувга ўтишга хизмат қилади.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг консолидациялашган бюджетини шакллантиришда Стратегия мақсадларининг самарадорлик кўрсаткичлари бевосита инобатга олинади.

Жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида яратилаётган «MyStrategy-2030» мобил иловаси фуқароларга ислоҳотлар жараёнини бевосита кузатиш ва ўз таклифларини билдириш имконини беради. Бу эса давлат ва жамият ўртасидаги ишонч кўпригини мустаҳкамлайди.

Хулоса қилиб айтганда, «Ўзбекистон – 2030» стратегиясини амалга оширишнинг янги босқичи – бу нафақат иқтисодий кўрсаткичларнинг ўсиш динамикасини таъминлашга, балки ҳар бир фуқаронинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган миллий лойиҳадир. Мазкур Стратегиянинг муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига қўшилишини ҳамда мамлакатда адолатли ижтимоий тизим барпо этилишини кафолатлайди.

 

Тимур Аҳмедов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим раҳбари