Ўзбекистон Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг транспорт салоҳиятини ошириш тарафдори

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) 14-саммитида илгари сурилган ташаббусларга Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти марказ раҳбари Бахтиёр Мустафаевнинг шарҳи

Давлатимиз раҳбари Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) навбатдаги саммитида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш бўйича бир қатор долзарб ташаббусларни илгари сурдилар. Улар орасида савдо-иқтисодий, транспорт, ишлаб чиқариш, илмий-технологик, туризм, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналишларидаги ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш каби таклифларни санаб ўтишимиз мумкин.

Шу билан бирга менинг фикримча, юқоридаги йўналишлар орасида энг муҳими, шубҳасиз бу транспорт соҳасини ривожлантириш ҳисобланади. Фикримга асос сифатида энг аввало Ўзбекистоннинг денгиз йўлларига чиқиш имкониятига эга эмаслигини айтишим мумкин. Бундан ташқари, мамлакатимизда миллий иқтисодиётни модернизациялашга ва рақобатбардошлигини оширишга, жаҳон иқтисодий алоқаларига қўшилишга қаратилган кенг кўламли ва тизимли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишдаги вазифаларни бажариш самарадорлиги Ўзбекистоннинг минтақавий ва халқаро транспорт-коммуникация тизимига интеграциялашувига ва янги бозорларга чиқишига боғлиқ.

Юқорида санаб ўтилган омиллар, Ўзбекистоннинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан транспорт соҳасида ҳамкорликни янада кучайтиришни тақазо этмоқда. Сабаби бугунги кунда Ташкилотга Европа, Форс кўрфази ва Ҳинд океанидаги бандаргоҳларга чиқиш имкониятига эга Туркия, Эрон ва Покистон каби давлатлар аъзо ҳисобланади.

Қолаверса бугун ИҲТ давлатлари йирик бозор ва улкан иқтисодий салоҳиятга эга. Маълумотларга кўра, 2020 йил якунига кўра, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларининг аҳолиси сони 511 млн. кишини, ЯИМ ҳажми эса 1,92 трлн. долларни ташкил этди.

Шу муносабат билан Президентимиз ИҲТ доирасида транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш бўйича ҳамкорликни янада жадаллаштириш ташаббуси билан чиқдилар. Шу ўринда бир нарсани таъкидлаб ўтишни ҳоҳлардим, транспорт-коммуникация соҳасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш нафақат Ўзбекистон миллий манфаатларига, балки Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо барча мамлакатларнинг иқтисодий ривожланишига хизмат қилади. Буни биз қуйидаги мисолларда кўришимиз мумкин.

Биринчидан, ИҲТ доирасида кенг тармоқли ва истиқболли трансминтақавий транспорт-коммуникация тизимини шакллантириш муҳим масала ҳисобланади. Сўнгги йилларда Президентимиз Ш.Мирзиёев бошчилигида олиб борилаётган янги минтақавий сиёсат натижасида Ўзбекистон-Туркманистон-Эрон-Ўмон, Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой, трансафғон каби трансминтақавий транспорт йўлакларини амалга оширишга кенг имкониятлар очилмоқда. Ушбу лойиҳаларнинг амалга ошиши ИҲТ давлатлари иштирок этаётган “Шимол-Жануб” ва “Шарқ-Ғарб” халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшади. Натижада ИҲТ аъзоларининг транспорт имкониятлари кенгайиб, инвестицион жозибадорлиги ошади.

Иккинчидан, транспорт-коммуникация соҳасида барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ИҲТ давлатларининг транспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилади. Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг Европа ва Осиё қитъасини боғлаб турувчи қулай геостратегик ҳудудда жойлашишига қарамай бугунги кунда Осиё ва Европа давлатлари ўртасидаги савдонинг 70% денгиз транспорти, 25% эса ҳаво транспорти, 5% эса қуруқликдаги йўлаклар орқали амалга оширилмоқда. Қолаверса бугунги кунда ИҲТга аъзо давлатларнинг 7 таси денгиз йўлларига чиқиш имкониятига эга эмас.

Учинчидан, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида транспорт-коммуникация соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш, қўшма лойиҳаларни амлага ошириш, истиқболли йўналишларни белгилашга хизмат қилади.

Транспорт-коммуникацияларни ривожлантириш масаласи 2017 йилда қабул қилинган “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг истиқболлари-2025” стратегиясида устувор йўналиш сифатида белгиланган. Хусусан ушбу ҳужжатда ИҲТ давлатлари ҳудудидаги транспорт йўлакларини самарадорлигини ошириш ташкилотнинг стратегик мақсади қилиб белгиланган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Президентимизнинг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти доирасида транспорт-коммуникацияларни ривожлантириш ташаббуси келажакда ягона транспорт-коммуникация маконинг шаклланишига, ташкилотга аъзо давлатлар орасида туризм, иқтисодиёт ва инвестиция соҳаларида муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Манба