Ўзбекистон – Миср ўртасидаги туризм ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикаси президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан жорий йилнинг 20-21 феврал кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди. Мазкур муҳим воқеа икки давлат учун алоҳида аҳамиятга эга эканлигини қайд этиш ўринлидир. Миср ва Ўзбекистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларини изчил равишда таҳлил этсак, ўзаро алоқалар барқарор равишда, дўстона руҳда кўплаб соҳаларда кенгайиб бораётганига гувоҳ бўламиз.

Жумладан, икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг ривожланишида туризм соҳасининг жадаллашишини кўришимиз мумкин. Мисрнинг туризм соҳасидаги катта салоҳияти Ўзбекистон учун улкан имкониятларни яратади. 

Таъкидлаш жоизки, 2022 йилда “Пирамидалар ўлкаси”га ташриф буюрган туристлар сони 11 миллион кишини ташкил этди ва бу 2021 йилдагига нисбатан сайёҳлар улуши 40 % ошганлигини кўрсатди (2021 йилда 8 миллион).  Туризм соҳасида Мисрда 3 миллиондан ортиқ киши фаолият юритиб, мамлакатга қарийб 30 миллиард АҚШ доллари миқдорда фойда олиб келади. Бу давлат Ялпи ички маҳсулотининг 5,6% ташкил этади. 

2022 йил якунига кўра, Миср аҳолиси 105 миллион кишига етди. Бу Миср араб мамлакатлари ичида энг кўп аҳолига эга давлат эканлигини кўрсатиб турибди. Мазкур ҳолат икки давлат ўртасидаги сайёҳлик соҳасидаги ҳамкорлик ўзаро сайёҳлар алмашинуви даражасида ҳам амалга оширилса, бу мамлакатимизга ташриф буюраётган туристлар кўламининг ортишига хизмат қилади.

Бунда, албатта, юртимизнинг мусулмон ўлкалари учун нуфузли зиёратгоҳлардан бири ва ислом дини буюк алломалари истиқомат қилган замин эканлигини инобатга олсак, фикримиз замиридаги муддао янада яхшироқ намоён бўлади.

Шу билан бир қаторда, Мисрнинг нафақат қадимий обидалари, балки турфа хил ноёб музейлари билан ҳам хорижий сайёҳларни жалб эта олиши бу давлат билан туризмнинг музейшунослик соҳаси бўйича изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш манфаатли бўлишини тасдиқламоқда.

Ҳозирги кунда Мисрда 70 дан ортиқ музейлар ўз фаолиятларини кўрсатмоқда. Буларнинг ичида машҳурлари сифатида Қоҳира давлат музейи, катта Миср музейи, Копт музейи, ислом санъати музейи, Нубия музейи ва Искандария миллий музейини келтириш мумкин. Миср музейлари экспонатлари жиҳатидан бойлиги ва меъморчилигининг ноёблиги билан дунёнинг бошқа музейларидан ажралиб туради. Мисол тариқасида айтсак, Қоҳирадаги ислом санъати музейи коллекциясининг ўзи ўрта асрларга тааллуқли бўлган араб, турк ва форс халқларининг 100 мингдан ортиқ қўл ҳунармандчилиги санъат дурдоналарини ўз ичига олади.

Икки давлат ҳам инсоният тамаддунининг қадимий ўчоқларидан ҳисобланади. Бу ҳақда мамлакатларимизда қад кўтарган ва сақланиб қолган меъморий обидаларнинг сони ва салмоғи гувоҳлик бермоқда. Бундай ҳолат туризм соҳасини иқтисодиёт учун стратегик йўналишга айланишига замин ҳозирлайди.

Ҳозирда Миср томонининг Ўзбекистон билан туризм доирасидаги ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштиришга қизиқиши кузатилмоқда. 

Ҳар икки мамлакат сайёҳлик соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилиш учун чексиз салоҳиятга эга. Ривожланган инфратузилма ва хизмат кўрсатишнинг юқори даражасига эга бўлган Миср дунёдаги энг машҳур сайёҳлик йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳар йили қарийб 8 миллион кишини ташкил этувчи сайёҳлик сафарлари ҳажми бўйича мамлакат минтақадаги етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик тарихига назар соладиган бўлсак, кўп йиллик ҳамкорлик фаолиятини кўришимиз мумкин. Жумладан, ушбу ҳамкорлик 1995 йилда “Ўзбектуризм” миллий компанияси ва Мисрнинг Туризм вазирлиги ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишуви доирасида амалга оширилмоқда. 

Шу ўринда Мисрнинг Ўзбекистон туризм салоҳиятини жаҳон миқёсига олиб чиқилишидаги сай-ҳаракатларини келтириб ўтишимиз мумкин. Хусусан, Миср биринчилардан бўлиб, Халқаро туризм ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессиясини (2014 йил 1-3 октябрь) ўтказишда Самарқанд шаҳри номзодини қўллаб-қувватлади. 

Шу жиҳатда, Ўзбекистон ўзининг бой маданий ва тарихий меъроси ва қулай иқлим шароити билан  Араб Республикаси аҳолиси учун энг аввало мамлакатга "зиёрат туризми"ни амалга ошириш имкониятига эга бўлган истиқболли туризм манзилидир. 2018 йил 6 сентябрда имзоланган Ўзбекистон Ҳукумати билан Миср Араб Республикаси Ҳукумати ўртасида туризм соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим ушбу соҳадаги алоқаларнинг изчил тус олишига хизмат қилади. 

Бундан ташқари, 2019 йил 21-23 февраль кунлари Бухоро шаҳрида Зиёрат туризми бўйича ўтказилган “I Халқаро форум”да Миср Вакиллар мажлиси Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмитаси раиси, “Мисрни қўллаб-қувватлаш” фракцияси раҳбари, Миср суфийлар тариқатларининг Олий кенгаши раиси доктор Абдулҳодий ал-Қасабий бош меҳмон сифатида иштирок этди. Ўз ўрнида доктор Абдулҳодий ал-Қасабий Ўзбекистоннинг Мисрдаги “Зиёрат туризм элчиси” этиб тайинланган.

Хусусан, ушбу тадбир доирасида Мисрнинг “Ал-Жумҳурия” газетаси, “Ал-Усбуъ”, “Ал-Қоҳира24”, “Сада ал-Балад” каби электрон нашрларда Ўзбекистон Халқаро зиёрат туризми ҳафталигига бағишланган хабарлар тарқатилди.

Абдулҳодий ал-Қасабий Халқаро зиёрат туризми ҳафталигидаги иштирокига бағишланган мақолада икки мамлакат ва халқларимиз ўртасидаги ришталар узоқ ўтмишга бориб тақалишига эътибор қаратилган. Миср матбуотида чоп этилган хабар ва мақолаларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда, Мисрнинг Яқин Шарқда муҳим ўринга эга экани ҳам алоҳида қайд этилган.

Шунингдек, 2022 йил 1-3 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Халқаро зиёрат туризм” ҳафталигида ҳам ал-Қасабий иштирок этди. 2022 йил январь-март ойлари давомида Миср ҳукуматига қарашли “Nile Culture” телеканалида “Барча тилларда” кўрсатувининг Ўзбекистонга бағишланган 3 та махсус сони намойиш этилди. 

Бундан ташқари, Мисрлик туроператорлар Ўзбекистонда ўтказилаётган халқаро сайёҳлик ярмаркаларининг анъанавий иштирокчилари ҳисобланади. Жумладан, жорий йилнинг 21 феврал куни «Ўзбекистон Гидлари форуми—2023» VI анъанавий гидлар форуми ўтказилди. Унда Ўзбекистон ва Миср ўртасида Қўшма ҳаракатлар режаси имзоланди. 

Шунингдек икки давлат туризм доирасидаги амалий натижаларини қуйидагиларда қайд этиш мумкин. 2020 йилнинг сўнгги чорагидан бошлаб Ўзбекистон ва Миср шаҳарлари ўртасида “Тошкент-Шарм аш-Шайх” ва “Шарм аш-Шайх-Тошкент” йўналишларида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва Мисрнинг “Air Cairo” авиакомпаниялари томонидан ҳафтасига бир мартадан сайёҳлик рейслар ҳамда ҳар шанба кунлари “Қоҳира-Тошкент-Қоҳира” йўналишида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” ва “Fly Egypt” компаниялари томонидан икки мамлакатга турли мақсадларда ташриф буюраётганлар учун рейслар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миризиёвнинг Миср Араб Республикасига ташрифи доирасида, “Air Cairo” авиакомпанияси раиси Ҳусайн Шариф ва Ўзбекистон вакиллари ўртасида Ўзбекистон ва Миср ўртасида тўғридан-тўғри ҳаво қатнови сонини ошириш ва географиясини кенгайтириш имконияти муҳокама қилинди. Натижалар эса, Мисрнинг икки йирик авиакомпанияси ушбу авиақатнов йўналишида фаолият юритишини таъминлайди. Шунингдек, бошқа йўналишлар қатори Хургада ва Шарм Ал-Шайхга парвозни ҳафтасига 14 тага етказиш борасида музокаралар амалга оширилди. 

Хулоса ўрнида айтганда, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Мисрга ташрифи икки давлатни янада яқинлаштириши ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш учун янги имкониятлар очади. Давлатлар ўртасидаги туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги мазмун ҳамда шакл билан тўлдиришни талаб этиладиган ривожланиш босқичига етиб келди. Ушбу жараёнда икки томонлама алоқаларга янгича руҳ берилиши ўзаро манфаатли бўлиши шубҳасиз.

Наримон Набиев,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ  етакчи илмий ходими 

Манба