Ўзбекистон «P4G» нинг тўлақонли иштирокчисига айланишга қарор қилди

Жорий йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилган «Яшил ўсиш ва глобал мақсадлар учун ҳамкорлик – 2030» иккинчи халқаро саммитида чиқиш қилиб, ушбу соҳада амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон «Partnership for Green Growth and Global goals» (P4G) ташаббуси шериклигига қўшилиш ҳамда унинг тўлақонли иштирокчисига айланишга тайёр эканлигини билдирди.

Мамлакатимиз раҳбарининг ушбу қарори Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эга бўлиб, республиканинг иқлим ўзгариши оқибатларини енгиб ўтиш, «яшил» тикланиш ва углерод нейтраллигини таъминлашга бўлган интилишларининг мантиқий давомидир. Жумладан, ушбу халқаро ташаббусга аъзоликнинг Ўзбекистон учун катта аҳамиятга эгалиги ва зарурлиги қуйидаги омилларда яққол ўз исботини топади:

Биринчидан, «P4G» ҳукуматлар ва бизнесга инклюзив «яшил» ривожланиш йўналишида инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқишда ҳамкорлик учун қулай платформани ўзида намоён этади. «P4G» давлат-хусусий шерикликнинг янги шакли бўлиб, унда ҳукумат, ҳусусий сектор ва фуқаролик жамияти иқлим ўзгаришига қарши курашда биргаликда иштирок этмоқда. Бу «P4G»ни ҳукуматлар ва БМТ ўзаро ҳамкорлигига асосланган, иқлим ўзгаришига оқибатларига қарши олиб бориладиган анъанавий фаолиятидан сезиларли даражада ажратиб туради.

Иккинчидан, «P4G» кун тартибида тоза ичимлик суви муаммолари, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги, «яшил» энергия, барқарор шаҳарлар ва қайта тикланадиган иқтисодиётга ўтиш масалалари каби ривожланаётган давлар учун долзарб бўлган вазифалар ётади. Ҳар йили «P4G», юқорида келтириб ўтилган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳамкорлик учун глобал танловни ташкил қилади. Танловда ғолиб бўлган давлат-хусусий шериклик лойихасига 100 минг АҚШ доллардан 1 миллион АҚШ долларгача миқдорда маблағ ажратилиши белгиланган. Ҳозирда «P4G» 30 дан ортиқ лойиҳаларни молиялаштириб келмоқда.

Учинчидан, «P4G» ҳамкор мамлакатларга хусусий халқаро инвесторлар ва манфаатдор донор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш йўлида ўз тажрибаси ва имкониятларини тақдим этади. Мисол учун, ушбу ташаббус 5 та глобал шериклар – Жаҳон ресурслари институти, Халқаро иқтисодий форум, Халқаро молия корпорацияси, C40 Cities, Climate leadership group ва Глобал «яшил» ўсиш институти каби йирик ташкилотларни ўз атрофида бирлаштиради. Мазкур халқаро ташкилотлар хусусий инвесторлар ва манфаатдор давлатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун «P4G» га ўз билимлари, тажрибалари ва молиявий ёрдамини тақдим этади.

Энг муҳими, мамлакатимизнинг ушбу дастурга шерик сифатида қўшилиши сўнгги йилларда Ўзбекистонда иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ривожлантириш ва «яшил» иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш механизмларини ишлаб чиқишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилишида яна бир ташқи кўмак бўлади.

Хусусан, «яшил» иқтисодиётни барпо этиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири 2019 йил октябр ойида «2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасини «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегияси» ни тасдиқлаш бўлди. Мамлакатимизда иқтисодий ривожланиш жараёнларига иқтисодиётнинг барча тармоқларида кам углерод сарфлаган ҳолда ривожланиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалигига йўналтирилган «яшил» иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш орқали табиий ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш усулларини тубдан ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон ушбу соҳада халқаро ҳамжамият билан ўзаро муносабатларга катта аҳамият бериб келади. Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йилда Ўзбекистон МДҲ давлатлари орасида биринчи бўлиб Глобал яшил ўсиш институтига аъзо бўлди. Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилга қадар парник газларни атмосферага чиқаришни (10%га) қисқартириш бўйича ўз зиммасига олган мажбуриятларни мунтазам бажариб келмоқда.

Юқорида келтириб ўтилган барча омиллар шуни кўрсатмоқдаки, Ўзбекистоннинг «P4G» билан ҳамкорлиги «яшил» иқтисодиётни таъминлаш учун халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш, давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик муносабатлари орқали инновацион «яшил» инвестицияларни рағбатлантириш, иқтисодиётга экологик тоза технологияларни тўлиқ жорий этиш каби мақсадларга қаратилган.

Қолаверса, иқлим муаммоларини халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзоларини ташвишга солаётган умумбашарий таҳдид эканлигини инобатга олган ҳолда яна шуни таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг P4G ташаббусига қўшилиши мамлакатимизнинг минтақавий ва халқаро миқёсдаги масъулиятли давлат сифатидаги обрўсини кучайтиради. Ўз навбатида, Ўзбекистоннинг мазкур дастурдаги фаол иштироки ривожланаётган мамлакатларнинг «яшил» ўсиш ва углерод нейтраллигига эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи платформа ҳисобланувчи P4Gнинг фаолияти янаям унумли ва самарали бўлишига хизмат қилади.

Аброржон Мадимаров

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва

минтақалараро тадқиқотлар институти

етакчи илмий ҳодими

Манба