Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги алоқалар кенг қамровли шериклик даражасига кўтарилади

Жорий йилнинг 20-21 февраль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миср Араб Республикасининг раҳбари Абдулфаттоҳ ас-Сисининг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифни амалга оширди.

Музокаралар чоғида томонлар Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигини янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар ва ўзаро муносабатларни кенг қамровли шериклик даражасига олиб чиқишга келишиб олдилар.

Давлат раҳбарлари сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция, маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган Қўшма баёнотни қабул қилдилар.

Таъкидлаш ўринлики, бугунги кунда Миср Араб Республикаси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.

Миср араб мамлакатлари орасида биринчилардан бизнинг мустақиллигимизни тан олган давлат саналади. Дипломатик муносабатларимизнинг ўрнатилганига ўтган йили 30 йил тўлганига қарамай, азалий дўстлик ва мустаҳкам ишонч устунларига қурилган икки мамлакат халқлари ўртасидаги алоқалар узоқ йиллик тарихга эга.

Бу ўринда айтиш жоизки, алоқаларимизнинг янгича мазмун билан бойишига ва жадал суръатлар билан фаоллашувида қуйидаги омилларнинг ўзига хос ўрни бор.

Авваламбор, икки давлат раҳбарлари ўртасида нафақат расмий, балки ўзаро самимий дўстлик муносабатлари ўрнатилган.

Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йилда Ўзбекистонга расмий ташрифи ва унинг юртбошимиз Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган олий даражадаги учрашуви тарихий аҳамият касб этди.

Бундан ташқари, 2022 йил февралида икки давлат раҳбарлари Пекинда ўтказилган қишки Олимпиада ўйинларининг тантанали очилиш маросими доирасида хам учрашиб, музокаралар олиб бордилар. Ушбу юқори даражадаги тадбирлар якунида эришилган келишувлар сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан каби соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга мустаҳкам замин яратди.

Шунингдек, икки томонлама алоқаларнинг мавжуд институционал механизмлари такомиллаштирилмоқда ва янгилари ташкил қилинмоқда. Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Миср парламентлари, вазирлик ва идоралари ўртасидаги ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди.

Жумладан, давлатлар парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда, ташқи ишлар вазирликлараро мунтазам сиёсий маслаҳатлашувлар механизми самарали фаолият олиб бормоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон-Миср ҳамкорлигининг шартномавий-ҳуқуқий базасини 60 га яқин ҳужжат ташкил этади. Бу ўзаро ҳамкорлик кўламини кенгайгайтиришга ва икки томонлама муносабатларни янги даражага олиб чиқишга имкон яратиб беради.

Шу билан бир қаторда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг илк давридан бошлаб Тошкент ва Қоҳира халқаро майдонда ишончли ҳамкор эканликларини кўрсатдилар ва бугунги кунга қадар бир-бирини дипломатик қўллаб-қувватлаб келмоқда.

Томонлар етакчи халқаро ташкилотлар (БМТ, ШҲТ, ИҲТ) доирасида фаол ва самарали хамкорликни йўлга қўйган. Хусусан, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 2016 йил октябрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтган 43-сессиясида Миср делегацияси иштирок этди.

Ўтган йили Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида Ислом тараққиёт банкининг Бошқарувчилар Кенгашининг навбатдаги 47-йиллик йиғилишида Ўзбекистон делегацияси қатнашди.

Самарқандда ўтказилган ШҲТнинг навбатдаги саммити фаолиятида Миср делегацияси иштирок этди. Аҳамиятли жиҳати шундаки, айнан ушбу ташриф доирасида Миср Араб Республикасига ШҲТнинг «Мулоқот бўйича ҳамкори» мавқеини бериш ҳақида тарихий ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари долзарб минтақавий ва глобал масалаларга нисбатан икки мамлакатнинг ёндашувлари бир-бирига яқин саналади. Ўзбекистон Мисрнинг Яқин Шарқ муаммосини тинч йўл ва дипломатик воситалар орқали ҳал этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Қоҳира ўз навбатида Тошкентнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатиш йўлидаги борасидаги амалий ва адолатли сиёсатини ва минтақада олиб бораётган дипломатик фаоллигини ижобий баҳолайди ва буларни минтақавий хавфсизликни таъминлашдаги муҳим омиллар деб билади.

Қайд этиш лозимки, давлатларимиз халқаро майдонда атроф- муҳитни асраш ва экологик муаммоларни биргаликда бартараф қилишда самарали ҳамкорлик қилмоқдалар. Жумладан, Мисрнинг Шарм аш-Шайх шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси томонларининг 27-конференциясида (COP27) Ўзбекистон Республикаси делегацияси иштирок этди.

Ўз навбатида Миср томони давлатимиз ташаббуси билан БМТ доирасида қабул қилинган «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш» (2021 йил) резолюциясининг ҳаммуаллифлари қаторига кирди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ва Миср Президентлари ўртасида Қоҳирада бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар ва имзоланган икки томонлама шартномалар мамлакатларимиз ўртасидаги фаол ривожланаётган алоқаларни мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади.

Сарвар Камолов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги СМТИ бош илмий ходими

 Манба