Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 29 март куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга ташриф буюрди. Икки мамлакат етакчилари иштирокида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг иккинчи йиғилиши якунлари бўйича қўшма баёнот имзоланди. Бундан ташқари, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон—Туркия ҳамкорлигини янада кенгайтиришга қаратилган 9 та ҳужжат имзоланган.
Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Баҳром Сотиболдиев «Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовга берган интервьюсида икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, стратегик шерикчилик ва келгусидаги режалар ҳақида фикр билдирди.
Тадқиқотчи экспертлар Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорлик даражаси жуда ҳам юқори натижалар кўрсатаётганини айтмоқда. Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида ўзини дунёга намоён қиляпти. Мамлакатимизда яратилаётган имкониятлардан Туркия ҳам тўғри фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Буни тўғри тушуниш керак. Сабаби Ўзбекистон билан ҳамкорлик Туркиянинг инвестициялари, илм-фани ривожланиши учун ҳам фойда. Шунингдек, Туркия билан Ўзбекистон ҳудудидаги хом ашё ресурсларни қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни биргаликда ишлаб чиқариб, уни янги-янги бозорларга сотиш имконияти пайдо бўляпти.
Қурилиш секторида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистонда сўнгги 5 йил ичида олиб борилаётган қурилишларда, янги технология ва билимларни жалб қилишда туркиялик тадбиркорларнинг, катта-катта ширкатларнинг билимларидан, тажрибаларидан, имкониятларидан фойдаланяпмиз. Ўзаро манфаатли алоқаларда биз улардан билим ва кўникмалар, тажрибаларни оляпмиз, улар эса ўзлари учун янги бозорларни кашф қиляпти. Шунингдек, бу алоқалар икки халқлар ўртасидаги дўстлик-биродарлик ришталарини янада жипслаштириш учун имконият беради.
Ўйлайманки, дунёнинг геосиёсий ҳамда геоиқтисодий харитаси жуда катта ўзгаришларни бошдан кечиряпти. Бу каби жиддий ўзгаришлар бўлаётган бир даврда, хавф ва таҳдидларни кўпайганлиги билан биргаликда, эҳтимол, янги имкониятлар эшиклари очилаётган бўлиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз имкониятлардан тўғри фойдаланишдан рағбат топишимизни ўйлашимиз керак. Туркия ҳам худди шунақа фикрда, деб ўйлайман. Жалолиддин Румийнинг бир яхши гапи бор – «Имконингдан имкон изла». Ҳар қандай мураккаб ҳолатда ҳам ундан чиқиб кетишнинг йўллари бўлади.
Мутахассис Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатидаги асосий устувор йўналишларидан бири — Марказий Осиёни биргаликда ҳаракат қиладиган майдонга айлантиришдан иборат эканлигини таъкидлади.
«Марказий Осиё мамлакатларининг барчаси хом ашё ресурсига бой, арзон ишчи кучига эга бўлган мамлакатлар ҳисобланади. Технологияларни биргаликда олиб кириб, биргаликда бозор яратиб, шу бозорнинг имкониятларидан рақобат қилмоқчи бўлган мамлакатларнинг саъй-ҳаракатларини жипслаштириб, бунёдкорлик, яратувчилик марказларини ташкил қилиш керак. Зеро бундан ҳамма фойда топсин, зарар топмасин. Бизнинг энг асосий мақсадимиз ҳам шу. Шундагина биргаликда бу минтақани барқарор ривожлантириш минтақасига айлантирамиз. Президентимизнинг ниятлари холис. Бу режаларга биз бирлашиб, жипс бўлиб, мамлакат раҳбариятининг атрофида бирлашган ҳолда ҳаракат қилсак, албатта, эришамиз», — дейди у.
Баҳром Сотиболдиев Туркия билан алоқаларни яхшилаш жуда кўп соҳаларда намоён бўлаётгани ҳақида айтиб, уни мисоллар билан изоҳлади.
«Масалан, инвестициялар, тўқимачилик, таълим, маориф, янги саноат кластерларини ташкил қилиш, хом ашё маҳсулотларини қайта ишлаб чиқариш каби соҳаларда намоён бўлмоқда. Янги очилаётган имкониятлардан улар ҳам, биз ҳам тўғри фойдаланишимиз керак. Вақт жуда шиддат билан ўтяпти, шароит тез ўзгаряпти. Лекин шунга қарамасдан биз буни тўғри баҳолашимиз, вазиятдан унумли фойдаланишимиз керак. Ўйлайманки, икки мамлакатнинг интилишлари холис ва иккала томон учун ҳам фойдали бўлади», — дейди у.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон—Туркия стратегик шериклик кенгашининг учинчи йиғилишини ўтказиш учун Туркияга бориш режалаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида 29 март куни Тошкент вилоятида замонавий иссиқлик электр станциясини ишга тушириш ҳамда Сирдарё вилоятида шундай станция қурилишини бошлаш маросими бўлди. Ушбу лойиҳалар Туркиянинг Cengiz Enerji компанияси томонидан амалга оширилмоқда.
Шунингдек, икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари даражасида кўп қиррали Ўзбекистон—Туркия ўртасида имтиёзли савдо тўғрисида, меҳнат ва бандлик, суд экспертизаси, қурилиш каби соҳаларга оид ҳужжатлар имзоланди.
Баҳром Сотиболдиев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи