Шу йилнинг 4-5 октябр кунлари Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи амалга оширилди.
Бу галги ташриф икки биродар халқларнинг самимий истак ва интилишларини, ўзаро манфаатли кўп томонлама ҳамкорлик йўлидан бориш ниятини ифодалайди. Шу билан биргаликда, давлатларимиз ўртасидаги Стратегик шериклик янги, янада салмоқли амалий мазмун билан бойиди.
Музокаралар давомида давлат раҳбарлари Ўзбекистон-Туркманистон кўп қиррали ҳамкорлигида мавжуд масалаларнинг бутун доирасини муҳокама қилиб, конструктив сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни кенгайтириш, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратдилар. Бундан ташқари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ташриф якунида икки мамлакат Президентларининг Қўшма баёноти қабул қилиниб, кўп қиррали шерикликни жадаллаштиришга қаратилган 23 ҳужжат ва шартномалар имзоланди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги 4 йилда иккитомонлама ташрифлар, шунингдек, минтақавий ва халқаро ташкилотлар саммитлари доирасида давлатларимиз раҳбарлари 8 маротаба учрашишди. Бундан ташқари долзарб аҳамиятга эга мавзулар доирасида мунтазам равишда телефон орқали музокаралар ўтказиш анъанага айланди. Ушбу жараёнлар, шубҳасиз, тарихан шаклланган дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, маданий ва маънавий анъаналар умумийлигига асосланган давлатлараро муносабатларнинг жадал ривожланишининг ёрқин далилидир.
Мулоқотлар асоси
Дипломатик алоқалар ўрнатилган 1992 йилдан буён икки мамлакат ўртасида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро даражада 250 га якин шартнома ҳамда келишувлар мавжуд.
Шулардан 50 тадан ортиғи (25%) сўнгги 4 йил давомида давомида имзоланган. Бу ҳужжатлар ҳамкорликнинг барча муҳим йўналишларини қамраб олди ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий ва бошқа соҳаларда биргаликдаги ҳаракатларни мустаҳкамлаш учун асосга айланган.
Эътиборли жиҳати шундаки, ўтган қисқа давр мобайнида икки давлат ўртасида стратегик шерикчилик даражасига кўтарилди. Ўзаро ишончга асосланган сиёсий мулоқот, ҳамкорликни барча жабҳаларини қамраб олган салмоқли шартномавий-ҳуқуқий база икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим рол ўйнамоқда.
Хусусан, сўнгги йилларда товар айланмаси ҳажми шиддат билан ўсмоқда. Жумладан, 2017-2020 йилларда ўзаро савдо кўрсаткичлари уч баробарга кўпайиб, 527 миллион доллардан ошди. Пандемия оқибатларига қарамай, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўзаро савдо айланмаси яна 25% ортди.
Айтиш лозимки, давлат раҳбарлари ушбу кўрсаткичда тўхтаб қолмаслик кераклигини алоҳида таъкидлашмоқда. Ўзаро савдо-сотиқ жараёнини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш, жумладан, мавжуд тариф ва нотариф тўсиқларни бекор қилиш ҳамда икки мамлакат бозорларига товарларнинг киришини соддалаштириш орқали яқин келажакда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида савдо айланмаси ҳажмини 1 млрд долларга етказиш бўйича Президентлар томонидан икки мамлакат ҳукуматлари олдига вазифа қўйилди.
Хусусан, бўлиб ўтган ташриф доирасида имзоланган Чегараолди савдо зонасини ташкил этиш тўғрисидаги битим, шунингдек, учинчи мамлакатларда келаётган импортнинг ўрнини Ўзбекистон ва Туркманистонда ишлаб чиқарилаётган ва икки мамлакат бозорларида талаб юқори бўлган рақобатбардош маҳсулотлар билан босишга доир келишув ўзаро савдони кўпайтиришга хизмат қилади.
Бу борада икки мамлакат ҳудудларидаги имкониятларни янада тўлиқ ишга солиш мақсадида ҳамкорликнинг янги механизми – Чегарадош вилоятлар ўртасидаги бевосита мулоқот ҳамда мунтазам равишда Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудлараро форумни ўтказишни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.
Бу иқтисодий ҳамкорликни ўстиришнинг янги драйвери бўлиб хизмат қилиши аниқ. Бундай форматдаги илк учрашув келгуси йилда Хивада ўтказишга келишилди.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, Туркманистон томонидан Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига талаб юқори. Жумладан, Туркманистон оммавий ахборот воситали маълумотларига кўра, ташрифга тайёргарлик жараёнида Туркманистон ҳукумати ўз корхоналаридан 307 миллион доллардан ортиқ Ўзбекистон маҳсулотларини сотиб олиш бўйича шартномалар тузиш таклифларини берган.
Эътиборли жиҳати шундаки, ташриф доирасида Ўзбекистон-Туркманистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди ва томонлар ўртасида қишлоқ хўжалиги, кимё, тўқимачилик, электротехника, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика саноати, виночилик, автомобилсозлик ҳамда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қатор инвестициявий битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.
Ҳамкорликнинг янги йўналишлари
Ўзбекистон ва Туркманистон муносабатларининг иқтисодий соҳада ривожланишининг яна бир муҳим жиҳати бу – самарали саноат кооперацияси ривожлантириш ва узлуксиз қўшилган қиймат занжирларини шакллантиришга бўлган қизиқишдир. Сўнгги 4 йил мобайнида Ўзбекистонда Туркманистон иштирокида ташкил этилган қўшма корхоналар сони 9 тадан 160 тага етди.
Ушбу ташриф давомида саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришда энг кўп қамровли йўналишлардан бири ҳисобланадиган автомобилсозлик соҳасида ҳамкорлик йўлга қўйилиши билан тарихда қолади. Жумладан, “Ўзавтосаноат” ва “Туркман-Моторс” ўртасида меморандум имзоланди. Ушбу ҳужжатга кўра, “UzAuto Motors” автомобиллари Туркманистонда йиғилиши, ҳамда бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва уларни экспорт қилишни кўзда тутилган.
Бундан ташқари бошқа транспорт воситалари – юк машиналари, автобуслар, қишлоқ хўжалиги ва тиркамалар йиғишни йўлга қўйиш борасида келишувга эришилди.
Ушбу қўшма кархона биринчи йили 10 минг донагача қишлоқ хўжалиги техникаси ишлаб чиқаришни режалаштирган ва келгуси 5 йил давомида 50 минг донагача етказиш кутилмоқда.
Энг муҳи жиҳати шундаки, бу борадаги ҳамкорлик янги иш ўринларини яратиш, ялпи ички махсулот таркибида саноат улушини ошириш, экспорт бозорларига чиқиш ва аҳолини сифатли автомобиллар билан таъминлаш имконини беради.
Мухтасар қилиб айтганда, бугун икки мамлакат раҳбарлари кўп томонлама стратегик шерикчиликни изчиллик билан ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун қатъий хоҳиш, шунингдек, янги марраларни елкама-елка туриб забт қилишга бўлган интилишни намоён этмоқдалар. Шубҳасиз, икки давлат томонидан иқтисодий ва савдо алоқаларини яхшилаш учун амалга оширилаётган чора-тадбирлар, аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бу эса энг аввало, Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, қардош ўзбек ва туркман халқларининг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш мақсадида дўстона, яқин қўшничилик ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизлик муҳитини шакллантиришда муҳим ўринга эгадир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими Аллаберганов Қаҳрамон