Жорий йил 28 май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 майдаги «Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида»ги фармонининг асосий бандлари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида нашр этилди ва Ташкилотнинг барча расмий тилларида аъзо давлатлар вакилларига тарқатилди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, жумладан, фуқароларнинг диний эркинлигини таъминлаш бўйича шаффоф сиёсат олиб борилмоқда, мазкур ислоҳотларни амалга оширишда халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда. Халқаро ҳамжамият Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ва одил судлов соҳасидаги саъй-ҳаракатлари ҳамда мамлакатнинг очиқлигини, конструктив мулоқотга тайёрлигини юқори баҳоламоқда.
Жумладан, мамлакатимизга ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва виждон эркинлигини таъминлаш, динга эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича янги босқичда амалга оширилаётган ўзгаришларни юксак баҳолаган эди.
Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео жорий йил февраль ойида юртимизга ташрифи чоғида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ютуқлари учун олқишга лойиқлигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон фуқаролик жамияти учун имкониятларни кенгайтирмоқда, мажбурий меҳнат муаммоларини ҳал қилмоқда ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига қўйилган чекловларни олиб ташламоқда.
Бу эътирофлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, инсон, унинг қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилиш соҳасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар халқаро меъёр ва умумэътироф этилган стандартларга тўла мос келишидан далолат бериб турибди.
Ислоҳотлар диний эркинликка оид конституциявий ҳуқуқни амалга ошириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратмоқда. Жамиятда экстремистик ғояларнинг тарқалишига қарши кураш бўйича ишлар тубдан қайта кўриб чиқилиб, бу борада куч ишлатиш ёки маъмурий ва жиноий жазо усуллари орқали эмас, балки адашганларни профилактика, маънавий-маърифий чоралар билан жамиятга қайтариш ва мослаштириш бўйича янгича тизим йўлга қўйилди.
Маҳкумларни афв этишга қаратилган Афв этиш институти жорий этилди. Ушбу институтнинг моҳиятида инсонпарварлик, кечиримлилик, бағрикенглик каби тушунчалар ётади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, афв этиш давлат раҳбарининг қандайдир мажбурияти, бурчи эмас, балки ҳуқуқи ҳисобланади. Президентимиз ушбу ҳуқуқдан фойдаланиб, адашган шахсларга яна бир бор тўғри йўлга қайтишга имкон бераётгани эътиборга лойиқ.
Умуман, юртимизда инсон қадр-қиммати, унинг ҳуқуқларини ҳар томонлама рўёбга чиқаришга бўлган эътибор давлат даражасида кучайди ва бу давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди. Буларнинг барчаси «Халқ давлат идораларига эмас – давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил асосида рўёбга чиқарилмоқда. Бу эса инсонга, халққа хизмат қилиш йўлидаги мутлақо янги тизим ва янгича ёндашувдир.
Турсунбой ЗИКИРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи.
Кейингиси
Рақамли иқтисодиёт – ҳозирги давр талаби
2020 йил мамлакатимизда «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» деб эълон килинди.
06.06.2020