Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик минтақадаги бошқа давлатлар учун намуна бўлиши керак

Қозоғистонлик эксперт: Бизда ижобий асос бор, Ўзбекистон ва Қозоғистонни умумий ўтмиш боғлаб туради.

Қозоғистон Президенти хузуридаги Стратегик тадқиқотлар институти директори Еркин Тўкимов “Қардош давлатлараро муносабатни табиий равишда боғлаб турадиган Ўзбекистон – Қозоғистон стратегик шериклиги ўтган йиллар давомида ўзини тўла оқлади”, дея таъкидлаб, айни ҳолат мавжуд ўзаро тушуниш мулоқот доирасини кенгайтиришда давом этиши”га ишонч билдирди.

Шу билан бирга эксперт икки томонлама ҳамкорликнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида гапирар экан, бир неча муҳим жиҳатга тўхталди:

Биринчидан, мамлакатларимизни бирлаштирган тарих, маданият, география муштараклиги муносабатимизни ўзига хос тарзда, юксак ишонч асосида қуришни белгилаб беради.

Иккинчидан, Қозоғистон ва Ўзбекистон Марказий Осиёда энг йирик иқтисодиётга эга икки давлат. Умумий ялпи ички маҳсулот 260 миллиард доллардан ошиқ, минтақанинг умумий ЯИМ эса 350 миллиард доллар.

Учинчидан, ҳар икки давлатнинг халқаро масалаларга ёндашуви ўхшаш, хавфсизликка таҳдид ва ташқи сиёсий ҳаракатга нисбатан қарашлари умумий.

ҚСТИ вакили айтишича, бугунги кунда Остона ва Тошкент сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда самарали ҳамкорлик қилмоқда. Ҳукуматлараро ва парламентлараро даражаларда шериклик йўлга қўйилди, икки давлат раҳбарияти учрашувларини тизимли қилиш имконини берувчи Олий давлатлараро кенгаш тузилди.

Қозоғистон ва Ўзбекистон бутун Марказий Осиёда барқарорлик, хавфсизлик ва иқтисодий фаровонликни таъминлашда беқиёс ўрин эгаллаши таъкидланди.

“Сўнгги пайтда Тошкент кўрсатаётган очиқлик туфайли муҳит ижобий томонга ўзгармоқда. Шу билан бирга Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ўзаро манфаатлидир. Ўзбекларга яхши бўлган нарса қозоқларга ҳам яхши. Бу жаҳон бозорида олдинга силжишнинг ягона йўли, ишбилармон доираларни, жумладан, Қозоғистонни ҳам рағбатлантирадиган ижобий тенденциядир”, — таъкидлади Еркин Тўқимов.

Эксперт маданий-гуманитар соҳадаги Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлиги жадал ривожланиб бораётганига, мунтазам равишда Маданият кунлари, турли кўргазмалар ўтказилаётганига, қозоқ ва ўзбек тилларини ўрганиш марказлари очилаётганига эътибор қаратди.

Шу нуқтаи назардан, у “халқ дипломатиясини янада ривожлантириш, бир-биримизни, жумладан, экспертлар мулоқоти орқали кўпроқ билиш” зарурлигини таъкидлади:

“Томонлар дипломатиянинг “иккинчи – экспертлар йўли”ни фаоллаштириши муҳим. Айниқса, “Қозоғистон ва Ўзбекистон ижобий муҳитга эга, бизни умумий хусусият боғлаб туради”.

Манба