Санжар Валиев: иқлим ўзгариши 30 йил ичида жаҳон иқтисодиётига 8 трлн долларга тушади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида «Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни»ни таъсис этишни таклиф қилди.

Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори ўринбосари Санжар Валиев Ўзбекистон раҳбарининг ушбу таклифи борасида фикр билдирди.

Ушбу ташаббуснинг киритилиши Ўзбекистоннинг мамлакат ва минтақавий даражадаги экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган сўнгги йиллардаги саъй-ҳаракатлари натижаси ҳисобланади. Оролбўйи минтақаси учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон хавфсизлигини таъминлаш бўйича кўп томонлама траст фонди ва БМТ шафелигида "Оролбўйи минтақаси - экологик инновация ва технологиялар ҳудуди" юқори даражадаги халқаро конференциясини ташкил этиб, биз халқаро ҳамжамият ёрдамида энг мураккаб экологик муаммоларни ҳал қилиш қанчалик ўзгариши мумкинлигига ишонч ҳосил қилдик. Ўзбекистон раҳбари халқаро стратегия яхлитлиги доирасида узоқ муддатли ва изчил ҳаракатлар зарурлигини ҳисобга олган ҳолда дунё раҳбарларига «Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш куни»ни таъсис этишни таклиф қилди.

Ушбу янги ташаббус халқаро ташкилотлар, давлатлар ва жамоат гуруҳларининг жуда катта салоҳиятини биргаликда ечим топиш ҳамда ёш авлодни тарбиялашга сафарбар қилишга чақиради. Пандемия оқибатлари келажакда янада зарарли таъсир кўрсатиши мумкин бўлган  бошқа глобал муаммоларни ҳал қилишни кун тартибидан олиб ташламаслиги керак.

Халқаро кунлар ҳар доим жаҳон жамоатчилиги эътиборини умумий масала ва муаммоларга жалб этиш учун яхши имконият ҳисобланади. Ҳозирги кунда БМТнинг Бутунжаҳон атроф-муҳитни ҳимоя қилиш куни - 5 июнь, БМТнинг Бутунжаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш куни - 17 июнь, Халқаро озон қатламини сақлаш куни - 16 сентябрь, БМТ Ер куни - 22 апрель ва бошқалар каби 20дан ортиқ халқаро кунлари атроф-муҳитни муҳофаза қилишга бағишланган.

Атроф-муҳит муаммоларига эътибор қаратаркан, БМТ Бош Ассамблеяси 2021-2030 йилларни "Экотизимларни тиклаш ўн йиллиги" деб эълон қилди. Ушбу ўн йиллик давомида бутун дунё мамлакатлари биргаликда иқлим инқирозига қарши кураш, озиқ-овқат хавфсизлиги ва сув таъминотини яхшилаш мақсадида издан чиққан ва вайрон бўлган экотизимларни тиклаш ҳажмини кўпайтириш ниятида. 

Бугунги кунда Марказий Осиё табиий ресурслар ўзлаштирилиши, қишлоқ хўжалиги, саноат ва энергетиканинг ривожланиши туфайли турли хил экологик муаммоларга дуч келмоқда. Кучли деградация, ер ресурсларининг шўрланиши ва ботқоқланиши, Марказий Осиёнинг асосий дарёлари - Амударё ва Сирдарёни озиқлантирувчи минтақа тоғларидаги музликларнинг камайиши кузатилмоқда.

Ҳаётий муҳим экотизимларнинг йўқ бўлиб кетишига олиб келадиган чўлланиш жараёнлари жиддий хавф туғдиради. Биохилма-хиллик минтақамизнинг табиий бойликларини камайтирган ҳолда тезлик билан қисқармоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиё дунёдаги иқлим ўзгаришларига энг заиф минтақалардан бири ҳисобланади. Олимлар иқлим исиши тенденциялари янада кучайиши, сув ресурсларининг камайиши ва табиий офатларнинг кўпайишини тахмин қилишмоқда.

Яқин 30 йил давомида глобал миқёсда иқлим ўзгариши ва унинг оқибатлари жаҳон иқтисодиётига 8 триллион долларга тушади. Иқлим ўзгариши таъсири туфайли 2050 йилга келиб жаҳон ЯИМнинг ўсиши 3 фоизга пасаяди.

Шу боис Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан таклиф қилинган Халқаро экологик тизимларни ҳимоя қилиш ва тиклаш кунини таъсис этиш дунё минтақаларида экологик хавфсизликни таъминлашнинг қўшимча механизмларини ишлаб чиқишга етарлича даражада кучли туртки бериши шубҳасиз.

Манба