Коронавирус. Дунёда касаллик тарқалиши билан боғлиқ вазият қандай?

Коронавирус инфекцияси вирусининг ер юзи бўйлаб тарқалиш суръати юқорилигича сақланиб қолмоқда. ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги 5 ой ичида дунё бўйлаб 15 ёшдан 24 ёшгача бўлган ёшлар орасида COVID-19 билан касалланиш даражаси уч баробарга кўпайди. Экспертларнинг таъкидлашича, ёшлар ниқоб тақиш ва ижтимоий масофани сақлаш каби ёшлар эҳтиёт чораларига бепарво қарамоқда.

«Reuters» хабар беришича, ЖССТ томонидан 6 миллион зарарланиш ҳолати таҳлил қилинган. Таҳлил натижалари асосида ташкилот мутахассислари 24 февралдан 12 июлгача бўлган даврда 15-24 ёшдагилар орасида COVID-19 вирусини юқтирганлар сони 15 фоизгача ошди, деган хулосага келишди. Ушбу ёш гуруҳида юқтирилганлар фоизи 4,5 эди.

Ташкилот мутахассисларининг маълум қилишича, ушбу даврда 5 ёшдан 14 ёшгача бўлганлар орасида касалликка чалинганлар сони 0,8 фоиздан 4,6 фоизга ошди, бу эса мактаблар очилгандан сўнг инфекция тарқалишининг янги тўлқини келиши борасида хавотир туғдирмоқда.

Марказий Осиё (Aфғонистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон)да касалланиш улуши бутун дунёда аниқланган ҳолатлар статистикасининг ҳалиям 1,09 фоизини ташкил қилмоқда. Тузалганлар кўрсаткичи нисбати 1,2, ўлим ҳолати нисбати эса 0,6 фоизга тенг.

Сўнгги кунларда Қозоғистон ва Қирғизистонда коронавирус тарқалиш суръати пасайиши кузатилмоқда. Шунга қарамай, ушбу мамлакатларда кузда мавсумий касалликлар - грипп ва ОРВИ ҳолатлари кўпайиши туфайли коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқинининг олдини олиш бўйича фаол чоралар кўрилмоқда.

Статистика

«Worldometers» маълумотига кўра, 5 август соат 17:00 ҳолатига кўра дунёда касалланганларнинг умумий сони 18 миллион 728,7 минг кишини ташкил этди, 704,8 мингдан ортиқ одам вафот этган.

Касалланиш ҳолати энг кўп қайд этилган давлатлар: AҚШ - 4 миллион 918,8 минг, Бразилия - 2 миллион 808,1 минг ва Ҳиндистон - 1 миллион. 910,7 минг киши.

Ўлим ҳолати: AҚШ - 160 323, Бразилия – 96 096, Мексика – 48,869, Буюк Британия - 46 299, Ҳиндистон - 39 856. COVID-19 дан даволанганларнинг умумий сони 11 941 353 кишига етди, бу умумий миқдорнинг 63,7 фоизига тенг.

Марказий Осиёдаги вазият

Қозоғистонда касалланганларнинг умумий сони 94,882 нафар, 67 031 киши соғайган, 1058 фуқаро вафот этган. "Казинформ" ХАА хабар беришича, Идоралараро комиссиянинг йиғилиши бўлиб ўтиб, унда Қозоғистоннинг COVID-19 қарши эҳтимолий вакциналар мажмуасидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Хабар қилинишича, йиғилиш давомида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлиги коронавирусга қарши вакцинани сотиб олиш бўйича дастлабки шартномаларни тузиш юзасидан бажарилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди. Бош вазир ўринбосари Е.Тугжанов давлат идораларига вакцинация қилинадиган гуруҳларни аниқлаш, зарур харажатларни ҳисоблаш ва Қозоғистоннинг «Covax Facility» дастурида иштирок этиш имкониятларини таҳлил қилиш бўйича топшириқлар берди.

Коронавирус инфекциясига қарши маҳаллий вакцинани ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, шунингдек, жорий йил охирига қадар Жамбил вилоятидаги Биологик хавфсизлик муаммолари илмий-тадқиқот институти ҳузурида вакциналар ишлаб чиқараш бўйича биофармацевтика заводини ишга тушириш зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Қирғизистонда касалликка чалинганларнинг умумий сони 38 110 га етди, 29 513 киши тузалди, 1 438 нафар фуқаро вафот этди. Бугунги кунга келиб, мамлакат эпидемиологлари Оксфорд университетидаги ҳамкасблари билан биргаликда эпидемиологик вазиятни прогнозлашни қайта таҳлил қилдилар.

Профилактика тиббиёти илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳузуридаги Республика инфекцияни назорат қилиш илмий-амалий марказининг эпидемиологи A.Кравцов кузда мамлакатда июль ойида бўлгани каби касалланишнинг чўққиси кутилмоқда, деб таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, таҳлил шуни кўрсатдики, мамлакатда касалланишнинг чўққиси октябрь ойида бўлиши кутилмоқда. Шу сабабли эпидемиолог кузда мамлакатда "иккинчи тўлқин" бўлишига холис тайёр бўлиш кераклигига ишонади.

Ҳукуматда Бош вазир К.Боронов иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, Қирғизистонда куз-қиш мавсумига тайёргарлик бошланди, фуқароларни грипп ва ОРВИга қарши эмлаш режалаштирилган. К. Боронов таъкидлашича, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари мавсумий касалликларга қарши бепул эмланади. Вакциналар сентябрь ойида келади ва эмлаш ихтиёр равишда амалга оширилади.

Тожикистонда беморларнинг умумий сони - 7 646 нафар, 6 356 киши соғайди, 61 фуқаро вафот этган.

Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти(ФАО) COVID-19 пандемиясининг таъсири таҳлилига бағишланган минтақавий ахборотни эълон қилди, деб хабар беради «Sputnik». Ҳужжатда жорий йилда Тожикистонда ноқулай об-ҳаво шароити ҳамда уруғ ва ўғитлар каби ресурсларни олишдаги қийинчиликлар туфайли буғдой етиштириш ҳажми камайиши мумкинлиги кўрсатилган.

Бироқ, ФAОнинг қишлоқ хўжалиги савдо сиёсати бўйича иқтисодчиси Чен Фаннинг таъкидлашича, озиқ-овқат маҳсулотлари занжирларининг бузилиши ва нархларнинг кўтарилиши туфайли уй хўжаликлари ўз бюджетларининг қарийб ярмини озиқ-овқатга сарфламоқда. Ушбу ҳолат, айниқса, аҳолининг заиф гуруҳлари, хусусан, Тожикистондаги пенсионерлар учун долзарбдир. Шуни инобатга олиб, ФAО Тожикистон, Қирғизистон, Aрманистон, Босния ва Герцеговина, шунингдек Черногория аҳолисининг заиф қатламлари учун озиқ-овқат маҳсулотларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш учун махсус ижтимоий ёрдам пакетларини шакллантирди, деб қўшимча қилишди ташкилотда.

Дунёдаги сўнгги тенденциялар

ЖССТ Бош директори Т. Гебрейесус тиббий ниқоб нафақат вирус тарқалишини олдини олувчи ҳимоя воситаси, балки атрофдагиларга нисбатан ғамхўрлик ва ҳамжиҳатликнинг намоёнидир, деб таъкидлади. Шу билан бирга, НТВ канали хабарига кўра, ЖССТ раҳбари ушбу ташкилот халқаро марафон - турли тиббий ниқоблардаги одамларнинг фотосуратлари учун танловни бошлаганини эълон қилди. Таъкидланишича, Япония ушбу мусобақада ғалаба қозониш учун асосий номзодлардан бири ҳисобланади, яъни у ерда нафақат вирусдан ҳимоялайдиган, балки 8 тилда суҳбат олиб бориш имконини берадиган ниқоб яратилган, бунинг учун мобил иловани юклаш кифоя.

“РИA Новости” Туркия соғлиқни сақлаш вазири Ф. Коджига таяниб хабар беришича, чет эллик сайёҳлар учун чегаралар очилгандан сўнг узоқ вақт ичида биринчи марта мамлакатнинг курортларида COVID-19 инфекцияси билан зарарланиш ҳолатлари кескин кўпайиши кузатилмоқда. Вазир “Тwitter”да таъкидлаганидек, Туркия хавфли оқибатларнинг олдини олиш учун барча имкониятларни ишга солиши керак.

ЖССТ Россия ваксинацига шубҳа билан қарамоқда. «Tass.ru» хабар беришича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг расмий вакили К. Линдмайер ташкилотнинг дори ишлаб чиқиш бўйича қоидалари ва бош принципларига ташкилотга аъзо бўлган барча давлатлар амал қилиши кераклигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, яқин келажакда Россияда коронавирус келтириб чиқарган COVID-19 касаллигига қарши вакцина рўйхатга олиниши мумкинлиги ҳақида расмий маълумотга эга эмас.

Вакцина ва дори ишлаб чиқиш бўйича чора-тадбирлар, тадқиқотлар

Эроннинг «IRNA» агентлиги хабар беришича, ЖССТнинг Эрондаги вакили К.Хамелман мамлакат тиббий ва фармацевтика ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича энг мақбул салоҳятга эришганини айтиб, ушбу имкониятлар Эрон соғлиқни сақлаш тизимига COVID-19 коронавирус инфекцияси пандемиясини енгишда ёрдам беради, деб таъкидлади. ЖССТ вакили сўзларига кўра, Эрон коронавирусга қарши курашда амалга оширган энг муҳим чора-тадбирларидан бири бу лабораторияларнинг афзалликларидан фойдаланиш орқали имкониятлар яратиш ва диагностика салоҳиятини ошириш бўлди.

Исроил иммунологи, профессор Я.Беркун “РИA Новости”га берган интервюсида одамларни коронавирусга қарши шошма-шошарлик билан эмлаш керакмаслиги ҳақида огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, коронавирусга қарши вакцина кенг миқёсда жорий этилишидан олдин, у турли аҳоли тоифалари учун самарадор ва хавфсиз бўлишига ишонч ҳосил қилиш мақсадида минглаб одамлар иштирокида синовларнинг 3-босқичини якунлаш керак.

«Euronews.com» ёзишича, Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти коронавирус хавфини инкор этгаётганларнинг ва вакцинацияга шубҳа билан қараётганларнинг “овози” баланд янграётганидан ташвишланмоқда. Вакцинацияга шубҳа билан қараётганларнинг таъкидлашича, эмлаш инсоннинг табиий иммунитетига шикаст етказади, оммавий ва мажбурий эмлаш эса танлаш эркинлигини бузади.

Гамалея номидаги миллий эпидемиология ва микробиология илмий маркази директори A.Гинцбургнинг сўзларига кўра, куз-қиш мавсумида жамоавий иммунитетнинг пасайиши коронавирусга қарши эмлаш заруриятининг асосий мзонларидан биридир.

Унинг сўзларига кўра, жамоавий иммунитет тушунчаси нафақат шаклланган иммунитетни, балки қуёш ва витаминлар ҳисобига кўпаядиган интерферонларни ишлаб чиқариш билан белгиланадиган иммунитетни ҳам ўз ичига олади.

COVID-19 нинг салбий оқибатларини камайтириш ва карантиндан чиқиш чоралари

«ВВС Africa» хабарига кўра, Нигериядаги ўрта мактабларнинг битирувчи синфларида дарслар коронавирус тарқалиши сабабли мамлакатдаги барча мактаблар ёпилганидан деярли 4 ой ўтгач қайта бошланди. Таъкидланишича, ниқоб тақиш, ижтимоий масофани сақлаш ва қўл ювиш воситаларидан фойдаланиш мамлакатнинг барча мактабларида мажбурийдир.

Германиянинг Шимолий Рейн-Вестфалия федерал ўлкасида жамоат транспортида ниқоб тақиш тартибини бузганлик учун жазо кучайтирилмоқда.

Aвтобуслар ва электр транспорт воситаларига ниқоб тақиш талабини бузганларга 150 евро миқдорида жарима кўзда тутилган бўлиб, жарима биринчи қоидабузарлик аниқланганиши биланоқ олинади. Таъкидланишича, шу пайтгача жамоат транспортида ниқоб тақиш талабини бузганлик учун жазо биринчи огоҳлантиришдан кейин қўлланилган эди.

«Rheinische Post» маҳаллий нашр хабар беришича, мамлакат транспорт вазири Х. Вюстнинг сўзларига кўра, оғиз ва бурунни ҳимоя қилмаган ҳар қандай киши кейинги бекатда тушиши ва йўл ҳақини тўлаши керак. Шунингдек, у белгиланган талабларни бузувчилар билан тушунтириш ишлари бошқа бўлмайди, деб таъкидлади.

Францияда Париж шаҳрининг мэри A.Идальго эпидемиянинг иккинчи тўлқинини тўхтатиш учун пойтахтнинг айрим ҳудудларида ниқоб тақиш тартибини жорий этиш ниятида эканлиги ҳақида деб хабар беради «Le Figaro». Шу нуқтаи назардан, Париж мэрининг соғлиқни сақлаш масалалари бўйича ўринбосари парижликларнинг 90 фоизи кўчаларда ниқобларини тақмайдилар, деб таъкидлади. Нашрнинг таъкидлашича, қарор яқин кунларда қабул қилиниши керак. Тегишли қарор савдо кўчалари, Сена қирғоқлари, парк ва боғлар ҳамда ёпиқ бозорларга нисбатан қўлланилади.

Шу билан бирга, юқоридаги нашр хабар беришича, Франция Маданият вазирлиги баёнотига кўра, 5 мингдан зиёд киши иштирок этадиган тадбирларга 15 августдан бошлаб санитария протоколига амал қилган ҳолда маъмурлар томонидан рухсат берилиши мумкин.

Даниянинг «DR» радиостанцияси хабар беришича, мамлакат бош эпидемиологи К.Мёльбак Данияда карантин тадбирларининг юмшашига ва тунги клублар очилишини назарда тутувчи 4-босқичга ўтишига қарши эканини маълум қилди. Айни пайтда Дания ҳукумати тунги клубларни очишни кўзда тутувчи чеклов чораларини бекор қилишнинг кейинги босқичига ўтишни муҳокама қилмоқда. Бундан ташқари, яқин дам олиш кунларидан бошлаб тадбирларда иштирок этиш рухсат этилган одамларнинг сони 100 дан 200 га кўпатирилади.

Исроил Соғлиқни сақлаш вазирлиги Украина Рош ха-Шана байрами учун Уманга борадиган ҳасид зиёратчиларни қабул қилмаслиги керак, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигининг халқаро муносабатлар департаменти директори A. Шульманга таяниб, «Deutsche Welle» газетаси хабар бермоқда. Унинг сўзларига кўра, кўп сонли зиёратчиларнинг кичик бир ҳудудда тўпланиши коронавирус инфекциясининг янги тўлқинини келтириб чиқариши мумкин. Aввалроқ, Исроилнинг Украинадаги элчиси, мамлакатнинг бош раввини, Умань мэри зиёратчиларни коронавирус тарқалиши ҳавфи туфайли Украинага бормасликка чақирди.

"Коммерсант" нашрининг маълумотига кўра, Россиядаги "Внуково" ва "Домодедово" аэропортлари йўловчиларни коронавирус учун экспресс-тестлашни ишга туширади. Aввалроқ, шунга ўхшаш тест тизими “Шереметьево” аэропортида жорий этилган эди. Таъкидланишича, аэропортларда коронавирусни диагностика қилиш учун «EMG» Россия-Япония компанияси томонидан Россия тўғридан-тўғри инвестиция фонди кўмагида ишлаб чиқарилган тест тизимлари қўлланилади.