Ханс Клюге: Ўзбекистон оғир дамларда бирдамликни намойиш этмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клуге ташкилот ва Ўзбекистоннинг COVID-19га қарши курашдаги қўшма ҳаракатлари, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммитида илгари сурган ташаббуслари, пандемия устидан ғалаба қозониш учун биргаликдаги интилишлар аҳамияти ҳақида “Дунё” АА мухбирига эксклюзив интервью берди.

– Ҳурматли Ўзбекистон аҳли, инсоният 100 кундан буён коронавирус инфекцияси билан курашмоқда. Бугунги кунда Европа минтақаси, АҚШ пандемия ўчоғига айланиб улгурди ва бизда ташвишланиш учун жиддий асослар сақланиб қолмоқда.

Афсуски, Европа давлатлари каби Марказий Осиёда, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам коронавирус аниқланиш ҳолатлари ўсишда давом этмоқда.

ЖССТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси барча миллий ташкилотлар ва муассасалар билан яқин ҳамкорликда ишламоқда. Хусусан, мамлакатингиз Соғлиқни сақлаш вазирлиги бизнинг асосий ҳамкоримиздир.

Дунёнинг деярли барча мамлакатлари каби Ўзбекистон учун ҳам лаборатория реактивлари, дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар ва шахсий ҳимоя воситалари, беморларга ғамхўрлик қиладиган тиббиёт ходимларига талаб бор. Ушбу эҳтиёжларни қондириш мақсадида ЖССТ Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимига ёрдам беришни давом эттиради.

Биз Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ёрдамни жалб қилиш ва бу борада ЖССТ ваколатини кенгайтириш бўйича таклифларини қўллаб-қувватлаймиз. COVID-19 пандемияси чегара билмайди, у дунёнинг барча мамлакатларини қамраб олди.

Оғир вазиятга қарамай, Ўзбекистон бирдамликни намойиш этмоқда. Хитой, Афғонистон, Эрон, Қирғизистон, Тожикистон, Венгрия, Беларусь, Россия, Озарбайжонга инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиб, уларни қўллаб-қувватлади. Ишончим комилки, улар буни миннатдорлик билан эслашади.

Ушбу оғир даврда Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг онлайн тарзда ташкил қилинган навбатдан ташқари саммитида фаол иштирок этди. Унинг фаолияти натижалари билан фахрланиш мумкин – Ўзбекистоннинг барча таклифлари ушбу форумнинг якуний ҳужжатида ўз аксини топди.

ЖССТ, ўз навбатида, Ўзбекистоннинг ушбу минтақавий ташкилот билан ҳамкорликни ўрнатиш таклифини юқори баҳолайди.

Келаётган ҳафталар ҳал қилувчи аҳамият касб этади ва Ўзбекистон томонидан кўрилаётган чоралар инфекцияни тўхтатишга имкон беришига умид қиламиз. Аммо бир зум бўлса-да, хотиржамликка берилишга ҳақимиз йўқ. Биз чекинмаслигимиз керак.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда ва дунёда пандемия ривожланишига қарши курашмоқда.

Айни пайтда COVID-19 тарқалишига чек қўйиш мақсадида аҳолини текширувдан ўтказиш учун беморларни яккалаш, уларни парвариш қилиш ва бемор билан мулоқотга киришган ҳар бир инсонни кузатиш учун комплекс стратегия талаб этилади. Шу билан бирга, тиббий ёрдамга муҳтож гуруҳлар учун тиббий хизматлардан тенг фойдаланиш имкониятини яратиш муҳимдир.

Бугунги кунда инфекцияга қарши курашда умумий ёндашув, жамоавий жавобгарлик ва бағрикенглик алоҳида аҳамиятга эга. Ахир, вирусни енгишда ҳеч кимнинг бепарво бўлишига ҳақи йўқ.

Асосий вазифалардан яна бири тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишдир. Зеро, тиббиёт ходимлари соғлиқни сақлаш тизимининг асоси бўлиб, улар кучи ҳар доим аҳамиятли.

Глобал пандемия ҳамма учун умумий хавфга айланди. Шунинг учун уни фақат биргаликдаги ҳаракатлар билан бартараф этиш мумкин.

Мен бу курашда ўзбек халқига ва барчамизга зафарлар тилаб қоламан. Ишончим комилки, биз муаммони биргаликда енга оламиз.

Манба