Ўзбекистонда ислом молияси

Барқарор тараққиёт мақсади (БТМ)га эришиш йўлидаги муқобил молиялаштириш модели сифатида ислом молиясини ривожлантириш Ўзбекистонда халқаро ва маҳаллий бозорнинг учта йирик вакилини бирлаштирди: Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Ислом тараққиёт банки ўзаро шартнома (Statement of Intent) имзоладилар. 

2020 йилнинг 16 июлида ушбу шартномани имзолаш жараёни онлайн-конференция шаклида якунланиб, тадбир давомида томонлар БТМни қўллаб-қувватлашини ва Ўзбекистон молия бозорини ривожлантиришдаги ҳамкорликларини яна бир карра тасдиқлашди. 

«Агентлик Ўзбекистонни барқарор ривожлантириш соҳасидаги миллий мақсадларга эришиш йўлидаги узилишларни бартараф этиш мақсадида БТМни қўллаб-қувватлаш ҳамда янги молиявий инструментлар, жумладан, суқуқ облигацияларини ишлаб чиқиш йўлидан собитқадамлик билан илдамлаб бормоқда», - дейди Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги директори Отабек Назиров. 

«Ўзбекистон дунёнинг бошқа давлатлари қатори пандемия сабабли оғир дамларни бошидан кечирмоқда. Шунга қарамай, Ўзбекистон ҳукумати иқтисодиётни қўллаб-қувватлаб, инқироздан чиқиш ва тикланиш бўйича узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқмоқда. Агентликнинг янги, муқобил молиялаштириш воситаларини ишлаб чиқишни тезлаштириш саъй-харакатларида айни истиқболли ёндашувни кўришимиз мумкин.  Ўзбекистонда “яшил” суқуқни жорий этиш бўйича қулай шароитларни яратиш чора-тадбирлари юқори баҳога сазовор, БМТТД бу йўналишда ҳамкорликка ва уни амалга оширишга тайёр», - дея хулоса қилди БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матилда Димовска битимни имзолашга бағишланган онлайн-тадбирда.

Ислом тараққиёт банкининг Мамлакатлар учун дастурлар бўйича вице-президенти жаноб Мансур Мухтар шундай деди: “Мамлакат тараққиёти йўлида молиялаштириш имкониятларини кенгайтириш борасидаги Ўзбекистон ташаббусларини қўллаб-қувватлашдан мамнунмиз”.

Ушбу келишув Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозори учун керакли пойдевор яратиш имконини беради. Ҳамкорлигимиз янги молиялаштириш инструментини жорий қилиш учун ҳуқуқий ва институционал база яратиш ҳамда келаси 2021 йилда ислом молиялаштириш инструментини  чиқариш йўлидаги навбатдаги қадамларни амалга оширишга кўмаклашади.

Манба