Ислом тараққиёт банки коронавирус пандемиясига қарши курашишда Ўзбекистонга кўмаклашади

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Ислом тараққиёт банки (ИТБ) Президенти Б.Ҳажар билан видеоконференция форматида коронавирус тарқалиши шароитида аҳолини самарали ҳимоя қилишни таъминлаш, касалланганларга ўз вақтида ташхис қўйиш ва даволашда  Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими имкониятларини мустаҳкамлаш ҳамда глобал пандемияни ижтимоий-иқтисодий ривожланишга бўлган таъсирини юмшатиш мақсадидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

ИТБ президенти Б.Ҳажар мамлакатда аҳоли саломатлиги ҳимоясини таъминлаш ва иқтисодий фаолликни сақлаб қолиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида қабул қилинаётган дадил ва кенг миқёсдаги чора-тадбирлар катта ҳурматга лойиқ деб таъкидлади.

Б.Ҳажар ИТБ “Стратегик тайёргарлик ва чоралар тўплами” (“тўплам”нинг умумий қиймати 2,3 млрд. АҚШ долларидан иборат) имкониятларидан фойдаланиб, Ўзбекистонга ҳар томонлама кўмак беришга тайёрлигини билдирди. Мазкур ресурс глобал пандемия шароитларида Банк аъзолари ҳисобланган мамлакатларга ёрдам кўрсатиш мақсадида тузилган.

У коронавирус билан курашиш мақсадида яратилаётган янги шифохоналар учун тиббий ускуналар ва буюмларни тезкор харид қилишни молиялаштиришга ИТБнинг Ўзбекистондаги жорий кредит портфелидан 17 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирганлигини таъкидлади.

Шунингдек Б.Ҳажар коронавирус билан касалланган беморлар учун қурилаётган янги шифохоналарни жиҳозлашга инфрутузилма лойиҳалари доирасида иқтисод қилинган 46 млн. АҚШ долларини қайта йўналтириш орқали Ўзбекистонга қўшимча ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

ИТБ президенти мазкур йўналишда Банк ўзининг шўъба институтлари бўлмиш Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси, Хусусий секторни ривожлантириш бўйича Ислом корпорацияси ва бошқаларнинг имкониятларидан фойдаланиб, кўмаклашишни кенгайтиришга тайёрлигини таъкидлади.

Видеоконференция якунларига кўра томонлар соғлиқни сақлаш тизими эҳтиёжлари ва  Ўзбекистондаги  кичик ва ўрта бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун ИТБ томонидан умумий қиймати 140 млн. доллардан ортиқроқ бўлган қўшимча молиялаштиришни жалб этиш бўйича ишлашга келишиб олдилар.

Манба