Корея Республикасидан инсонпарварлик ёрдами мамлакатимизга жўнатилди

Корея Республикасидан инсонпарварлик ёрдами мамлакатимизга жўнатилди

Коронавирус инфекциясига қарши кураш, шунингдек, COVID-19нинг мамлакатимизда тарқалишининг олдини олишга қаратилган халқаро ҳамкорлик доирасида Ўзбекистон Республикасининг Сеулдаги элчихонаси Корея Республикасидан инсонпарварлик ёрдамини жалб қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.
Умумий оғирлиги 34 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, Жанубий Кореянинг “Evergreen Motors”, “Hanshin E&C”, “Shindong Resources”, “BOMI E&C”, “GM Korea”, GM, “UNICO Logistics”, “Chung Hospital”, “Myung Sung Placon”, “Suwan TPL”, “Union Korea Pharm”, “Century”, “Infinity Co., Ltd.”, “LH”, “Hyundai Engineering” каби компаниялари ва Шинхан университети кўмагида шакллантирилди.

Бундан ташқари, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан ажратилган 250 минг доллар миқдоридаги маблағ эвазига “PCL Inc.” компаниясининг 20 минг дона ПЦР диагностика тест тизимлари харид қилинди.
Бугун қиймати 900 минг долларга яқин 6,2 тонна оғирликдаги юқори технологик тиббий ускуналар, автомат механизмли тиббий каравотлар ва ПЦР диагностика тест тизимлари “Uzbekistan Airways” авиакомпаниясининг махсус самолётида мамлакатимизга жўнатилди.
Умумий оғирлиги 27,6 тоннадан ортиқ бўлган гуманитар юкнинг қолган қисми навбатдаги юк чартер рейси билан юртимизга етказилади.
Корё университети профессори Юн Синг Жу ҳам COVID-19га қарши курашда халқаро эксперт сифатида ушбу рейс билан Тошкентга келади.
– Мамлакатингизда янги турдаги коронавирус тарқалишига қарши курашда ёрдам бериш ва ўзаро тажриба алмашиш учун таклиф қилинганимдан мамнунман, — деди у. — Ўзбекистонда COVID-19 пандемияси оқибатларини имкон қадар тезроқ бартараф этиш учун ҳар томонлама амалий чоралар кўрилмоқда. Жанубий Корея билан яқин ҳамкорликда ушбу йўналишда самарали ишлар олиб борилаётгани улкан самаралар бераётгани қувонарли. Ўз навбатида, ушбу жараёнга ўзимнинг муносиб ҳиссамни қўшиб, биргаликда Ўзбекистонда вирус тарқалишининг олдини олиш бўйича профилактик чораларни янада мустаҳкамлашга эришишимизга ишонаман.
29 мартдан 26 апрелгача мамлакатимизда янги турдаги коронавирус профилактикаси бўйича маслаҳатчи сифатида иштирок этган Корё университети профессори Чой Чже Ук ҳам Ўзбекистонда ушбу йўналишда олиб борилаётган мақсадли ишларга баҳо берди.
– Ўзбекистонда самарали фаолият юритишимни таъминлаш мақсадида яратилган шароит учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик билдираман, – дейди профессор Цой Чже Ук. – Ўзбекистонда бўлиб, бу ерда ҳукумат томонидан янги коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган тезкор ва кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига гувоҳи бўлдим. Бунинг натижасида мамлакатда коронавирусга чалинганлар умумий сонини 2 мингдан паст даражада сақлаб қолишга эришилмоқда. Дунёнинг бошқа мамлакатлари билан солиштирганда бу катта ижобий натижадир. Ўзбекистонда пандемияга қарши кураш ишларида бевосита қатнашиш имконига эга бўлганимдан хурсандман. Ўзбекистон халқига соғлиқ ва тез орада вирус билан боғлиқ қийинчиликларни енгиб ўтишини тилайман.

Манба