Қозоғистон Республикаси билан кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кейинги қадамлар белгиланди

Жорий йилнинг 2 ноябрь куни Қозоғистон Республикаси ҳукумати делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаковнинг Қозоғистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Р.Скляр билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт ва логистика соҳаларида кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда уни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Икки мамлакат ўртасидаги инвестициявий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини чуқурлаштириш бўйича ўзаро алоқаларнинг бориши атрофлича кўриб чиқилди - машинасозлик, агросаноат мажмуаси, чорвачилик, енгил, фармацевтика ва озиқ-овқат саноати соҳаларида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича қўшма инвестициявий лойиҳалари сонини кўпайтириш бўйича кейинги қадамлар белгилаб олинди.

Музокаралар кун тартиби доирасида икки томонлама савдо-сотиқнинг янада ўсишини таъминлаш, унинг таркибини диверсификация қилиш, шунингдек, иқтисодий ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларини, жумладан, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирларига алоҳида эътибор қаратилди. Икки давлат раҳбарлари томонидан савдо айланмасини 10 миллиард долларга етказиш бўйича қўйилган вазифани фақат икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идораларининг ўзаро савдо, божхона қоидалари ва стандартларини соддалаштириш ва мувофиқлаштириш, божхона ахборот тизимларини интеграциялаш, замонавий логистика марказлари қуриш, чегара пунктларини реконструкция қилиш ва замонавийлаштириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган мувофиқлаштирилган ишларни олиб бориш орқали амалга ошириш мумкинлиги қайд этилди.

Шу нуқтаи назардан, “Марказий Осиё” Халқаро савдо-иқтисодий ҳамкорлик марказини (ХСИҲМ) яратиш бўйича биргаликдаги амалий ишларни давом эттириш тўғрисида келишувга эришилди.

Шунингдек, товарларни узлуксиз етказиб бериш, транзит салоҳиятини ошириш ва ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари ва идоралари томонидан Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Режасини ("Йўл харитаси") ўз вақтида ва тўлиқ амалга ошириш учун зарур чоралар кўришга келишиб олинди.

Бундан ташқари, ушбу соҳада мавжуд масалаларни кўриб чиқиш ва ўзаро савдо ҳажмини ошириш, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича истиқболли таклифларни ишлаб чиқиш учун мунтазам равишда икки томонлама эксперт маслаҳатлашувлари ташкил этилади.

Шунингдек, томонлар Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми ва Ишбилармонлар кенгаши имкониятларидан фаол фойдаланиш ҳамда хусусий секторни икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга фаол жалб қилиш ҳақида фикр билдирдилар.

Транспорт коммуникацияларини ривожлантиришда стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашнинг устувор аҳамияти алоҳида таъкидланди. Ҳаво йўллари орқали ташишнинг қайта тикланиши ижобий баҳоланди. Ўзбекистон ва Қозоғистон йирик шаҳарлари ўртасида халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш, Туркистон – Шимкент – Тошкент тезюрар темир йўли ҳамда “Учқудуқ – Қизилўрда” транспорт йўлаги қурилиши муҳокама қилинди.

Музокаралар чоғида энергетика, таълим, соғлиқни сақлаш, фан, маданият ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Қайд этиш керакки, учрашув олдидан тегишли вазирлик ва идоралар, шунингдек, иккала мамлакатнинг бир қатор вилоятлар раҳбарларининг эксперт учрашуви ўтказилиб, унда ҳамкорлик лойиҳалари атрофлича таҳлил этилди ва уларни жадаллаштириш бўйича аниқ ҳаракатлар белгиланди.

Учрашув якунлари бўйича ҳар икки мамлакат Бош вазирларининг ўринбосарлари якуний баённома, шунингдек, саноат кооперацияси соҳасида 22та аниқ лойиҳаларни амалга оширишни таъминлашни назарда тутган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича амалий чора-тадбирлар Режасини (“Йўл харитаси”) қабул қилдилар. Шунингдек, ушбу “Йўл харитаси” янги инвестиция лойиҳаларининг ишлаб чиқилишига қараб, уларни ўз ичига олиш ҳисобига доимий равишда янгиланиб турилишига келишиб олинди.

Имзоланган ҳужжатлар ижросинининг мунтазам мониторингини олиб борадиган ва уларнинг тўлиқ ижросини таъминлаш юзасидан аниқ таклифлар киритадиган қўшма ишчи гуруҳини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.

Манба