Ўзбекистон-БМТ ҳамкорлигининг янги босқичи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Нарбаева ва БМТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари доимий координатори Ҳелена Фрейзер ўртасида онлайн видеомулоқот шаклида суҳбат бўлиб ўтди.

Видеомулоқот аввалида Ҳ.Фрейзер давлатимиз раҳбари томонидан короновирус пандемияси таҳдидларига қарши курашишга қаратилган қатъий ва самарали чораларни юқори баҳолади.

“Вазият кундан-кунга яхшиланаётганидан ва тузалаётганлар сони тобора ортиб бораётганидан хурсандман. Бу, албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг улкан хизматларининг амалий натижасидир”, деди у.

Суҳбат чоғида 2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Барқарор ривожланиш миллий мақсадлари бажарилишини мониторинг қилиш бўйича Парламент комиссиясининг биринчи йиғилиши ташкилий масалалари кўриб чиқилди. Хусусан, мазкур йиғилиш кун тартибига томонлар “Мамлакатда коронавирус пандемиясини юмшатиш бўйича ҳамкорлик ва Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири тўғрисида”ги мавзуси киритилиши юзасидан таклифлар баён этилди.

Шу билан бирга, БМТнинг 75 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасида тадбирлар ўтказилиши муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг ташаббуси билан “Менга ўз сўзингизни айтинг” шиори остида оддий аҳоли билан глобал мулоқотни ўтказиш таклиф этилган.  

Учрашув давомида Х.Фрейзер мамлакатда гендер тенглиги бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида эътироф этиб, Ўзбекистон-БМТ доирасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр эканлигини билдирди.

Манба