Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, Ташқи ишлар вазири Ван И телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат давомида ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш муҳимлигини қайд этди.
Келгусидаги олий ва юқори даражали тадбирлар жадвали, кун тартиби муҳокама қилинди.
Эпидемиологик вазият яхшиланиши билан ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларни, Ўзбекистон ва Хитой ўртасида ҳукуматлараро ҳамкорлик қўмитасининг ёндош кичик қўмиталари йиғилишларини ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар карантин чекловлари шароитида ўзаро шерикликнинг долзарб йўналишларини муҳокама қилиш учун янги ҳамкорлик шаклларини фаол ишга солиш зарурлигини таъкидлади. Коронавирус инфекцияси пандемияси салбий оқибатларини юмшатиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларга алоҳида аҳамият қаратилди.
ТИВ раҳбарлари, шунингдек Афғонистонда тинчлик келишувлари жараёнини изга солиш борасидаги ҳамкорлик механизмларини алоҳида кўриб чиқишди.
БМТ, ШҲТ ва бошқа халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик бўйича фикр алмашилди.