Тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси, Парламентлараро иттифоқ, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги идораси, БМТнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан ташкил этилди.
Видеоконференцияда хорижий иштирокчилар томонидан Ўзбекистон парламентининг карантин чораларига мувофиқ фаолиятини давом эттираётгани, қолаверса, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини илгари суришдаги ролининг изчил ўсаётганлиги қайд этилди. Умуман олганда, олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилгани таъкидланди.
Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонда коронавирус пандемияси даврида қабул қилинган аниқ чора-тадбирлар амалга оширилаётгани ва бунинг натижасида муваффақиятларга эришилаётгани алоҳида эътироф этилди.
– Ўзбекистоннинг БМТ, Парламентлараро иттифоқ билан тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлиги эътиборга моликдир, – дейди Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева. – Бугунги кунда мамлакатда суд ҳокимияти, сиёсий партиялар ва парламентнинг роли ўзгарганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ўзбекистон парламенти қонунчилик ишларини амалга ошириш билан бир қаторда, ҳаётий муҳим масалаларни амалга ошириш бўйича мониторинг функцияларини кучайтирди. Шу билан бирга, Гендер тенглик масалалари бўйича комиссия, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий комиссия, шунингдек, парламент юқори палатасида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси тузилди. Қолаверса, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, Бош прокуратура, ички ишлар, адлия ва ташқи ишлар вазирликларининг ҳисоботлари эшитилиши тизими йўлга қўйилган. Бинобарин, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” тамойилини амалда ишлашини таъминлашга эътибор қаратилмоқда. Шунинг учун ҳам халқ билан мулоқот ва жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб келинмоқда. Зотан, инсон ҳуқуқларини таъминлаш – бош мақсадимиздир.
Шунингдек, видеоконференцияда Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги роли, механизмлари бўйича БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгаши тавсияларини бажаришга доир ишларни давом эттириши борасида сўз юритилди.
Олдингиси
Биродар халққа ёрдам
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг биродар Беларусь халқига дўстона ёрдами икки мамлакат халқлари бирдамлиги, бирлигининг яна бир ифодаси бўлди.
11.06.2020