Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Л.Кудратов ва Россия Федерацияси Саноат ва савдо вазирининг ўринбосари В.Евтухов билан видеоконференция орқали музокаралар ўтказилди.
Музокаралар давомида томонлар инвестиция ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг кенг кўламли амалий масалаларини муҳокама қилдилар, шунингдек қўшма лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини, мавжуд саволлар ва уларни ҳал этиш механизмларини кўриб чиқдилар.
Устувор йўналишларда инвестиция ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш зарурлиги тўғрисида умумий позиция мавжудлиги белгилаб ўтилди.
Қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, тўқимачилик саноати, машинасозлик, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш бўйича ишлаб чиқилаётган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди. Қуёш панелларини ишлаб чиқариш, шунингдек Ўзбекистон саноатининг бир қатор тармоқларига рақамли технологияларни жорий этиш бўйича алоҳида лойиҳа таклифлари муҳокама қилинди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг икки мамлакат бозорларига чиқиши учун мавжуд савдо тўсиқларини ўзаро бартараф этиш орқали савдо ҳажмини оширишнинг истиқболли механизмлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар мавжуд келишувларни имплементация қилиш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари бўйича тизимли ҳамкорликни давом эттириш ва ривожлантиришга келишиб олдилар.