Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Ўзбекистон билан келгусидаги ҳамкорликка содиқ қолмоқда

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари С.Умурзаков Осиё инфратузилмавий инвестиция банки Президенти Ц.Лицюн билан Ўзбекистонда қўшма лойиҳаларни амалга оширишнинг жорий ҳолатини шунингдек, коронавирус пандемияси натижасида юзага келган глобал инқироз ҳодисаларининг Ўзбекистон иқтисодиётига салбий таъсирини юмшатиш мақсадларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

Мулоқот давомида, Ц.Лицюн Банкнинг Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизимини қўллаб-қувватлаш, хусусий сектор салоҳиятини ошириш ва республика ҳудудларида базавий инфратузилмани ривожлантириш бўйича лойиҳаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қатъий ниятларини айтиб ўтди. Жумладан, ОИИБ томонидан ОТБ билан биргаликда маъқулланиши режалаштирилган ва умумий суммаси 200 млн. АҚШ долларига тенг бўлган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими ва санитария-эпидемиология хизматини қўллаб-қувватлаш бўйича лойиҳа концепцияси ишлаб чиқилди.

Шунингдек, пандемия чекловлари шароитларида тадбиркорлик субъектларининг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш ва иш ўринларини сақлаш мақсадида Банк раҳбарияти республикамиз тижорат банкларига янги кредит линияларини ажратиш орқали қўшимча ресурсларни йўналтиришни режалаштирмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати номидан Банк раҳбариятига ОИИБ инвестиция Комитети томонидан ўтган ҳафтада қиймати 156 млн. АҚШ долларни (лойиҳанинг умумий суммаси - 1,3 млрд. АҚШ доллари) ташкил этадиган Бухоро вилояти автойўл инфратузилмасини модернизациялаш бўйича кенг кўламли лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида махсус кредит маъқуллангани учун миннатдорчилик билдирилди.

Шунингдек, Банк томонидан умумий суммаси 500 млн. АҚШ доллари атрофида бўлган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида автомобил йўллари, аҳоли пунктлари учун сув ва иссиқлик таъминоти тизимларини реконструкция қилиш бўйича илгари келишилган лойиҳалар учун узоқ муддатли имтиёзли кредитларни ажратиш бўйича маъқуллаш жараёни қисқа муддатларда якунланиши маълум қилинди.

Видеоконференция натижалари бўйича белгиланган йўналишлар доирасида яқин ва жадаллаштирилган ҳамкорлик қилиш тўғрисида келишувга эришилди.

Манба