Жума куни Ўзбекистон ва АҚШнинг хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги қўшма баёноти қабул қилинди.
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси маълумотига кўра, 30 октябрь куни АҚШ Давлат департаменти веб-саҳифасида чоп этилган мазкур ҳужжат БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2000 йил 31 октябрь куни тасдиқланган 1325-сонли резолюциясининг 20 йиллиги муносабати билан қабул қилинди.
Қўшма баёнот Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармонида белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида ҳамда АҚШ Давлат департаментининг хотин-қизлар глобал масалалари бўйича офиси билан ҳамкорликда тайёрланди. Офис Ўзбекистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашининг хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик масалаларига бағишланган 1325-сонли резолюциясини бажариш бўйича ҳаракатлар Миллий режасини ишлаб чиқишда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Қўшма баёнотда, жумладан:
- Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 1325-сонли резолюцияси қабул қилинганининг 20 йиллигини нишонлагани қайд этилган, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш мақсадида Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳаракатлар миллий режасини ишлаб чиқишдаги ҳамкорлик ривожланаётгани тасдиқланган;
- Америка Қўшма Штатлари ва фуқаролик жамияти қўллаб-қувватловида ушбу Режада Ўзбекистон ҳукумати томонидан хотин-қизлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга берилаётган аҳамият, шунингдек, аёлларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги иштироки фаоллашувига кўмак берилаётгани қайд этилиши таъкидланган;
- Америка Қўшма Штатлари учун Ўзбекистон халқи билан Хотин-қизлар, тинчлик ва хавфсизлик масалалари бўйича ҳаракатлар миллий режасини ишлаб чиқишда яқин ҳамкорлик қилиш катта шараф экани қайд этилган.
Қўшма баёнотнинг қабул қилиниши икки мамлакат ўртасидаги шерикликда яна бир ижобий қадам бўлди.
Ҳужжат АҚШ Ўзбекистон томонидан хотин-қизларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ролини ошириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганининг яққол далилидир.
Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонаси ва АҚШ Давлат департаментининг хотин-қизлар глобал масалалари бўйича офиси ўртасидаги яқин ҳамкорлик доирасида 23 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги делегация АҚШ Давлат департаменти томонидан виртуал форматда ташкил этилган гендер масалаларига бағишланган халқаро форумда иштирок этди. Анжуман якунида мамлакатимиз 31 та давлат қаторида АҚШнинг хотин-қизлар иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш бўйича амалий ҳаракатларни кучайтириш бўйича чақирувини имзолаб, унинг иштирокчиси бўлди.
Бундан ташқари, Давлат департементи офиси билан биргаликда Ўзбекистон, АҚШ ва Афғонистон етакчи тадбиркор аёллари иштирокида юқори даражадаги уч томонлама бизнес-форум ўтказиш устида иш олиб борилмоқда.