Ўзбекистон ва Тожикистон маданият вазирлари ҳамда илм-фан, таълим, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари вакиллари иштирокида “давра суҳбати” бўлиб ўтди

Тожикистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги бир гуруҳ зиёлилар қатор ижодий учрашувлар ўтказмоқда.

Тадбирлардан кўзланган асосий мақсад икки давлат халқлари ўртасидаги илм-фан, адабиёт, маданият ва санъат соҳасидаги дўстона алоқалар ва ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро тажриба алмашишдан иборатдир.

Тожикистон миллий кутубхонасида икки давлат маданият вазирлари Озодбек Назарбеков ва Зулфия Давлатзоданинг мулоқоти бўлиб ўтди. Унда икки давлат ўртасида имзоланган маданий гуманитар соҳадаги битим ўз якунига етганлигини инобатга олиб янги ҳужжат имзолаш таклифи муҳокама қилинди.

Шунингдек О.Назарбеков томонидан ҳар иккала давлатда сақланаётган ўзбек ва тожик халқлари тарихи, адабиёти ва маданиятига оид китобларнинг нусхаларини алмашиш таклифи илгари сурилди.

Учрашув чоғида биргаликда маданий тадбирлар ўтказиш, маданий мерос объектлари ва музейлар фаоолияти йўналишида ҳамкорлик қилиш, карантин тадбирлари бекор килиниши биланоқ Ўзбекистонда Тожикистон маданияти кунларини ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.

Икки мамлакат илм-фан, таълим, адабиёт, маданият ва санъат соҳалари вакиллари иштирокида “давра суҳбати” бўлиб ўтди. Анжуманда бу каби дўстона алоқаларни давом эттиришда Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарларининг ўзаро самимий дўстлик муносабатлари кенг йўл очиб берганини таъкидланди.

“Давра суҳбати”да сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Тожикистон маданияти кунлари ўзбек ва тожик халқларини янада яқинлаштиргани, нафақат маданият ва санъат, балки бошқа йўналишларда ҳам турли тадбирлар, саёҳат ва учрашувлар ташкил этиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, Тожикистон вакиллари томонидан Ўзбекистон санъат ва маданият институтида тожикистонлик ёшлар учун театр ва кино мутахассисликлари бўйича ўқув курслари ташкил этиш таклифи билдирилди.

Учрашувлар чоғида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбек ва тожик халқлари бир дарахтнинг икки шохи, бир дарёнинг икки ирмоғига ўхшайди. Бизнинг муқаддас динимиз, еримиз ва сувимиз бир. Қувончу ташвишларимиз, тақдиримиз муштарак. Аждодларимизнинг эзгу анъаналарини давом эттириб, халқларимиз дўстлигини мустаҳкамлашимиз ва асраб-авайлашимиз керак”, деган сўзлари мезбонлар томонидан бот-бот тилга олинди.

Манба