Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси томонидан видеоконференция ўтказилди

Жорий йил 15 июнь куни Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) томонидан “COVID-19 пандемияси даврида сув ва ер ресурсларини ҳимоя қилиш” мавзусига бағишланган видеоконференция бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Рисқул Сиддиқов иштирок этди.

Видеконференциянинг очилишида Озарбайжон Республикаси Милли Межлиси Соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси, ТуркПА Атроф-муҳит ва табиий ресурслар бўйича коммиссияси раиси А.Амирасланов, ТуркПА Бош котиби А.Мамаюсупов Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади. Хусусан, Оролбўйи минтақасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар, Оролни сақлаб қолиш ва ушбу ҳудудда экологик мувозанатни яхшилаш борасидаги ишларни алоҳида эътироф этди.

Шунингдек, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида сув хўжалиги тизимида илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, фундаментал ва амалий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш бўйича малакали кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилганлиги ҳам таъкидланди.

Видеоконференцияда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Р.Сиддиқов маъруза қилиб, коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда  сув ва ер ресурсларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берди.

Источник