Бугун “Ўзбeкистон-АҚШ-Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири ТИВга асосланиб.
Делегацияларга Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов, АҚШ Давлат котибининг Афғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Нааб раҳбарлик қилди.
Тадбир давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг ўрни, томонлар ўртасида сиёсий мулоқотни кучайтириш, инсон ҳуқуқлари, диний эркинлик ва одам савдоси йўналишидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Афғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди.
Томонлар Афғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидлади. Шу нуқтайи назардан 2018 йил март ойида Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси якунлари бўйича қабул қилинган Тошкент декларациясининг концептуал аҳамияти яна бир бор эътироф этилди.
Учрашув иштирокчилари афғонлараро музокараларнинг биринчи доирасини Доҳа шаҳрида (Қатар) ўтказиш тўғрисидаги қарорни мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Йиғилиш давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқди.