Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 6 май куни Эрон Ислом Республикаси Президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали мулоқот қилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбарлари муборак Рамазон ойи муносабати билан самимий қутловлар алмашиб, бир-бирлари ва дўст халқларимизга коронавируснинг глобал миқёсда тарқалиши билан боғлиқ бугунги мураккаб даврда сиҳат-саломатлик ва фаровонлик тиладилар.
Икки томонлама муносабатларнинг долзарб масалалари, шу жумладан савдо-иқтисодий ва транспорт-коммуникация соҳаларидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди.
Президентлар пандемиянинг савдо амалиётлари, иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган кооперация лойиҳалари, экспорт-импорт юкларининг транзит ташувлари учун салбий оқибатларини камайтириш мақсадида тегишли вазирлик ва идораларга видеоанжуманлар ўтказиб боришни давом эттиришни топширдилар.
Шунингдек, коронавирусга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ва яқиндан ҳамкорлик қилишга, жумладан, ушбу хавфли касалликни профилактика қилиш ва даволаш борасида, аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича биринчи галдаги чоралар бўйича ахборот ва тажриба алмашишга келишиб олинди.
Мулоқот чоғида халқаро ҳамкорликка оид қатор масалалар кўриб чиқилди.