ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг 4-йиғилиши бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков раҳбарлигида Жаҳон Савдо Ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиясининг 4-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича музокаралар олиб бориш гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг бўлажак 4-йиғилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ҳозирги кундаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳининг 4чи йиғилиши жорий йилнинг 7 июль куни "гибрид" шаклида ўтказилиши, яъни Женевадаги хорижий давлатларнинг дипломатик миссиялари делегациялари Ташкилот штаб-квартирасининг мажлислар залида, эксперт гуруҳлари эса, шу жумладан, Ўзбекистон делегацияси, видеоконференция орқали иштирок этишига келишиб олинди.

ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қайта тиклаш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш Стратегиясида белгилаб ўтилган ва кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашуви ҳисобига мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятини ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу муносабат билан ЖСТга аъзо бўлиш жараёни муҳим вазифа эканлиги ва мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бир қатор омилларига таъсир этувчи масалалар мажмуини тезкор ҳал этишни талаб қилиши алоҳида таъкидланди.

ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлаш бўйича музокаралар гуруҳи ва алоҳида мавзулар бўйича ишчи гуруҳлар ишининг самарадорлигини янада оширишнинг аҳамиятига эътибор қаратилди.

Йиғилиш натижасида Ишчи гуруҳининг 4-чи йиғилишини ва умуман музокаралар жараёнини самарали ташкил этиш ва музокаралар олиб борувчи гуруҳ аъзоларининг масъулиятини оширишга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди.

Манба