Туркия билан савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлиги масалалари муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков Туркия Республикаси вице-президенти Ф.Октай билан икки томонлама савдо-иқтисодий ва инвестиция ҳамкорлигининг жорий ҳолатини ва уни янада кенгайтириш бўйича долзарб йўналишларни муҳокама қилди.

Томонлар инвестицияларни жалб этиш, ташқи савдо айланмасини ошириш, транспорт ва ижтимоий - гуманитар соҳалардаги тизимли ҳамкорлик мавжудлигини мамнуният билан қайд этдилар.

Туркия томонига 50 та сунъий нафас олиш қурилмалари етказиб берилгани учун алоҳида миннатдорчилик билдирилди.

Музокаралар чоғида транспорт соҳасидаги ҳамкорликка катта эътибор қаратилди - транспорт йўлаклари сиғимини ошириш мамлакатлар ўртасидаги халқаро савдо-иқтисодий шерикликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Шу нуқтаи назардан Туркия ҳукуматининг чегара ўтиш жойларидаги транспорт тиқилинчининг олдини олиш борасидаги самарали ва мақсадли ишлари таъкидлаб ўтилди. Ўзбекистондан Туркияга Қозоғистон, Россия ва Грузия орқали кириб келаётган юклар учун йўлларда эркин ва тезкор ҳаракат қилиш муҳим аҳамият касб этади.

Маълумот учун: 2019 йилда икки мамлакат ўртасида юк ташиш ҳажми 1,2 млн тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 22% га ошган. Юк ташиш умумий ҳажмининг 85% автотранспортга тўғри келади.

Томонлар жорий йилнинг март ойидан бошлаб Боку-Тбилиси-Карс темир йўли орқали Ўзбекистондан Туркияга 8 блокли поезд жўнатилишини ижобий баҳоладилар. Бундан ташқари, ушбу йўналиш бўйлаб блок поездларини биргаликда йўлга қўйишни ташкил этиш ҳисобига ўзаро юк ташиш ҳажмини ошириш орқали ушбу йўналишдан фойдаланишни жадаллаштиришнинг истиқболли механизмлари муҳокама қилинди.

Туркия томонига шу йилнинг январь ойида Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Грузия темир йўл идоралари раҳбарлари томонидан Хитойдан Туркияга, кейин Европага ва орқага йўналган логистика йўлагини ривожлантириш мақсадида юк транзити учун тариф преференцияларини ўрнатиш тўғрисидаги Битим имзолангани ҳақида маълумот берилди. Туркия томони ушбу келишувда иштирок этишга таклиф қилинди.

“Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан Туркия Республикаси ҳукумати ўртасида халқаро комбинациялашган юк ташиш бўйича Битим” ратификация қилиш бўйича Туркия Республикаси ички тартибни тезлаштириш масалалари муҳокама этилди. Бу Битим катта ҳажмли ва оғир вазнли юкларни ташиш шартларини оптималлаштириш, комбинациялашган юк ташиш ҳажмларини ошириш учун зарур инфратузилмани ривожлантириш имконини беради.

Иккала мамлакатнинг тегишли экспертлари томонидан тизимли асосда иш олиб борилаётган Имтиёзли савдо тўғрисидаги Битимни қисқа муддатда имзолашдан манфаатдорлик билдирилди (музокараларнинг сўнгги, 5-раунди 13-14 май кунлари видеоконференция шаклида ўтказилди).

Шу билан бирга, томонлар Ўзбекистонда лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор туркиялик инвесторларни жалб этиш орқали ўзбек ва турк тўқимачилик компаниялари ўртасидаги бизнес алоқаларни мустаҳкамлаш йўллари бўйича фикр алмашдилар.

Шунингдек, инвестиция муҳитини яхшилаш, етакчи хорижий инвесторларни жалб қилиш, хуфёна иқтисодиётни бартараф этиш ва коррупцияга қарши курашда Туркия тажрибасини ўрганиш ва интеграция қилишнинг амалий механизмларини яратишни назарда тутган ҳолда институционал ҳамкорлик соҳасида биргаликда фаолият юритишнинг истиқболларини муҳокама қилдилар.

Музокаралар натижасида ўзаро ҳамкорликнинг муҳокама этилган йўналишлари доирасида қўшма ташаббусларни янада рағбатлантириш бўйича келишувга эришилди.

Манба