Туркиянинг саноат зоналарини бошқариш тажрибаси ўрганилди

Жорий йилнинг 27 июль куни Анқара шаҳрига амалга оширилган ташрифи давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари С.Умурзаков раҳбарлигидаги Ўзбекистон делегацияси “Анқара-1” бирлаштирилган саноат зонаси фаолияти билан танишди.

Маълумот учун: “Анқара-1” бирлаштирилган саноат зонаси (БСЗ) 1978 йилда Анқара шаҳри Саноат палатаси кўмагида ташкил этилган ва Туркиянинг энг ривожланган саноат зоналаридан бири ҳисобланади. Ҳудудининг майдони 1 минг гектарга яқин бўлиб, 35 мингдан ортиқ кишини иш билан таъминлайдиган 270 та саноат корхонасини ўз ичига олади. БСЗ таркибида металл прокати, мебель, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат ва кимё маҳсулотлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва ҳарбий-саноат мажмуасининг заводлари бор. Йиллик савдо айланмаси 6 млрд долларга баҳоланиб, экспорт ҳажми 2 млрд доллардан ошади.

Ташриф давомида саноат зонаси иштирокчиларини ҳар томонлама ва изчил тарзда зарур муҳандислик коммуникациялари ва ресурслари билан таъминлаш, шунингдек, БСЗнинг иштирокчи корхоналари ходимлари учун зарур ижтимоий-маиший инфратузилмани яратиш амалиётларидан иборат бўлган саноат зоналарини бошқариш бўйича илғор турк тажрибаси ўрганилди. “Анқара-1” БСЗ ҳудудидаги ҳар бир иштирокчи-корхонани газ, электр, сув таъминоти, канализация ва юқори тезликдаги Интернет тармоқларига улаш ташкил қилинган ҳамда тижорат банклари филиаллари, тиббий хизмат кўрсатиш маркази, почта, овқатланиш муассасалари, спорт майдончалари, конференция заллари, илғор таълим марказлари, атроф-муҳит назорати учун лабораториялар, вертолёт майдончалари ва уларга техник хизмат кўрсатиш учун зарур инфратузилма мавжуд.

Шунингдек, “Анқара-1” БСЗ маъмурияти билан Ўзбекистонда эркин иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш жараёнига саноат зоналарини бошқаришнинг замонавий амалиётларини жорий этишни назарда тутиб икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.

Манба