Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши Туризм вазирларининг V йиғилиши

Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши (ТТДҲК) Туризм вазирларининг V йиғилиши видеоконференция шаклида бўлиб ўтди.
Мазкур онлайн учрашувда ТТДҲК Бош котиби Багдад Амреев, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Эрсой, шунингдек, кенгаш таркибидаги бошқа мамлакатлар туризм соҳаси раҳбарлари қатнашди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2019 йил 14 сенябрь куни «Ўзбекистон Республикаси томонидан Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг тузилиши тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни имзолаган эди. 2019 йил 15 октябрь куни Озарбайжон Республикасининг Боку шаҳрида бўлиб ўтган ТТДҲК саммитида Ўзбекистон Республикаси тўлақонли аъзо сифатида қатнашди ва тадбирда давлатимиз раҳбари иштирок этди.

Видеоанжуман иштирокчилари туризм соҳасининг “COVID-19” пандемияси шароитидаги ҳолати, Кенгаш мамлакатларининг туризм секторини жонлантиришга доир тажрибаси, Турк кенгашига аъзо давлатлар ўртасида сайёҳлик алмашинувини тиклашга оид чора-тадбирлар ҳамда давлатларнинг сайёҳлик йўналишларини илгари суришга қаратилган турли лойиҳа ва ташаббусларни муҳокама қилишди.
ТТДҲК Бош котиби Ўзбекистон Республикаси раҳбариятига Ташкилотга аъзо давлатларнинг туристик шаҳарлари бўйлаб тайёр турпакетлар тизимини кўзда тутувчи “Замонавий Ипак йўли” лойиҳасидаги иштироки учун алоҳида миннатдорлик билдирди. Шунингдек, у мамлакатимизнинг бой тарихий маданий мероси ва улкан туристик салоҳиятини эътироф этиб, кўп томонлама туристик лойиҳаларни ривожлантиришга туртки беришига ишонч билдирди.
– Ўзбекистон ўзининг туризм соҳасидаги йўналишлари ва қадимий обидалари билан дунёга танилган, – деди Багдад Амреев. – Мамлакат бебаҳо тарихий меросга эга.

Азиз Абдуҳакимов иштирокчиларга Ўзбекистонда туризм соҳасини қўллаб-қувватловчи чора-тадбирлар ва дастурлар ҳақида сўзлаб берди. Президентимизнинг жорий йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва “Туризм соҳасини санитария-эпидемиологик хавфсизликнинг кучайтирилган режими талабларига қатъий риоя қилган ҳолда ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори моҳияти билан батафсил таништирди.
– Бугунги кунда эпидемиологик жиҳатдан барқарор давлатларнинг аксарияти билан парвозлар ва сайёҳлар қабулини тиклашга доир музокаралар бошланган, – деди А.Абдуҳакимов. – Хусусан, Япония, Корея Республикаси, Хитой ва Исроил давлатлари туристик бизнес вакиллари зарур ташкилий масалалар ишлаб чиқилган тақдирда, яқин ойларда ўз сайёҳларини Ўзбекистонга юборишга тайёр эканликларини билдиришди.
«Uzbekistan. Safe travel guaranteed» хавфсизлик тизими доирасида хорижий туристлар мамлакатимиз ҳудудидаги саёҳати давомида коронавирус юқтириб олган тақдирда, 3000 АҚШ доллари миқдорида компенсация тўланади. 

Уларнинг даволаниши қопланиши, қолаверса, ҳар бир олиб келинган хорижий сайёҳ учун маҳаллий туристик компанияларга 15 АҚШ доллари миқдорида субсидия берилиши ҳамда туризм соҳаси субъектлари томонидан олинган кредитлар фоиз тўловларининг субсидияланиши, асосий қарз тўлов муддати 1,5-2 йилга узайтирилиши, турли солиқ имтиёзлари берилиши ва шу каби бошқа ташаббуслар амалга оширилаётгани ҳам айтиб ўтилди.

Анжуман қатнашчилари эътиборига “ўз вақтида буюк аждодимиз Абу Али ибн Сино илмий асосланган “Фи тадбири ал-мусофирин” – “Саёҳатчилар учун тадбирлар” методик қўлланмасида хавфсиз саёҳатга оид тадбирлар, санитар-гигеник қоидалар ҳақида сўз юритгани ва шу тариқа карантин режими ҳамда санитария қоидаларига асос солгани" тўғрисидаги қимматли маълумотлар ҳам ҳавола этилди.
Тадбир иштирокчилари туризм соҳасини тезкор тиклашга доир чоралар ҳамда соҳани ривожлантиришда фойдаланилаётган янги жиҳозлар, хусусан, «Uzbekistan. Safe travel guaranteed» санитар-эпидемиологик хавфсизлик тизими ҳамда Андижон, Бухоро ва Урганч аэропортларида “Очиқ осмон” режимининг кенгайтирилиши, шунингдек, республика бўйича турли туристик зоналарнинг ривожланиш механизмларини юқори баҳолашди.

Бундан ташқари, Бош вазир ўринбосари туризмни рақамлаштиришни яхшилашга доир лойиҳани амалга ошириш зарурати ҳақида сўз юритди.
Шунингдек, Қўмита раҳбари 2020 йилда Хива шаҳри турк дунёсининг маданий пойтахти, деб эълон қилинганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтди.

Тадбир якунига кўра, Ўзбекистон Республикаси ташаббуси ҳамда конференция иштирокчиларининг қўллаб-қувватлаши билан ТТДҲК Туризм вазирларининг кейинги – VI йиғилишини 2021 йил Ўзбекистонда ўтказишга доир келишувга эришилди.

Манба